Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Ўзбекистондан ташқарида узоқ муддат юрсангиз, "қора рўйхат"га тушишингиз мумкин


Озодлик ўтказган суриштирув орқали бугунги кунда Ўзбекистонда диний экстремизм айблови билан қидирувга берилганлар сони камида 40000 бўлиши мумкинлиги аниқланди.

МХХ ва ИИВ томонидан тузилган “Қидирувдагилар рўйхат”идан хорижда узоқ вақтдан бери ўқиётган ва ишлаётганлар хавотирга тушмоқда. Суриштирув натижасида мазкур рўйхатга Сурия ва Ироқдаги жангариларга қўшилганлардан ташқари узоқ вақт Ўзбекистонга қайтмаганлар ҳам киритилгани аниқланди.

Қидирувдагилар таъкидича, бу рўйхатга тушган одам ушланган тақдирда қамалиши аниқ бўлиб, ҳеч қандай кўринишдаги авф унга қўлланмаслиги мумкин. Шахс ўзининг ушбу рўйхатга қўшилганидан мутлақо бехабар бўлиши, йиллар ўтиб Ўзбекистонга қайтган пайти ушланиши мумкин.

МХХ қидирувдагиларнинг қариндошларини хабардор қилган ҳолатда эса босим ва таҳдидлар бошланиши айтилаяпти. “Қора ниқоблилар” рейдлари, тергов бўлимларига саноқсиз чақирувлар, милиция бўлимларига ҳисоб беришлар - қидирувга берилганларнинг Ўзбекистондаги яқинлари бошдан ўтказаётган ҳолатларнинг бир қисми холос. ​

Владивостокдан Мисрга қочган ўзбек йигити

Бугунги кунда Мисрда яшаётган 33 яшар Шавкат (шартли исм-таҳр.) Озодлик билан суҳбатда ўзбек махсус хизматлари таъқибидан қочиб, 4 йил аввал Қоҳирага яширинганини айтди:

Қидирувдагилар рўйхатидаги Шавкат
Қидирувдагилар рўйхатидаги Шавкат

“Мен Владивостокда 12 йил яшадим. 2012 йилда мен ва укамга Ўзбекистон қидирув эълон қилди. Укам намоз ўқимасди. Уни Россияда ушлаб кетишди. Кейин Ўзбекистонга бериб юборишган. Укам диндор бўлмаса ҳам уни диний айблов билан 9 йилга қамашди. Танишларимдан яна икки болани олиб кетиб, қамашди. Кейин мен оилам билан Мисрга қочиб келдим”, дейди суҳбатдош.

Биз Шавкатни ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба томонидан Озодликка тақдим қилинган махсус ҳужжат ёрдамида топдик. Ушбу ҳужжатда Шавкат ва унинг 29 ҳамқишлоғи диний экстремизм айблови билан халқаро қидирувга берилгани қайд қилинган.

25 минг одам яшайдиган Шавкатнинг қишлоғи номини очиқламаймиз. Шунингдек, қўлимиздаги ҳужжатда қайд этилган шахсларнинг исм-фамилияларини ҳам ошкор қилмасликка қарор қилдик. Боиси жами 30 киши номи тиркалган бу ҳужжатнинг яна ўнлаб одам такдирига бевосита ва билвосита дахлдорлиги маълум бўлди.

Ҳужжат - “Қидирувда юрган ДЭО (диний экстремистик оқим- таҳр.) аъзоларини яқин қариндошларининг уяли телефон рақамлари рўйхати” деб номланган.

Кейинги икки йил давомида Ўзбекистонда ўтаётган ИШИД билан боғлиқ ўнлаб маҳкамалар фонида

Ягона орзуим шу дарбадарлик ниҳоясига етиб, эркин яшасам. Болаларим тарбияси билан шуғуллансам. Укам қамоқдан чиқса бўлди, менга бошқа нарса керак эмас

​ушбу ҳужжат илк қарашда “Сурия ва Ироққа қочган ўзбек ишидчилари” рўйхати бўлса керак, деган фикрни уйғотади.

Бироқ ушбу рўйхатдагилардан бири бўлган Шавкат ўзбек махсус хизматлари томонидан унга қўйилган диний экстремизм айбловини мутлақо инкор қилади:

“Мен намозхонман. Лекин ҳеч қандай оқимга аралашмаганман. Аслида диннинг ўз йўли бор. Шу йўлдан чиқсангиз адашасиз. ИШИДнинг ҳозир қилаётган ишларини қоралайман. Бу динга тўғри келадиган иш эмас. Жиҳодга қўшилишни эса ҳеч қачон ўйламаганман. 4 йилдан бери у ёқдан, бу ёқққа қочиб юрибмиз. Ягона орзуим шу дарбадарлик ниҳоясига етиб, эркин яшасам. Болаларим тарбияси билан шуғуллансам. Укам қамоқдан чиқса бўлди, менга бошқа нарса керак эмас”, дейди 4 йил аввал диний экстремизм айблови билан қидирувга берилган Шавкат.

Оилавий қидирувга берилганлар ҳам бор

Шавкат билан суҳбатдан кейин ҳужжатдаги бошқа шахслар ва уларнинг яқинлари билан ҳам боғланиб, асл манзарани ўрганишга ҳаракат қилдик.

Ҳужжатда 30 кишининг қариндошларига тегишли жами 53 та телефон рақами ёзилган бўлиб, Озодлик уларнинг барчасига бирма-бир сим қоқиб, рўйхатдаги 17 кишининг яқинлари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Суҳбатлардан маълум бўлишича, Шавкатдан ташқари қидирувга берилган унинг беш ҳамқишлоғи ҳам Мисрда яшаяпти. Бугунги кунда қидирувдаги яна унинг етти ҳамқишлоғи Туркияда, бир маҳалладоши эса Норвегияда экан. Уч ҳамқишлоғининг эса қаердалиги номаълум.

Шавкатнинг қидирувдаги ҳамқишлоқларидан тўрт нафари аёл, қолганлари эса эркаклар бўлиб, уларнинг ёши 26дан 46 ёшгача.

Телефон мулоқотларимиз орқали рўйхатдагилар орасида оилавий қидирувга берилганлар борлиги ҳам маълум бўлди: учта оиладан эр-хотин, икки оиладан учтадан ака-ука, яна битта оиладан икки ака-ука “диний эсктремистик оқим аъзоси” сифатида қидирувга берилган.

Рўйхатдагиларнинг қариндошлари ўз яқинлари энг узоғи билан 8 йил аввал, энг яқини эса 1 йил аввал қидирувга берилганини айтишди.

Владивостокдаги “ўзбеклар ови”

Шавкатдан ташқари яна унинг етти ҳамқишлоғи Россиянинг Владивосток шаҳрига ишлашга кетган пайти қидирувга берилгани маълум бўлди. Улардан тўрт нафари қидирув эълон қилинганидан сўнг Туркияга қочиб ўтган. Уч нафарининг эса қаердалиги яқинларига маълум эмас. Шавкат бошқа маҳалладошлари каби Владивостокка пул ишлаш мақсадида борганини айтади. Мактабни тугатгач, шифокор бўлиш орзусида Тиббиёт олийгоҳига ҳужжат топширган Шавкат контракт асосида ўқишга киради, бироқ тўлаш учун пул йўқлиги сабаб Россияда мардикорлик ортидан "бир-икки сўм" ишлаб, кейин ўқишни давом эттиришни режалаштиради.

“Россияга келиб қурилиш соҳасини мунтазам ўзлаштирдим. Шифокор бўлиш орзуимдан ҳам кечиб юбордим. Ўша ерда россиялик рус қизи билан танишиб турмуш қурдим. Фарзандларим бор”, дейди Шавкат.

Унинг айтишича, ҳаёти бир маромда кетаётган пайти, етти йилча аввал Владивостокда ишлаётган ўзбекистонликларни “овлаш” бошланган ва рус махсус хизматлари ёрдамида кўплаб ўзбеклар қамоққа тиқилган:

Владивостокда ишлаётган кўплаб ўзбекистонликларни Россия ушлаб бериб юборди. Кўпчилик Ўзбекистонга борган пайти ушланди. Танишларим орасида қамалиб, уже қамоқдан чиққанлари ҳам бор

“Владивостокда ишлаётган андижонлик ўзбеклар қандайдир оқимга аралашган. Ҳақиқатда ўша оқим билан бирга ишлашган. Улар Ўзбекистонга борган пайти ўша оқимга доир маълумот чиққан сумкасидан. Улар “Биз давлат тўнтариши қилмоқчи эдик” деб бўйнига олишган. Шундан кейин аввал водийлик ҳамма болаларни саралаш бошланди. Улар бошқаларга қарши гувоҳлик берган. Шу билан бошқа вилоятларни ҳам саралашга ўтишди. Владивостокда ишлаётган кўплаб ўзбекистонликларни Россия ушлаб бериб юборди. Кўпчилик Ўзбекистонга борган пайти ушланди. Танишларим орасида қамалиб, уже қамоқдан чиққанлари ҳам бор”, дейди 33 яшар суҳбатдош.

Ал-Азҳарда ўқиганлар таъқибда

Ўша воқеалардан сўнг Шавкат Мисрдан паноҳ топади. Унинг қидирувдаги беш ҳамқишлоғи эса Мисрдаги Ал-Азҳар университетида ўқишгани маълум бўлди.

Улардан бири 1977 йилда туғилган йигит бўлиб, у тўрт йил аввал қидирувга берилган. Буни унинг амакиси билан суҳбат давомида билдик:

“Мисрда ўқиб, кейин ўша ерда ишлашга қолди. Тўрт йилча аввал уйдагиларини чақиртириб, унинг қидирувга берилганини айтишди. Мени ҳам терговга чақиришди. Терговчилардан “Нимага

Уйига келиш нияти бор, лекин келса, қамалишдан қўрқаяпти

қидирувга бергансизлар”, деб сўрадим. Улар “Неча йилдан буён Ўзбекистонга келмаган, ҳужжатсиз юргани учун” дейишди. Жияним қидирувга берилганини эшитгач, Мисрдан Туркияга ўтди. Уйига келиш нияти бор, лекин келса, қамалишдан қўрқаяпти”, деди суҳбатдошимиз.

Мисрда ўқиган Шавкатнинг яна уч ҳамқишлоғи эса ҳозир ҳам ўша ерда яшаётганини аниқладик.

​Ички ишлар тизимида ишловчи манба Озодлик билан суҳбатда айнан “Араб баҳори”дан кейин диний айблов билан қидирувга берилган ўзбекистонликлар кўпайганини таъкидлади:

"Араб баҳори" деган бало чиққач, Араб мамлакатларига кетган барча ўзбекистонликлар бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳақиқатдан ҳам узоқ муддат Ўзбекистонга қайтмаганларга нисбатан қидирув эълон қилиш бўйича кўрсатма бор. Бу хавфсизлик масаласи, ўша одам бирор оқимга қўшилган бўлса, албатта унинг Ўзбекистон ичкарисидаги яқинларини назоратга олганимиз фойда бериши мумкин. Кейинги пайтда Россия ва Туркия жиҳодга кетувчилар учун транзит ҳудудга айлангани маълум. Шунинг учун ушбу мамлакатлардаги ўзбекистонликларга нисбатан бирор сигнал тушса, улар албатта назоратга олинади", деди исмини ошкор қилмаётганимиз ИИБ ходими.

Қидирувдагилар билан мххчилар мунтазам мулоқотда

Шавкат ва унинг ҳамқишлоқлари билан суҳбатлардан маълум бўлишича, қидирув рўйхатига киритилганлар ҳақиқатдан ҳам доимий назоратда бўлиб, айрим ҳолатларда МХХ ходимлари хорижга ҳам қўнғироқ қилиб, қидирувдагиларни тергаб туради.

Жумладан, Россиядан Мисрга қочиб ўтган Шавкат ҳам буни тасдиқлади:

“МХХ вакили менга чиқиб туради. “Қаердасиз, тинчмисиз, нималар қилаяпсиз?” деб сўрайди. Мен билан ҳар доим мулоқотда. 2 кун аввал ҳам ёзди Ватсап орқали”, дейди Шавкат.

Мирзиёев Каримовнинг диний экстремизм бўйича сиёсатини давом эттирмоқчи

Шавкат ва унинг 29 ҳамқишлоғи Ислом Каримов давридаги “диний экстремизмга қарши кураш” сиёсати натижасида қидирувдаги шахсларга айланган. Ҳуқуқ фаоллари фикрича, Каримовнинг ушбу сиёсати боис аксар бегуноҳ инсонлар диний айблов билан “қурбон” қилинди. Каримов ўлимидан сўнг бу борадаги сиёсат ўзгаришига умид қилаётганлар ҳафсаласини президентликка асосий даъвогар ҳисобланган Шавкат Мирзиёев пир қилди.

Бир пайтнинг ўзида президент вазифасини бажарувчи ва Бош вазир лавозимини эгаллаб турган Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурини очиқлар экан, диний экстремизмга қарши “кураш” бўйича Каримов сиёсати ўзгаришсиз қолишини таъкидлади:

“Биз муқаддас динимизни нотўғри талқин этаётган ва уни ниқоб қилиб, бизни орқага, ўрта асрлар ҳаётига қайтаришга уринаётган бузғунчи кучларга қарши кескин курашиб келдик ва бундан кейин ҳам қатъий кураш олиб борамиз” дея таъкидлаган Мирзиëев “мамлакат суверенитети ва мустақиллигига рахна солишга уринадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига қарши кескин зарба беришга қодир” эканлигини урғулади ўтган ойда.

Қидирувдагиларнинг Ўзбекистондаги оилалари босим остида яшамоқда

Мирзиёевнинг ушбу баёнотидан сўнг Ўзбекистон бўйлаб экстремистик ташкилотларга аъзоликда гумон қилинаётган ва хориждан узоқ вақт қайтмаганларнинг уйларига “қора ниқоблилар” рейдлари жадаллашди.

Мақоламиз қаҳрамони Шавкатга кўра, “қора ниқоблилар” тинтуви қидирувдагиларнинг Ўзбекистондаги уйларида мунтазам ўтказиб турилади:

​“Неча марта қора маскалилар уйга келиб тинтув қилган. Кўп азоб беришди. Шу азоблардан кейин онам давление бўлиб қолди. 3 марта бошидан операция бўлди. Отам осма укол олаяпти”, дейди Шавкат.

"Қора ниқоблилар" рейди пайти олинган сурат.
"Қора ниқоблилар" рейди пайти олинган сурат.

“Қора ниқоблилар” рейдлари ҳақида Шавкатнинг қидирувда бўлган ҳамқишлоқларининг Ўзбекистондаги яқинлари ҳам ҳасрат қилишди. Жумладан, 36 ва 31 ёшдаги икки ўғли қидирувда бўлган 55 яшар онахон ҳам ушбу рейдлардан безгани ҳақида гапирди:

“Милиция, омон келиб текширади. Ҳар байрам олди келиб текширишади. Бир тўда бўлиб келиб, одамни юрагини ёришади. Юзига маска кийгани, киймагани аралаш келади. Маҳалла-кўй олдида шарманда қилишади. Неча марта милицияга чақириб “ўғлингни топ” деб қийнашди. Отаси бу гап-сўзларни кўтара олмади. Чидай олмаганидан ичкиликка берилиб кетди. Шуни орқасидан касалга чалиниб, бу йил апрелда ўлиб кетди”, дейди онахон.

Яна бир суҳбатдошимиз, Шавкатнинг ҳамқишлоғи бўлган, икки йил аввал қидирувга берилган 29 яшар йигитнинг онаси ҳам “қора ниқоблилар”ни ёзғирди:

​“Август ойида Мустақиллик байрамидан аввал қора маскалилар яна бостириб келишди. Уйни тинтув қилишди. Шу тўполонлари натижасида давление бўлиб қолганман. Сахар(диабет- қанд касаллиги- таҳр)ҳам бўлдим. Куёвим даволанишим учун 900 доллар пул жўнатган эди. Қора маскали мххчилар шу пулни олиб кетди. Кейин мен райондаги МХХга бориб, пулимни қайтаришни сўрадим. Кейин вилоят МХХсига бордим. Лекин пул топилмади. Қайтиб беришмади. 900 доллар оз пул эмас. Даволанишим учун эди бу пул”, дея йиғлади онахон.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг бошқа бир ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг раиси “қора ниқоблилар” тадбирларини ёқлаб, буни мамлакат хавфсизлиги учун зарурлигини таъкидлади:

“Маҳалламизда иккита оила диний экстремизм бўйича доимий назоратда туради. Биринчи оиладаги бир болани Россиядан тутиб келишди. Сурияга жиҳодга кетишни режалаштирган экан. Иккинчи оилада эса ота-ўғил қидирувда. Улар Туркияда экани, ИШИДга қўшилмоқчи бўлгани ҳақида бизда маълумот бор. Булар ҳаммаси шу рейдлар натижасида аниқланган. Буларни назоратсиз ушлаш хавфсизлигимиз учун раҳна бўлади”, дейди исмини очиқламаётганимиз маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг раиси.

Ўзбекистон ҳукумати қўшни давлатлар, жумладан, Афғонистонда ИШИД фаоллашгани, Қирғизистон жанубида эса турли хил диний оқимлар мавжудлигидан хавфсираши айтилади. Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари Абдулазиз Мансур ўтган йили “Исломий давлат” гуруҳи сафида 200 ўзбекистонлик жанг қилаётгани тўғрисида маълумотлар борлигини билдирган эди. Суриядаги ўзбек жиҳодчилари эса жанггари ўзбекистонликлар сони анча кўплигини иддао қилади, бироқ бу борада аниқ рақам мавжуд эмас. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига кўра¸ сўнгги бир йил ичида ИШИДга алоқадорлик айби билан 200дан ошиқ одам ҳибсга олинган, уларнинг асосий қисми ИИВ рўйхатига тушган, кузатувида бўлган ва сўнгги ойларда хориждан қайтган диндорлардир. Айни пайтда халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда терроризм хавфи йўқлигини таъкидлаб келади. Куни кеча Сиднейдаги Иқтисодиёт ва тинчлик институти Global Terrorism Index 2016 ҳисоботида Ўзбекистонни яна террорчиликдан холи бўлган мамлакатлар қаторига киритди.

Қидирувдагилар сони қанча?

Ўзбекистон диний экстремизмга нисбатан жиддий “курашар” экан, бирор марта диний айблов билан қамалган ёки қидирувга берилганлар сонини очиқламаган.

"Қидувдагилар тахтаси". Битта вилоятда бир нечта бу каби "тахта" бор.
"Қидувдагилар тахтаси". Битта вилоятда бир нечта бу каби "тахта" бор.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, қидирувга берилган “диний экстремистик оқим аъзолари”нинг рўйхати мамлакатдаги ҳар-бир туман ва шаҳарда мавжуд. Ўзбекистон бўйича жами 119та шаҳар ва ўндан ортиқ шаҳарча ҳамда 171 та туман мавжуд (Тошкент шаҳридаги 11 та туман билан бирга). Демак мамлакат бўйича “диний эсктремистик оқим” аъзоларининг жами 300дан зиёд рўйхати борлигини тахмин қилиш мумкин.

Озодликка тақдим қилинган ҳужжатга кўра, 25 минг аҳолиси бор қишлоқда 30 киши “диний экстремистик оқим аъзолиги”да гумонланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси қарийб 32 миллионга етиб қолганини ҳисобга олсак, ушбу оқимга аъзоликда гумонланаётганлар сони мамлакат бўйича камида 40000 эканлигини тахмин қилиш мумкин.

Рўйхатга тушганидан бехабар қидирувдагилар

Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳати борки, ушбу рўйхатга киритилганидан шахснинг ўзи бехабар бўлиши ҳам мумкин. Буни Шавкатнинг ҳамқишлоқлари билан суҳбат давомида ўргандик. Унинг қидирувда бўлган ҳамқишлоқларидан икки нафарининг қариндошлари Озодлик билан суҳбатда яқинлари қидирувда эканлигидан бехабарликларини айтишди.

Қизим эри билан 4 йилдан бери Туркияда ишлаяпти. Болалари ҳам ёнида. Ҳеч қандай қидирувда эмас. Қаердан олдингиз бу гапни?

Жумладан, қидирувдагилар рўйхатида бўлган 30 яшар аёлнинг отаси билан телефон орқали боғланганимизда, у қизининг қидирувга берилганини эшитиб ҳайрон бўлди:

“Қизим эри билан 4 йилдан бери Туркияда ишлаяпти. Болалари ҳам ёнида. Ҳеч қандай қидирувда эмас. Қаердан олдингиз бу гапни? Қизим тез-тез телефон қилиб туради, гаплашиб турибмиз”, деди қизи қидирувдагилар рўйхатига киритилган 57 яшар эркак Озодлик билан суҳбатда.

Шавкат билан бир маҳаллада улғайган 31 яшар йигитнинг қариндошлари эса уни қидирувга берилганини тасодифан билиб қолишган:

“Укам 2006 йилда Норвегияга ўқишга кетганди. 3 йил олдин “Постда” газетасида укамнинг суратини кўриб қолдик. Тагига қидирувда эканини ёзишган экан. Ҳайрон бўлдик. Милиция бўлимидагилар бизга укамнинг нимага қидирувга берилганини умуман айтишмади. Ҳалигача ҳам билмаймиз. Укам у ерда яхши яшаяпти. Ишлаяпти. Норвегия тилини ўрганаяпти. Яшашидан норозилик томони йўқ”, деди укаси қидирувга берилган йигит.

Эри Владивостокдан қочиб, Туркияга яширинган 32 яшар йигитнинг рафиқаси эса паспорт бўлимига биометрик паспорт олиш учун борган пайти "қидирувдагилар тахтаси"да эрининг суратини кўриб қолганини айтади:

"Кейин мен эримга хабар қилдим. Бир ярим йилдан бери Туркияда яшириниб юрибди. Июлдан бери гаплашмадик. Соғинганимдан жаҳл қилгандим, уришиб қолдик", дейди 26 яшар келинчак.

“Ўзбекистонга узоқ келмаганлик” айблови

Суҳбатдошларимиз билан мулоқотлар давомида қидирувдагилар билан боғлиқ бошқа бир жиҳат ҳам ойдинлашди: Шавкатнинг аксар ҳамқишлоқлари Ўзбекистонга узоқ муддат давомида келмагани сабаб қидирувга берилган. Жумладан, 5 йил аввал ўғли Туркияга ишлашга кетган онахоннинг айтишича, икки йил аввал унинг ўғлини айни важ билан қидирувга беришган:

“Ўғлим хотини, болалари билан Туркияда яшаяпти. МХХдагилар “Ўғлинг Ўзбекистонга узоқ вақт давомида келмагани учун қидирувга берилди” деб айтишди менга”, дейди онахон Озодлик билан суҳбатда.

Онахон тилга олган “Узоқ вақт Ўзбекистонга келмаган”лик айблови Мисрда ўқиган Шавкатнинг тўртта ҳамқишлоғига ҳам қўйилган.

Шу ўринда узоқ вақт хорижда бўлиш жиноятми, деган ҳақли савол туғиладики, қонунларни титкилаб, бунақа кўринишдаги жиноят мавжуд эмаслигини аниқладик.

Ўзбекистон Жиноят процессуал кодексининг 365-моддасида қидирув эълон қилиш тартиби белгиланган бўлиб, айбланувчининг турган жойи номаълум бўлганда терговчи унинг турган жойини аниқлаш учун унга нисбатан қидирув эълон қилиши мумкин. Қонун ҳужжатларига кўра, терговчи фақат айбланувчи тариқасида тергов ишида иштирок этишга жалб қилиниши тўғрисида қарор чиқарилган шахсга нисбатан қидирув эълон қилишга ҳақлидир. Терговчи айбланувчи топилган тақдирда, суднинг ажрими билан эҳтиёт чораси сифатида уни қамоққа олиши мумкин.

Суръат Икромов диний айблов билан қидирувга берилганлар вазиятидан хабардор
Суръат Икромов диний айблов билан қидирувга берилганлар вазиятидан хабардор

С.Икромов: Диний экстремизм айблови Интерпол учун ўйлаб топилган

Диний айбловлар билан қидирувга берилган ва қамалганлар билан боғлиқ вазиятни кузатаётган Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов мавжуд жараённи тўхтатиш зарурлигини таъкидлайди:

- Охирги пайтларда қидирувга кўп бераяпти. Терроризмга қарши кураш бошқармаси ходимлари участка нозирлари олдига келадида, ўша участкада ким қаерга кетганини маҳалла раиси, посбон орқали билиб олади. Ўшаларнинг адреси, телефонини беришади. Уйдагилари айтишади, ўқишга кетганми, ишга кетганми. Лекин булар диний экстремизмга оид моддаларни қўяди. Шу моддани айтса, Интерпол бунга эътибор қилади. Уларда ҳеч қандай айблов йўқ, лекин уларни олиб келиш мақсадида ўша моддаларни қўллаб қидирувга беради. Бу ерда жуда савол кўпу, жавоби йўқ. Буни қараб чиқиш керак. Давлат буни тўхтатиши керак. Ўзбекистоннинг аввалги сиёсати, афсуски, ҳозир ҳам давом этаяпти. Диний айблов билан 13 мингдан кўп одам ўтирибди. Ўшаларнинг қанча судида қатнашган бўлсам, бирортасининг исботи бўлмаган ҳеч қачон. 15-20 йиллаб ўтирганлар нима учун қамалганини билишмайди ҳам,- дейди Суръат Икромов.

Амнистиядан умидсиз-умидвор Шавкат

Мақолани якунлаш арафасида оиласи билан Мисрда яшаётган Шавкат билан қайта боғландик. Шавкат “Қидирувдагилар рўйхати”га тушиб, Россиядан Ўзбекистонга олиб кетилган ва 3,3 йилдан бери қамоқда ўтирган 27 яшар укасининг янги Амнистияга тушиб, озодликка чиқишига ният қилаётганини айтди. Ҳикоямиз қаҳрамони Шавкат адаши -президентликка асосий даъвогар Шавкат Мирзиёевнинг марҳаматидан умидвор. Бу - амалга ошиши даргумон бир умид эканлигини Шавкат яширмайди.

Айни пайтда у “Қидирувдагилар рўйхати”дан қандай чиқиш мумкинлигини билмай Шавкатнинг боши қотган. Бу савол мазкур рўйхатга қандай тушганини билмаётган ўнлаб ўзбекистонликларни ҳам қийнаши аниқ. Хорижда узоқ йиллардан бери ўқиётган ёки ишлаётганлар эса ўзининг номи бу рўйхатда бор-йўқлигини қандай аниқлаш мумкинлигидан бехабар.

P.S Мақолани тугатган пайтим Хоразмдан онам қўнғироқ қилиб қолди: "Қизим сени соғиндик. Бугун Хоразмга охирги келиб, кетган кунинг туғилган жиянчангнинг туғилган кунини нишонлаяпмиз", деди. Ҳисоблаб кўрсам, Хоразмга бормаганимга роппа-роса 5 йил бўлибди. Балки Ўзбекистонга бормаганимга анча бўлгани учун мени ҳам "Қидирувдагилар рўйхати"га қўшиб қўйишгандир, деган фикр ўтди ҳаёлимдан. Эртага укаларимдан илтимос қиламан: Хоразмдаги милиция бўлимларига бориб, “Қидирувдагилар тахта”ларини бир кўздан кечиришсин...

XS
SM
MD
LG