Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:38

Ўзбекистон мева-сабзавот экспортини 40 фоизга оширди


Марғилон бозоридаги сабзавот
Марғилон бозоридаги сабзавот

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ва Статистика бўйича давлат қўмитаси қўшма ҳисоботига кўра, 2016 йилнинг дастлабки тўққиз ойи ичида ўтган йилнинг айнан шу даврига нисбатан янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт ҳажми 40 фоизга ўсди. Ўзбекистондан хорижга мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ярим миллион тоннадан ошди. Бу даражада ўсишнинг таъсири ўзбек деҳқонлари даромадига таъсир қилдими?

Ўзбекистонда бир йилда икки марта ярмарка ўтказилади

Ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажми охирги 9 ой давомида ўтган 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 40,4 фоизли ўсишни кўрсатди ва 543 минг тоннадан ошди.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ва Статистика бўйича давлат қўмитаси қўшма ҳисоботида айтилишича, шу йил бошидан буён “экспорт фаолиятига яна 835 корхона жалб этилди, 246 турдаги янги маҳсулот экспорти йўлга қўйилди”.

Иқтисодиёт вазирлиги “маҳаллий маҳсулотларни четга чиқариш географияси 52та янги бозорга кўпайгани”ни таъкидлади.

Ўзбекистон ҳукумати бу йил мева-сабзавот экспорти масаласига ошиғич эътибор бера бошлагани оддий ишлаб чиқарувчи вазиятини жиддий ўзгартирмаётгани тўғрисида олдин ҳам хабар берилган.

2016 йилнинг 12-16 июл кунлари Тошкентда бўлиб ўтган "I Мева-сабзавот халқаро ярмаркаси"да Ўзбекистон маҳсулотлари асосан Россия, Жанубий Корея ва Европа мамлакатлари экани маълум бўлганди.

Бу мамлакатларнинг талаби гилос, олма, шафтоли, полиз маҳсулотлари ва цитрус меваларига кучлидир.

Асосий буюртмачи бўлган хориж ўлкаларига мева-сабзавот етказиб бериш мақсадида 2016 йил апрелида Ўзбекистонда ихтисослашган ташқи савдо компанияси - “Ўзагроэкспорт” ташкил этилди. Ушбу компания ихтиёрига республикадаги асосий улгуржи савдо база ва омборхоналари, совутиш ускуналари ва савдо уйлари топширилди.

2016 йилнинг 8-10 ноябр кунлари Тошкентда яна бир I Мева-сабзавот халқаро ярмаркаси уюштирилади. Ярмарка ташкилотчиси "Агроэкспохолдинг" июл ойи ярмаркаси навбатдаги ярмарканинг дебочаси бўлганини таъкидлашди.

- Ўтган ярмарка ноябрдаги ярмаркага тайёргарлик эди. Ҳозирча қанча ташкилот ва давлат қатнашиши маълум эмас, аммо олдингидан кўпроқ бўлиши аниқ, деди ярмарка вакили.

2016-2020 йилларда Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати ривожланишига киритилаётган сармоялар ҳажми қарийб 596 миллион долларни ташкил этиши эълон қилинди.

Бунинг учун ҳукумат томонидан келгуси йиллар давомида мамлакатнинг барча минтақаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва транспортировка қилиш мақсадида 15та савдо-логистика маркази ташкил этишни эълон қилган.

Ўтган йили Ўзбекистонда 12,5 млн тонна сабзавот маҳсулотлари ҳамда 1,8 млн тонна полиз маҳсулотлари, 1,5 млн тонна узум ва 2,73 млн тонна мева ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилган эди.

Мутахассислар Ўзбекистондан экспорт қилинаётган ҳўл мева ва полиз экинларининг умумий ҳажмидан 60-65 фоизи Россия Федерациясига тўғри келишини таъкидламоқда.

Озодлик жорий этилган санкциялар туфайли Россия ички бозорини Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон мева ва сабзавоти билан тўлдиришни режалаштиргани тўғрисида хабар берган.

Аҳволинг қалай, Деҳқон?

Хўш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти оддий ўзбек деҳқонлари даромадини оширдими? Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида охирги бир йилда қандай ижобий силжишлар рўй берди?

Фарғоналик деҳқон Очил ака Бегматов Озодлик билан суҳбатда қишлоқда фермерликка шароитлар илгаригидек ўзгармасдан қолаётганини таъкидласа-да, юқоридан полиз экинларини кўпайтиришга рухсат берилди, дейди.

- Пахтани еридан камайтириб, ҳар қайси фермерга 3-4 гектардан ер қўшиб берди. Пиёз, картошка, ошқовоқ экинглар, деди. Буни экканлар ҳам, экмаганлар ҳам бор. Илгари бунақа йўқ эди! Ғалла-буғдой ва пахта экиларди фақат. Қора молга 30 сотикдан ажратилган ерга макка экдик. Фермерни ўзига кўп нарса боғлиқ. Лекин умуман олганда ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқ – қандай бўлса шундоқ кетаяпти. Фермерларимиз ўйлантираётган нарса – ерларни майдалаштирамиз, фермерларни кўпайтирамиз деяпти. Уларни кўпайтириш менимча жуда хато,деди фермер Бегматов.

Очил аканинг хулоса қилишича, деҳқонларга қўшимча полиз экинларини экишга берилган рухсат бу йил деҳқонлар даромади бироз оширишига олиб келган.

Фермер Очил Бегматов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:27 0:00
Бевосита линк

Бироқ, Наманган вилоятидаги Мингбулоқ фермер хўжалиги раҳбари Мухторали Матғозиев фикрича, жорий йилда полиз ва мева етиштирганлар даромад олмаган. У бунинг сабабларини Фарғона водийси билан чегарадош ҳудудларнинг ёпиқлиги ва ноҳақ сиёсатга боғлади.

- Йўқ, бизда ҳеч қанақа ўзгариш йўқ. Сотувчиники арзон, олувчига барибир қийин – бозорлар шунақа. Мева-чева қиммат эмас, олдинги йилларга солиштирганда. Гуруч йиғиштирилмаган, лекин нархи анча тушиб кетди. Мош кўп экилган – нархи паст. Бизда асосан пахта-буғдой экилади. Экилган тарвузимдан даромад қила олмадим. Умуман фойда кўрмаганлар ҳам бўлди бу йил! Ер олиб деҳқончилик қилган одамлардан бир-икки сўм қилган бўлмади мен билганлар орасида. Чунки чегарани беркитиб қўйган. Давлат юритаётган сиёсати туфайли деҳқонларни синдираяпти: ички бозор ҳимояси деб фойда кам бўлаяпти. Қани чегаралар очилсаю бизнинг деҳқон елкасига офтоб тегса, деди Мухторали Матғозиев.

Суҳбатдош бундай қийинчиликлар туфайли фермерлик қилишга ошиқаётган деҳқонлар сони кескин камайиб кетганини билдирди.

Мухторали Матғозиев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:56 0:00
Бевосита линк

У маҳаллий аҳоли бунгача Россиядан меҳнат муҳожирлари жўнатаётган маблағлар ҳисобига кун кечириб келгани, аммо у ерда бошланган иқтисодий инқироз туфайли даромадлар кескин камайиб кетганини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG