Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:50

Янгийўл ҳокими металлолом топширмаган фермерга ерини олиш билан таҳдид қилмоқда


Ўзбекистонда металлолом топшириш нафақат фермерларга, балки мактаб ўқувчиларига ҳам мажбурий қилиб қўйилган
Ўзбекистонда металлолом топшириш нафақат фермерларга, балки мактаб ўқувчиларига ҳам мажбурий қилиб қўйилган

Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокими Содиқ Абдуллаев металлолом топшириш режасини бажармаган ва ҳукумат газеталарига обуна бўлмаган фермерларни ерларини олиб қўйиш билан қўрқитмоқда. Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фермерларнинг айтишларича, ҳар уч фермерга бир тоннадан металлолом солиғи солинган.

Озодликка мурожаат қилган фермерлар, туман ҳокими Содиқ Абдуллаевнинг ўз мансаб ваколатини ошириб юбораётганидан арз қилди.

“Металлолом беришга фермерлар мажбурми ёки уни топиб бермаса бу унинг ери олинишига сабаб бўладими? Туман ҳокими темир-терсак топиб беролмаган фермерларга ерингни олиб қўяман деб таҳдид қилмоқда. Бундан ташқари ҳар бир фермер ҳукумат газеталарига обуна бўлишга мажбурланмоқда", деб ёзади фермерлар.

Исми сир қолишини сўраган янгийўллик фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, ҳар бир фермерга 330 килодан металлолом солиғи солинган:

- Ҳоким ҳар учта фермерга бир тонна темир солиғи солган. Шуни қилмасак, "ерингни олишга бир сабаб топаман, кўзимга ёмон кўриниб қоласан" деб, қўрқитиш йўлларини қиляпти. Ҳозир бизда фермерлар кўпайиб кетган. Ҳоким фермерларни ҳудудма ҳудуд ҳокимиятга йиғиб оладида, шу гапларни айтади. Ўзи бўлмаса, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи ёки фермерлар кенгаши раиси ҳокимнинг номидан айтади, деди фермер.

Унинг айтишича, уларга бу йил ҳисобидан иккинчи марта металлолом солиғи солинмоқда:

- Биз йил бошида металлолом топшириш режасини бажариб қўйгандик. Лекин Содиқ Абдуллаев август ойида Тошкент вилояти ҳокимлигидан урилиб, бизга ҳоким бўлиб тайинлангандан сўнг, "энди менга, янги ҳоким ҳисобига топширасизлар" деб, янги план қўйди. Лекин ўша темир-терсакнинг ўзи йўқ, дейди фермер.

Унинг айтишича, фермерлардан ҳар бири камида битта ҳукумат газетасига ёзилишга ҳам мажбурланмоқда.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир фермернинг айтишича, металлолом тополмаган фермерлар унинг ўрнига пул тўлаши шарт қилиб қўйилган:

"Металлолом топишнинг имкони йўқ. Бу ерда ҳамма нарсани пул билан ҳал қилса бўлади. Бизга айтишяптики, темир топшир ёки 100 минг сўм бер. Металл қабул қиладиган вторчерметга бориб юз минг сўм берсанг, сенга металл топширдинг деб қоғоз ёзиб беради. Ёки туман қишлоқ хўжалиги бўлими ва фермерлар кенгашидаги йигитларга ҳам юз минг сўм берсанг, сени металл топширди, деб ёзиб қўйишади. Туманда уч мингга яқин фермер бор. Бунча пул қаерга кетяпти, ким оляпти, ҳеч ким билмайди", деди фермер.

Янгийўл тумани ҳокимлиги иқтисод бўлимининг мутахассиси Абдурашид Каримов Озодлик билан суҳбатда фермерлар иддаоларини инкор қилди:

"Бизда фермерларга металлолом топшириш ва газеталарга обуна бўлиши мажбурий эмас. Бу ҳаммаси ихтиёрий. Фермер агар металлолом топширса унинг ҳақини олади, обуна бўлса ўзи ўқийди. Ҳокимнинг мажбурий темир топширсин ёки обуна бўлсин деган гапи йўқ", деди ҳокимлик мулозим Абдурашид Каримов.

Ўзбекистонда нафақат фермерлардан, балки ўқувчилардан ҳам металлолом, макулатура йиғиш ёки унинг ўрнига пул талаб қилиниши мунтазам давом этмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарорини бажариш масъулияти, асосан, фермерлар, мактаб-коллежлар ўқитувчию ўқувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокору ҳамширалари зиммасига юкланган.

Кейинги пайтларда ҳатто боғчаларга қатнайдиган болаларнинг ота-оналарига ҳам металлолом солиғи солинмоқда.

XS
SM
MD
LG