Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:13

Қирғизистонда яна бир баптист аёл жасади мусулмонлар қабристонига қўйилмади


Суратда: Марҳум уйи ўнгида қурилган ўтов
Суратда: Марҳум уйи ўнгида қурилган ўтов

Қирғизистон шимолидаги Иссиқкўл вилоятида маҳаллий аҳоли 21 октябрда вафот этган баптист аёлни мусулмонлар қабристонига кўмилишига қарши чиқди. Натижада, маҳаллий ҳокимият 57 ёшли аёл яқинларига эски қабристондан беш юз метр узоқликдан ер ажратиб берди. Ўтган ҳафта Қирғизистон жанубидаги Олабуқа туманида ҳам маҳаллий аҳоли қаршилиги туфайли насронийликни қабул қилган бир аёл уч марта кўмилган эди.

Иссиқ кўл вилоятининг Теплоключенка қишлоғи аҳолиси 21 октябр куни вафот этган 57 ёшли аёлни мусулмонлар қабристонига кўмилишига қаршилик кўрсатди.

Улар марҳум Бурулуш Мамбетованинг яқинларига аёл насронийликнинг баптист оқимига ўтгани учун мусулмонлар қабристонига кўмилмаслигини айтганлар.

Жасадни кўмишга ер ажратиш бўйича марҳум яқинлари ва имомлар ўртасидаги музокарада маҳаллий ҳокимят вакиллари қатнашмагани сабабли жасад кўмилмади.

Бурулуш Мамбетованинг синглиси Қалбубу Сидиқбекованинг айтишича, қишлоқ имоми унга агар жасадни кўмгани жой берилса, аҳоли орасида норозилик чиқиб кетиши мумкинлигини айтган:

- Опам вафот этгач имомга борсам, "динини сотиб кетганларга мусулмонлар қабристонидан жой бермаймиз", деди. Сабабини сўрасам, "у Худонинг ери" деган жавоб қайтарди. Ўша ердан жой берса, халқ норози бўлиб тушунмовчилик чиқиб кетишини айтди,- дейди Қалбубу Сидиқбекова.

Туман имоми Асантур Абраҳманов марҳум баптист бўлгани тўғрисидаги унга маълумот боргани ва аёлни яқиндан таниган аҳоли мусулмонлар жой берилмайди, деб норозилик билдирганини айтди:

- Исломда қабр азоби, дегани бор. Одамлар “иймонли ота-онам ётган қабристонга бошқа динда бўлган одамнинг ётиши тўғри эмас”, дейди. “Ота-онамга ҳам қабр азоби тегмасин”, деган халқ жума намозида руҳий жиҳатдан ўзини тайёрлаб олди. Кеча жума намози бўлди. Халқ ўша саволни берди ва бу ўйланадиган масалага айланди, - дейди Ақсу тумани имоми Асантур Абраҳманов.

Унга кўра, мазкур масала кўтарилгач, қозият билан маслаҳатлашилган ва марҳум мусулмонлар қабистонига қўйилмаслиги маълум бўлган.

22 октябрь куни маҳаллий ҳокимят, туман имоми ва марҳум яқинлари музокара ўтказиб, эски қабристондан бир қанча йироқ бўлган жасадни кўмишга ер ажратилди.

- Эрталабки маслаҳатлашувда марҳумни кўмиш учун Теплоключенка қишлоғи шимолидаги эски қабристондан беш юз метр олисроқдан ер берилади деган қарорга келдик,- дейди туман раҳбари ўринбосари Элчибек Жантаев.

Марҳумни кўмиш билан боғлиқ тортишувлар оқибатида 21 октябрда вафот этган Бурулуш Мамбетованинг жасади 23 октябрда ерга берилди.

Бу Қирғизистонда сўнгги икки ҳафтада насронийликнинг баптист оқимидан бўлган одам жасадини кўмиш муаммоси билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир.

18 октябр куни Қирғизистон жанубидаги Олабуқа туманида насронийликнинг баптист оқимига ўтиб кетгани айтилаётган 78 ёшли Қанигул Сатибалдиеванинг жасади уч марта қайта дафн этилди.

13 октябрда вафот этган Қанигул Сатибалдиева маҳаллий аҳолининг кескин норозилиги сабаб икки марта - аввал мусулмонлар қабристонига, кейин эса православ насронийлар қабристонига кўмилди.

Олабуқа тумани ҳокимияти жасад учинчи гал қайси қабристонга кўмилганини жамоатчиликдан сир тутмоқда.

Олабуқа туман ҳокимияти вазиятни издан чиқармаслик мақсадида марҳуманинг қайси жойга кўмилганини одамларга эълон қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилинганини билдирди.

Қирғизистонда бошқа динга ўтганларни хўрлаган, вафот этгач, кўмишга ер бермаган воқеалар вақти-вақти билан кузатиб турилади.

Қирғизистонда баптистлар фаолияти 1907-1908-йиллари немис миллатидаги оилалардан бошланган. Ҳозирда уларнинг уч минга яқин аъзоси ва 50 ибодатхонаси бор.

Қирғизистонда Дин ишлари бўйича давлат комиссиясига кўра, рўйхатидан ўтиб, расман фаолият олиб бораётган 2800 диний ташкилот бор.

Унинг икки мингдан ортиғи мусулмон ташкилотлари ва масжидлари бўлса, қолгани насроний ва бошқа динларга тегишлидир.

XS
SM
MD
LG