Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:18

Ўзбек чегарачилари ўзбекистонлик тадбиркорларни Ўшга чиқармади


Ўшда 17 ноябрда ўтказилган Фарғона савдо иқтисодий форумига Ўзбекистон ва Тожикистон тадбиркорлари келмади.
Ўшда 17 ноябрда ўтказилган Фарғона савдо иқтисодий форумига Ўзбекистон ва Тожикистон тадбиркорлари келмади.

Ўшда 17 ноябрда ўтказилган Фарғона савдо иқтисодий форумига Ўзбекистон ва Тожикистон тадбиркорлари келмади. Ташкилотчиларнинг билдиришларича, Ўзбекистон чегарачилари форумга келган ўзбек тадбиркорларини чегарадан Қирғизистон томонга ўтказмаган.

Фарғона савдо иқтисодий форумига Ўзбекистон ва тожикистонлик тадбиркорлар келиши ўзгача рухда кутилаётган эди. Бироқ Ўш шаҳрида уч мамлакат ўртасида тижорий муносабатлар муҳокамасига улар келмади.

Форум ташкилотчиларидан бири, “Ўш-ЖИА” бизнес ассоциацияси раиси Қанатбек Ақаев бунинг сабаблари номаълумлигини айтди:

- Ҳукумат ҳам Қирғизистон - Ўзбекистоннинг икки томонлама дўстлик муносабатларини ривожлантиришдан манфаатдор эди. Бунинг ортидан Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари ҳам тадбиркорлик йўналишида ҳамкорликни бошласак, деган умидда эдик. Уларга таклифномаларни юборганмиз. Бироқ ҳозирча номаълум сабабларга кўра, улар келишолмай қолди. Бироқ бу катта муаммо эмас. Худо хоҳласа бундай форумлар яна ўтказилади, - дейди Қанатбек Ақаев.

Қирғиз матбуоти тарқатган айрим хабарларга қараганда, тожикистонлик тадбиркорлар айрим ҳужжатлари етарли бўлмагани учун форумга келолмаган. Ўзбекистонлик тадбиркорларни эса ўзбек чегарачилари Қирғизистонга чегарадан ўтказамаган.

-Ўзбекистон тадбиркорлари қирғиз-ўзбек чегарасига қадар келишган. Бироқ “Дўстлик” чегара бекатида уларни Ўзбекистон чегара хизмати ўтказмай қўйгани маълум қилинди,- деб хабар берди Озодликнинг қирғиз хизмати.

Ҳолбуки, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов октябрь ойида Ўшга ташрифи чоғида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг тикланишига Тошкент катта эътибор қаратишини айтган эди:

- Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида йигирмадан ортиқ ҳукуматлараро, элликдан ортиқ идоралараро келишимлар бор. Бизнинг орамизда жуда катта иқтисодий потенциал фойдаланилмаяпти. Бир-биримизга маҳсулот айрибошлаш бўйича ҳам имкониятларимиз кенг. Худо хоҳласа шуларнинг барчасини йўлга қўйишни бошлаймиз, - деган эди Адҳам Икромов.

Форумда ҳозирда Қирғизистон суст бўлса ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон билан савдо алоқаларига эга экани қайд этилди.

Масалан, Ўшда ишлаб чиқарилаётган рангли телевизор ва кир ювиш машиналари ҳозир асосан Тожикистон ва Ўзбекистонга экспорт қилинаётгани, қўшни давлатлар Қирғизистондан, шунингдек, қоқи маҳсулотларни ҳам сотиб олаётгани айтилди.

Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши депутати Абдуваҳоб Нурбаев бу муносабатлар яна ҳам ривожланишига ишонишини айтади:

- Европа Иттифоқи Қирғизистонга демократик йўлда ривожланаётган давлат сифатида Европага 6 мингта маҳсулот турини бож тўловисиз олиб кириш ҳуқуқига эга бўлган мамлакат мақомини берган. Бу Ўзбекистон ва Тожикистон тадбиркорлари учун ҳам ўта манфаатли вазиятдир. Яъни улар Қирғизистонда ҳам ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиб, маҳсулотларини Европа бозорига олиб чиқиш имкониятига эга бўлишлари мумкин, - деди Абдуваҳоб Нурбаев.

Қирғизистоннинг 130 кишилик делегацияси 1 октябрь куни Тошкент таклифи билан Андижон шаҳрига борган эди. Бу сўнгги 20 йилда Қирғизистондан Ўзбекистонга биринчи марта ташриф қилган энг йирик делегация бўлди.

Андижонда ўтган учрашувда чегара олди ҳудудларининг ўзаро ҳамкорлиги масалаларига бағишланган меморандум имзоланган эди. Мазкур сафардан сўнг Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтишга қўйилган бир қатор чекловлар бекор қилинган эди.

26 октябрь куни эса Ўзбекистондан 140 кишилик делегация Ўшга ташриф буюрганди.

XS
SM
MD
LG