Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:25

Украина яхлитлиги учун жанг қилган Шавкатга Киев қочқинлик бермаяпти


Шавкат Муҳаммад
Шавкат Муҳаммад

Украина Давлат миграция хизмати “Айдар” қўнгиллилар батальони сафида Донбассда сепаратчиларга қарши жанг қилган ўзбекистонлик Шавкат Муҳаммадга қочқинлик статусини бермади. Учинчи маротаба рад жавобини олган Шавкат Муҳаммад Украинадан чиқиб, Европа Иттифоқи ҳудудига кетишни режалаштираётганини маълум қилди. Украинадаги ҳуқуқ ҳимоячилари Шавкат Муҳаммад кабилар кўплигига эътибор қаратмоқда.

Донбассда Украина Қуролли Кучлари сафида туриб урушган 33 ёшли Шавкат Муҳаммад қочқинлик мақомини сўраб ёзган аризасига навбатдаги - учинчи рад жавобини жорий йилнинг 27 октябрида олди.

Facebookдаги саҳифасида Шавкат Украина Давлат Миграция хизматининг “қочқин ёки қўшимча ҳимояга муҳтож шахс сифатида тан олишга берилган рад жавоби”, деб номланган ҳужжатни чоп этди. Расмий ҳужжатда рад жавобини олган шахс “кўрсатилган муддатда Украинани тарк этиши керак”лиги уқтирилган.

Украина Миграция хизмати берган расмий жавоби
Украина Миграция хизмати берган расмий жавоби

Украина Давлат Миграция хизматида Озодлик сўровига жавоб берган матбуот хизмати бошлиғи Сергей Гунько Шавкат Муҳаммадга берилган рад жавобига асос борлигини тушунтиришга уринди:

- Унинг иши борасида мен бирор нарса гапиришга ҳаққим йўқ! Лекин, умумий вазиятга келсак, БМТ Конвенцияларида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишгина қочқинлик мақомини олишга имкон яратмаслиги белгиланган. Украина қонунчилигида “террорчиликка қарши амалиёт”ларда иштирок этган хорижликлар билан боғлиқ барча вазиятлар назоратга олинган. Унда Украина Қуролли Кучлари билан шартнома имзолаган чет элликлар 3 йилдан кейин фуқаролик олиши имкони яратилган, деди миграция расмийси.

Сергей Гунько ўзбекистонлик қочқин Шавкат Муҳаммад миграция идораси жавоби устидан шикоят қилиши мумкинлигини ҳам билдирди.

Шавкат Муҳаммад Фейсбукдаги саҳифасида Украинадан чиқиб, Ғарб мамлакатларидан биридан қочқинлик сўраш ниятида эканини маълум қилди.

Шавкат Муҳаммад Донбассда
Шавкат Муҳаммад Донбассда

Айни пайтда, Украина блогосферасида Шавкат ҳимоясига катта гуруҳ ташкил этилди. Роман Волков Украина ҳукуматининг айнан ўзбек қочқинлари масаласидаги позициясини танқид остига олди.

Ҳукуматимизда сиёсий қочқинлар масаласида Ўзбекистон билан жуда ғалати муносабатлар шаклланган. Ўзбекистон ватандошлари ҳатто Юшченко даврида депортация қилинган”, деб ёзди Роман Волков.

Яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси, ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Захаров Украина Миграция хизматининг рад жавоби аслида маҳаллий Хавфсизлик хизмати қарори эканини тахмин қилди. У ҳатто уруш вақтида Украина Россиядан қочган шахсларни Москвага қайтариб берганини эслатди.

Шавкат Муҳаммад ҳимоясига Раданинг бир неча депутати отлангани ҳам маълум бўлди. “Айдар” батальонини тузган “майдончи” Сергей Мельничук, таниқли депутатлар Николай Парасюк ва Игорь Лапинлар шулар қаторида. Озодлик бугунги кунда Шавкат Муҳаммад иши билан Харьков ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти шуғулланаётганини аниқлади.

Шавкатнинг яқин дўстларидан бири, “Айдар” батальонининг собиқ взвод бошлиғи Максим Козуб Озодликка парламент аъзоси Владимир Арьев ўзбек қочқини масаласида шахсан Украина Миграция хизмати бошлиғи Соколюк билан суҳбатлашганини билдирди.

- Украина Миграция хизмати қарори устидан ҳам маъмурий, ҳам бошқа юқори инстанцияларга арз қилинади. Шавкат иши билан Харьков ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти қизиқиб қолди. Улар Шавкатга адвокат тақдим этди. Жаноб Соколюк Рада депутатлари талаби билан Шавкат ишини шахсан ўрганиб чиқишини ваъда берди. Шавкат Украина ҳудудида бир қанча жамоатчилик ташкилотлари фаолиятида иштирок этиб келгани ҳам ҳисобга олинади. Бугун унинг ҳимоясига яна бир таниқли одам – Украина Қуролли Кучлари Бош штаби персонали бошқармаси бошлиғи генерал-майор Сергей Николаев қўшилди, деди Максим Козуб.

Суҳбатдош Шавкат вазиятида қолаётган бир қанча бошқа хорижлик борлигини қўшимча қилди. Максим Козуб Донбассдаги можаро вақтида Украина тарафида жанг қилган хориж ватандошлари билан аввалига ҳеч қандай шартнома имзоланмагани, шартнома тузиш Украина шарқидаги вазият бироз барқарорлаштирилганидан кейин бошланганини эслатди.

Озодлик Шавкат Муҳаммаднинг ўзи билан ҳам телефон орқали алоқага чиқди. Микрофонсиз суҳбатда ўзбекистонлик қочқин ўз ҳуқуқлари учун Украина Миграция хизмати билан курашни давом эттиришини билдирди. Вазият ўзгармаса у Ғарб мамлакатларидан бирида қочқинлик сўрашини айтди.

Асли жиззахлик Шавкат Муҳаммад 2014 йилда Киев майдони баррикадаларига кўнгилли тиббий ходим сифатида келган, ўша ерда яраланган.

Кейинроқ, 2014 йилнинг сентябрида, у Донбассдаги жанговар ҳаракатлар бўлаётган ҳудудларга инсонпарварлик юкларини етказишда иштирок этган. Бирмунча вақт Шавкат Муҳаммад “Айдар” батальони таркибида айирмачиларга қарши жанг қилгани тўғрисида Озодлик хабар берган.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Донбассдаги жангларда иштирок этиш учун мамлакатга келмоқчи бўлган фуқароларни бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги юзасидан огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG