Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:24

Қидирувда бўлган ўзбекистонлик қочқинлар уйларида тинтув ўтказилмоқда


Озодликка келиб тушаётган бир-биридан мустақил хабарлардан англанилишича, шу кунларда экстремистик ташкилотларга аъзоликда гумон қилинаётган, сиёсий мухолифат аъзоси бўлган ва хориждан узоқ вақт қайтмаган айрим қочқинларнинг Ўзбекистондаги уйларида “қора ниқоблилар” тинтувлар ўтказмоқда. Аксар ҳолларда милиция, прокуратура ва МХХ ходимлари улар яқинларига қочқинларни Ўзбекистонга қайтариш талабини қўймоқда.

Ўзбекистоннинг турли минтақаларидан Озодликка етиб келаëтган бир-биридан мустақил маълумотларга кўра¸ айни кунларда сиёсий фаолияти учун мамлакатни тарк этганлар ва диний сабабларга кўра қидирувга берилган муҳожиратдаги ўзбекистонликларнинг ватандаги уйларида тинтув ўтказилмоқда.

Озодликка Telegram тармоғи орқали исми сир қолиши шарти билан хабар юборган фарғоналикнинг ëзишича¸ шу кунларда Фарғона вилоятидаги “қора рўйхатдагилар” уйлари махсус сафарбар қилинган шахслар томонидан тинтув қилинмоқда.

“Ҳозир Фарғона вилояти қишлоқларидаги хонадонлар ҚАШҚАДАРЁ вилоятидан келтирилган гуруҳлар (улар орасида қишлоқ оқсоқоллари ҳам бор) томонидан фуқаро кийимида обдон тинтув қилинаяпти: "Ким яшайди бу уйда? Милтиқ борми? Чет элда кимингиз бор? Намоз ўқийсизми? Қайси масжидга борасиз?" каби саволлар берилаяпти. Ҳатто оғилхона, молхоналар текширмоқда. Сандиқларни очиб кўришаяти.. Бу нима дегани? Қашқадарёда ҳам шунақа тинтув ўтказиляптими?”, деб ёзди фарғоналик бу манба.

“Дадамни қамаб қўйишган”

Ўз уйларида айни шундай тинтувлар бўлаëтганини Озодлик суҳбатлашган айрим муҳожирлар ҳам тасдиқлади.

Хусусан¸ Туркияда қочқинликда юрган тошкентлик Ботирхўжа Ўзбекистон милицияси ва МХХси ўзини “Сурияга одам жўнатганликда” айблаб, қидирувга берганини айтади.

Расмийларнинг бу иддаоларини рад қилган Ботирхўжа¸ куни-кеча Чинозда қолган оила аъзолари хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан олиб кетилганини қўшимча қилди:

- Намоз ўқирдим. Жумага чиққанман. Кетганимдан кейин “Сурияга урушга кетди, шунга даъват билан шуғулланаяпти”, деган гап бўлган. Мен даъват қилмаганман, маҳалла болаларини намозга чақирганман, холос. Олдинги йил ноябрларда телефон қилишди, қайтишимни сўрашди.Мен уйга боришдан қўрқиб, Туркига келдим. Уч кун олдин уйимизга Миллий хавфсизликдан келишиб, дадамни, онамни, укамни олиб кетишибди. “Сиз орқага қайтинг, қайтмасангиз уйдагиларингизга босим ўтказамиз!”, дейишди. Чиноз тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ёрдамчиси экан. Ўзбекистонда “ИШИДга одам жўнатаяпти”, деган айб қўйилибди менга. Онамни қўйворишибди, лекин дадам ичкарида экан. Укам “Ака қайтинг, бизни қўйишмаяпти” деяпти, дейди Озодлик билан суҳбатда Ботирхўжа.

Ботирхўжа билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:23 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонда бошланган босим туфайли Россияда ўқиётган олийгоҳни ташлаб, Туркияга кетганини таъкидлаган Ботирхўжанинг айтишича, ўзи билан бирга Россияда ўқиган яна бир дўсти Ўзбекистонда айни жиноятда айбланмоқда ва 5 ойдан буён ҳибсда сақланмоқда.

“Маҳаллага шарманда бўлдик”

Россияда оиласи билан қочқинликда юрган Ҳавасбек Андижонда қолган ота-онасининг уйини қуролланган “қора ниқобли”лар босганини айтади:

- Эрталаб уйимизга 15т ача камуфляж кийган одамлар бостириб келибди-да, бирор сабабсиз ота-онамнинг уйини тинтув қилибди. У уйдан мен 2001 йилда чиқиб кетганман. Ота-онамдан алоҳида 10 йил, Москвада яна 5 йил яшадим. Oта-онамни бориб безовта қилишган. Ҳеч нарса топиша олмабди, укамни қиммат телефонини олиб кетиб, текшириб қайтаришибди. “Сени деб бизларни тинтув қилди. Шарманда бўлдик”, деганига маҳаллада xижолат бўлишибди. Уйдагилар ҳеч нарса айтмаяпти, охирги пайт айтишмаяпти. “Ҳаммаси зўр, ҳаммаси яхши!”, деб ўтиришаверади. Бошқалардан эшитиб қолаяпман, дейди Oзодлик билан суҳбатда Ҳавасбек.

У Андижон вилоятининг Избоскан туманида “қора рўйхат”да бўлган ҳамма қочқинлар уйларида тинтув бўлгани, улар яқинларига тазйиқлар бўлаётгани тўғрисида хабар топганини қўшимча қилди.

Бу суҳбатдош иддаосича¸ Андижон шаҳрининг “Акромийлар” ҳудуди саналган Боғишамол мавзесида ҳам қочқинлар уйларида тинтувлар ўтказилган.

Ҳавасбек билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:20 0:00
Бевосита линк

Бундан олдинроқ Озодлик Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги аҳоли уйларида тинтув ўтказган “қора маскали”лар тўрт кишини ҳибсга олгани тўғрисида хабар берган эди.

Избоскан тумани ҳуқуқ-тартибот тизимида ишловчи Озодлик манбасига кўра, ҳибсга олинганлар диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Бундан уч ҳафтача аввал Норвегиядан бошпана топган адижонлик қочқинлардан бири, журналист Улуғбек Бакиров Facebookдаги саҳифасида онасининг уйига ҳам қора маскалилар бостириб киргани ҳақида ёзган эди:

Бугун, 9 октябрь, якшанба куни Ўзбекистон вақти билан эрталаб соат 9-9.30 ларда мени онам ва синглим яшайдиган Андижондаги уйимизни Тошкентдан келган орган текширувчилари ва қуролланган маскалилар тинтув қилишган. Бу ҳақда онам билан телефон орқали гаплашганимда маълум бўлди. Нима қидиришган билмаймиз. Ҳеч нарса топишолмаган... Нафақадаги онамнинг соғлиғи кескин ёмонлашган...”, деб ёзган эди Улуғбек Бакиров.

“Тинтувдан кейин онамнинг соғлиги ёмонлашди”

Бухоролик Абдусами Раҳмонов қарийб 7 йилдан буён қочқинликда яшайди.

Аввал Россия, кейин Чехиядан паноҳ топган бу муҳожир охирги бир ҳафта ичида Бухородаги уйига икки маротаба текширувчилар келганини айтади:

- 26 октябрь куни пешингача уйга келишибди. Қуролланган одамлар кириб, тинтув ўтказишибди. 15тача одам, МВДдан эканини айтишибди. “Абдусами Раҳмонов қаерда? Уни топиб беринглар”, деб кетишибди. Бугун саҳардан яна вилоят прокуратурасидан келишибди. Яна тинтувга. Яна қулфларни синдириб киришибди. Подвал, томларни текширишган. Қўшниларни қўрқитишган – бугунги сафар автоматсиз. “Абдусами керак бизга”, дейишибди. Мен Чехияда қочқинлик мақомини олганман, Карлов университетида дарс бераяпман, Халқаро Амнистия ташкилоти аъзосиман. Улар “Абдусамини топиб бермасангизлар чатоқ бўлади, аҳволингиз ёмон бўлади”, деб уйдагиларни қўрқитишибди. Қамоқда 6 йил ўтирган ногирон укам Ҳумоюнжонга яна 3 йилу 10 кун қўшиб беришибди. Энг қўрқинчли томони – бу тинтувлардан кейин онам тура олмайдиган бўлиб қолибдилар, касал бўлиб ётиб қолибдилар, дейди Абдусами Раҳмонов.

Бу суҳбатдош тинтувга келганлар иккита Қуръон китоби, мадрасада ўқиган укасининг ўқув дарсликлари ва ёзувлари, Қуръон ёзилган аудиокассеталарни ҳамда араб тилидаги барча дафтар-брошюраларни мусодара қилиб кетишганини қўшимча қилди.

Абдусами Раҳмонов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:43 0:00
Бевосита линк

Вазиятни кузатиб бораётган Озодлик ҳозирча бу текширувларнинг кўлами ва сабаб-моҳияти борасида таҳририятга келган хабарлардан бошқа маълумотга эга эмас.

Жорий ойда Бош вазир ва муваққат президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан Сенат амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди. Аммо мазкур амнистия асосида диний-сиёсий айбловлар билан қамалганларнинг озод этилиш-этилмаслиги ёки қидирувда бўлганларнинг авф этилиш-этилмаслиги борасида ҳозирча маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG