Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:45

Осиё-Тинч океани Америка диққат марказида қолади


АҚШда ким президент бўлса ҳам Осиё-Тинч океани давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашда давом этиши керак. Обама маъмуриятининг позицияси шу.

Жанубий Корея ва Япония сингари азалий иттифоқчилар Американинг роли сусаймайди деган умидда.

Сайлов кампаниясида демократ номзод Ҳиллари Клинтон Осиё-Тинч океани билан ҳамкорлик устувор масала дея қайд этса, республикачи номзод Доналд Трамп ҳар бир мамлакат ўз аравасини ўзи тортиб, АҚШда нажот кутмаслиги керак дея эслатиб турди.

Яқин Шардаги нотинчликлар, "Исломий давлат" га қарши кураш, қочқинлар ва терроризм - Америка учун ташқи сиёсатда энг муҳим масалалар.

Лекин, дейди мутахассислар, дунё иқтисодиётининг 40 фоизи Осиё-Тинч океани ҳудудида экан, Вашингтон бу томонларга эътиборни оширишга мажбур.

Шимолий Корея ядровий қуролларини кўпайтириш пайида. Хитой эса Жанубий Хитой денгизида хўжайин эканини уқтириб келмоқда. Атрофдаги давлатлар хавотирда. Улар Америкадан ҳимоя кутмоқда.

Азалий ҳамкор Филиппин эса Вашингтондан узоқлашиб, Хитой билан ҳамкорликни кучайтирмоқда.

Барак Обама ва ундан олдинги президент Жорж Буш даврида Осиё-Тинч океани билан шериклик кенгайди.

Оқ уй янги савдо битими устида келишди ва у амалга ошади деган умидда. Янги президент бу келишувни четга сурмаслиги лозим, дейди сиёсатдонлар.

Клинтон ҳам, Трамп ҳам 12 давлат билан ишлаб чиқилган савдо битимига бирдек қарши. Клинтон фикрича, ҳужжатни қайта кўриб чиқиш керак. Трамп эса уни улоқтириш керак дейди.

Клинтон сайланса, Обама сиёсатини кўп жиҳатдан давом эттириши кутилмоқда. Сайлов кампанияси даврида айтилган сўзлар унутилиши мумкин.

Трамп фикрича, Жанибий Корея ва Япония текин мудофаадан умидини узиши керак.

Нега Америка уларни ўз чўнтагидан тўлаб, ҳимоя қилиши керак?

Обама маъмурияти назарида Трамп ташқи сиёсат ва Американинг глобал роли ва мажбуриятларини тушунмайди.

Трамп дейдики, АҚШ бошқа давлатларни текинга боқишни ва қўриқлашни бас қилиши керак. "Бизга нимадир бўлса, Япония нима қила олади"?- дея сўрайди у.

Мутахассислар эса республикачи номзоднинг иддаолари асоссиз дея, Япония ва бошқа давлатлар минтақавий хавфсизлик йўлида миллиардлаб доллар ажратишини эслатади.

Япония АҚШ ҳарбий кўмаги учун йилига 1,6 миллиард доллар берса, Жанубий Корея 1 миллиард доллар узатади.

Трампнинг маслаҳатчиси Питер Хокстра, собиқ конгрессмен, сўзларига кўра, АҚШ глобал лидер лекин бу халқ бутун дунё харажатини кўтаришга мажбур эмас.

"Ҳар бир долларимиз қаёққа ва нима учун сарфланаётганини текширишимиз керак. Халқимиз ишлаб топган пул бизга фойдаси тегмайдиган соҳалар ва томонларга кетишини тўхтатишимиз шарт",- дейди Хокстра.

Унинг фикрига қўшилмайидиган сиёсатдонлар таъбирича эса Вашингтон учун узоқ ва яқинда ишончли иттифоқчиларга эга бўлиш ниҳоятда муҳим ва бу қудрат белгисидир.

XS
SM
MD
LG