Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:40

Рустам Азимов: Ўзбекистон Хитой ва Россия сармоядорларига имтиёзлар беради


Бишкек саммитида Ўзбекистон делегациясига Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов раҳбарлик қилди.
Бишкек саммитида Ўзбекистон делегациясига Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов раҳбарлик қилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари раҳбарларининг Бишкек саммитида Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилган Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов расмий Тошкент биринчи президент Ислом Каримов белгилаб берган “Ўзбекистоннинг ўзига ҳос тараққиёт йўли”дан оғишмай боришини яна бир бор таъкидлади. Рустам Азимов Ўзбекистон раҳбарияти қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш тарафдори эканини айтиб, Тошкент Хитой ва Россия билан инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишдан умидвор эканини билдирди.

Бишкекда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари раҳбарлари саммитида Ўзбекистонни тамсил қилган Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов, дастлаб ўз мамлакати иқтисодиёт соҳасида эришган ютуқларни санаб ўтди.

Азимовга кўра, биринчи президент Ислом Каримов асос солган “тараққиётнинг ўзбекча модели” сиёсати оқилона олиб борилгани ортидан, бугунги кунда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасида аҳолининг 77 фоизи банд бўлмоқда.

Бош вазир ўринбосари жаҳон иқтисодиётида инқирозли вазият давом этаётган бир пайтда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 7,5 фоизга таъминланганини таъкидлади.

Шундан сўнг Рустам Азимов Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти қўшни давлатлар билан ўзаро иқтисодий муносабатларни ривожлантириш тарафдори эканини айтди:

-Ўзбекистон Хитой, Россия, яқин қўшниларимиз Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш учун реал қадамларни ташламоқда. Бу масалаларда янги имкониятларни ва барча томонлар қабул қиладиган ўзаро манфаатли йўлларни излаб топишга ҳаракат қилмоқда,-деди Рустам Азимов.

Бош вазир ўринбосари бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш ва автоматлаштириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилаётганини, бу эса катта сармоя талаб қилишини айтди. Рустам Азимов фикрича, бу соҳада Ўзбекистон Россия ва Хитойга таянади:

-Биз бу масалада ҳамкорларимиз, биринчи навбатда Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси билан тиғиз ҳамкорлик қилаяпмиз. Шу ўринда айтиб ўтишим лозимки, Ўзбекистонда бу соҳада сармоядорлар учун янги имкониятларни яратиш давом этмоқда, -деди рустам Азимов.

Унинг айтишича, муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 октябрда имзолаган қарорига мувофиқ Навоий ва Ангрен эркин иқтисодий ҳудудларида ишлаётган сармоядорларга солиқ ва бошқа тўловлардан имтиёзлар берилади. Бундан ташқари Қўқон, Ургут ва Ғиждувон эркин иқтисодий ҳудудлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Рустам Азимов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида иқтисодий ҳамокрлик масаласи заиф бўлиб қолаётганини танқид қилди.

-Ташкилотимизнинг заиф томонларидан бири молиявий қўллаб-қувватлашнинг кўп томонлама механизми йўқлиги ва ШҲТ доирасида сармоявий фаолликнинг йўқлиги бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон ШҲТ банки ташкил этилишини қўллаб –қувватлайди. Лекин бунинг учун мана бу принциплар амал қилиши керак. Биринчидан, мазкур банк мутлақо янги ва мустақил молиявий институт сифатида ташкил этилиши керак. Иккинчидан, банкнинг фаолияти фақат ташкилотга аъзо давлатларнинг иқтисодий тараққиёти ва структуравий ислоҳотларни ўтказишга мўлжалланган лоийҳаларни сармоялашга қаратилиши лозим. Учинчидан, банк асосий донор давлатлардан бирининг ҳудудида жойлатирилиши шарт, -деди Рустам Азимов.

Бишкекда ўтган ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари саммитида Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Бош вазирлари иштирок этди.

Қозоғистон Бош вазири Бакитжан Сагинтаев саммитда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида эркин иқтисодий ҳудуд ташкил этишни таклиф этди. Бу таклиф Хитой ҳукумати раҳбари Ли Кэцян томонидан қўлланди.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев эса Покистон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш арафасида эканини айтди. Ташкилотнинг 2017 йилда Россияда бўлиб ўтадиган президентлар саммитида Покистонни тўлақонли аъзоликка қабул қилиш кутилмоқда.

Бишкек саммитида ҳукумат раҳбарлари ШҲТ тараққиёт банкини ташкил этиш, илмий-техник ҳамкорлик, молиявий масалаларга оид 11та ҳужжат имзоланди.

2001 йилда ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо давлат ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG