Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:52

23 йилдан бери қамоқда қолаётган Самандар Қўқонов устидан янги тергов бошланди


Шахсан президент Каримов буйруғи билан қамалгани айтиладиган Самандар Қўқонов Ўзбекистон қамоғида энг узоқ қолаëтган сиëсий маҳбусдир. 90- йиллар бошида олинган сурат.
Шахсан президент Каримов буйруғи билан қамалгани айтиладиган Самандар Қўқонов Ўзбекистон қамоғида энг узоқ қолаëтган сиëсий маҳбусдир. 90- йиллар бошида олинган сурат.

Ўзбекистон Олий кенгаши депутати¸ Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ бошлиғи Самандар Қўқоновга берилган сўнгги қамоқ жазоси 6 октябрь куни тугади. Аммо Озодликка маълум бўлишича¸ 23 йилу 4 ойдан бери қамоқда қолаëтган 72 яшар Қўқоновга¸ қамоқхона ички қоидаларини бузди¸ деган асосда яна янги жазо тайинлаш мақсадида тергов ҳаракатлари бошланган. Самандар Қўқонов мустақил Ўзбекистон тарихида қамоқда энг узоқ қолаëтган сиëсий маҳбусдир.

Озодлик Самандар Қўқоновнинг октябрь ойида озодликка чиқиш истиқболини ўрганиш мақсадида 17 октябрь куни унинг яқинлари билан боғланди.

- Отам 6 октябрь куни чиқишлари керак эди. Ўша куни Зарафшондаги 64/48 зонасига отамни олиб кетаман¸ деб борсам¸ манга “чиқмайди” деб айтишди. “Тушунмадим¸ нимага чиқмайдилар?” десам¸ ҳозир кутиб туринг¸ сиз билан бошлиқлар гаплашади¸ дейишди. Кейин пойлаб турдим¸ бошлиқлар чиқди¸ ўтириб гаплашдик. Бир аëл котибаси ҳамма нарсани ëзиб ўтирди. "Отангиз мунтазам равишда ахлоқ тузатиш колониясидаги тартибни бузади¸ шунинг учун биз унга нисбатан 221-моддани қўлладик ва ҳозир под следствия ўтириптилар¸ яна қўшиб берамиз срок"¸ дейишди. “Бу қанақаси¸ отам 72 га кираяптилар¸қанақа нарушение қилишлари мумкин?”¸ десам¸ нарушениелари бор¸ дейишди¸ бўлди"¸ дейди Самандар Қўқоновнинг ўғли Сардор Қўқонов.

Унинг Озодликка билдиришича¸ суҳбат сўнггида Зарафшон колонияси раҳбарлари ўзига ишонч телефонлари рақамини бериб¸ 17 октябрь куни суд бўлган-бўлмаганидан хабар олишни сўраган.

Озодлик мухбирининг бу рақамларга қилган қўнғироқлари давомида Самандар Қўқоновнинг кейинги тақдирига ойдинлик киритишнинг имкони бўлмади.

64/48 жазони ўташ муассасаси навбатчи ходими Самандар Қўқонов устидан суд бўлган-бўлмагани¸ бўлган бўлса¸ унда қандай ҳукм чиқарилгани ҳақида маълумот бера олмаслигини таъкидлади.

Зарафшондаги зобит тавсияси билан ГУИН-Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан боғланганимизда¸ бу муассаса расмийси ҳам маҳбуснинг тақдирига оид маълумот телефон орқали берилмаслиги¸ бундай сўров билан унинг яқинлари бевосита бошқармага мурожаат қилишлари лозимлигини билдирди.

Айни шундай¸ Самандар Қўқонов яқинларининг кун давомида қилган уринишлари ҳам маҳбус тақдирига ойдинлик кирита олмади.

- Менга ҳам айни шу гапни айтишди. Энди эрта-индин ГУИНга бораман суриштириб. Манимча¸ отамни ўзларидан қўрқиб ушлаб туришипти. На қўйворишини билади¸ на қўйвормаслигини¸ ўзларидан қўрқишаяпти. Ман шунда тушунаяпман вазиятни. Лекин ушлаб туришга ҳаққи йўқ¸ суд ҳукми билан тайинланган жазо уже тугаб бўлди¸ звонок чалинди¸ дейди куннинг иккинчи ярмида қайта боғланганимизда Самандар Қўқоновнинг ўғли Сардор.

"Қўқоновнинг айби - мухолифат билан маслакдош бўлгани"

Самандар Қўқоновнинг нима учун¸ қандай қамалганини билган эски маслакдошлари 80-йиллар охирида сиëсий майдонда фаол кўзга ташланган тадбиркор ва депутат Қўқоновнинг шахсан Ислом Каримов топшириғи билан қамоққа олингани ва шахсан Каримов топшириғи билан қамоқда шунча вақт сақланганини таъкидлайдилар.

Самандар Қўқоновнинг қамоққа олингунча бўлган даврдаги суратларини унинг яқинлари Озодликка тақдим этди.
Самандар Қўқоновнинг қамоққа олингунча бўлган даврдаги суратларини унинг яқинлари Озодликка тақдим этди.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясининг 90-йиллардаги фаоли Дилором Исҳоқова бадавлат тадбиркор Қўқоновнинг мухолифатга қўшилгани Каримов томонидан кечириб бўлмас гуноҳ сифатида қабул қилинганини айтади:

- Самандар Қўқоновнинг ягона айби¸ “Эрк”ка аъзо бўлгани¸ унинг ҳисобига пул ўтказгани бўлди. “Эрк” ҳисоби қонунга мувофиқ юритилар эди¸ унинг ҳисобига тушаëтган маблағ шаффоф эди¸ тажрибали ҳисобчимиз бўларди¸ биз шу ҳисобдан маош олардик¸ партия харажатлари ҳам шу ҳисобдан қопланарди. Қўқоновнинг дунëқараши “Эрк”ка мос келгани учун у президент Каримовнинг ғазабига учради ва шахсан президент топшириғи билан қамоққа олинди. Президентнинг буйруғи бўлгани учун Қўқонов иши шу қадар ваҳима қилиндики¸ унинг уйидан топилган 9000 доллар пул¸ вертолëтдан олинган ҳовлиси шу қадар бўрттириб кўрсатилдики¸ анча пайтгача одамлар¸ “эҳҳей” деб гапириб юрди¸ деб хотирлайди Дилором Исҳоқова 90-йилларда Қўқонов ҳақида қайта-қайта кўрсатилган ҳужжатли фильмни.

Асли Жиззах вилоятининг Фориш туманидан бўлган Самандар Қўқонов¸ 1989 йили муваққат президент ва Бош вазир Шавкат Мирзиëев билан бир чақириқда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлигига сайланган. Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон президенти этиб сайланиб¸ парламентдаги мухолиф депутатлардан қутулиш ҳаракати кучайтириши даврида 1993 йилнинг 2 июль куни давлатга қарашли катта миқдордаги мол-мулкни талон-тарожлик қилганлик айби билан ҳибсга олинган. МХХ ертўласида бир ярим йил сақланганидан сўнг¸ 20 йиллик қамоққа ҳукм этилган ва бу бир ярим йил қамоқ муддатидан чегирилмаган.

Дастлабки қамоқ жазоси тугаш арафасида, 2014 йили унга яна уч йил қўшиб беришган¸ кейин суд уни икки йилга туширган.

XS
SM
MD
LG