Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:48

Тошкент тадбиркорлари товар нархини оширишга мажбур бўлмоқда


Тошкент тадбиркорлари бозорларда терминал орқали сотиб олинаётган товарга қўйилаётган устамани 20 фоиздан оширишга мажбур бўлаётгани ва мижозларни йўқотаётганидан арз қилмоқда. Пойтахтда савдо қилаётган бозорчилар буни нақд пулнинг тақчиллиги ва терминал орқали савдо қилаётган нуқталарнинг камлиги билан изоҳламоқда.

“Молимиз нархини оширишга мажбурмиз”

Тошкент шаҳар“Бек-Барака” бозорида савдо қилаётган тадбиркор ўз ҳисобида ётган пулларнинг 15-20 фоизини “обналичкага” сарфлаётганидан шикоят қилди.

Тошкентлик савдогар айнан шунинг ҳисобига у сотилаётган товарларнинг нархини оширишга мажбур бўлаётганини айтади.

- “Обналичка” ҳатто 25-30 фоизга ҳам чиқди. Нақд пул тушуми йўқ. Одамларга яхши бўлиши учун терминал қўйдирди, сотишни бошладим. Нақд пул эса ейиш-ичишдан ортмаяпти! Арендага нақд беришимиз керак – ҳар бир дўкон 600 доллардан.Налоговий келди. Уларга “Мен 1 ойда терминалдан 50 миллион сўм савдо қилдим. Қаердан нақд пул оламан?”, десам “Пулни қарзга бўлса ҳам олиб келасан, дўконингни кейин очаман”, деди. Аслида мен терминал савдосида ютқазаман – банк олади фоизини, ҳар ой терминалга, майда солиқлар учун олинади. Устамани оширишга мажбур бўлсам, мижозларимни қандай қилиб сақлаб қолишим керак?! Рақобат жуда кучли, деди суҳбатдош.

Бизнесмен бир йил олдин карточка орқали савдога ёки пулни нақд қилишга 10 фоизли устама мавжуд эканини эслатди.

У, шунингдек, банклар топширилган нақд пулларни ҳам пластикка туширишдан бош тортаётгани, якка тартибдаги тадбиркорларга берилган “корпоратив” карталарга эса нақд пул чиқарилмаётганини маълум қилди.

“Бозорларда терминал камайиб кетган!”

Тошкент бозорларидаги нақд пул тақчиллиги ва пул “обналичкаси” фоизи ошиб бораётганини Озодликка гапирган Рустамжон бозорларда терминаллар кескин камайиб кетибди, дейди.

Унинг фикрича, айнан тадбиркорларда териминалларнинг йўқлиги устама фоиз ҳамда нарх-навонинг ошишига олиб келмоқда.

- Ўтган куни Абу-Саҳийга бозорга музлаткич олгани тушдим. Бор-йўғи иккита-учта дўконда терминал ўрнатилган – қолганларида йўқ! Борида – фоизи катта: музлаткич ололмасдан қайтдим. Одамларнинг ҳамма пули пластикка туширилганидан кейин қийин бўлиб кетаяпти. Оладиган нарсангиз терминалга бўлмагани учун, ечтиришга мажбур одамлар. Суммангизга қараб дўконларда ўз нархидан 15-20 фоиз қўйиб сотишаяпти, деди Рустамжон.

Айни пайтда, йирик савдо марказларида ҳам нақдсиз савдо-сотиқ камида 10 фоизли устама билан амалга оширилмоқда.

“Корзинка.уз” улгуржи ва чакана савдо марказида Озодлик сўровига ҳар қандай товар “атиги” 10 фоизли устама қўйилишини тасдиқлаб беришди.

Савдо маркази менежерларидан бири нақд пулга товар ўз нархида берилишини айтади:

- Йўқ, фоизимиз 10 фоиз, ака. Любой товарга. Масалан, 4200 сўмга шакар олсангиз, устига 10 фоиз қўйилади. Агарда нақд пулга олсангиз – ўз нархида бўлади, дея тушунтириш берди Корзинка.уз савдо менежери.

Шу билан бирга,Ўзбекистоннинг кўплаб савдо шаҳобчаларида касса аппаратлари амалда ишлатилмаётгани ҳақида Озодликда маълумотлар бор.

“Карточка ва терминаллардан безор бўлдим!”

Тошкент шаҳрида тадбиркорлик қилаётган Авазбек терминал ва карталардан безор бўлгани, тўлиқ нақд савдо қилишга ўтиб кетгани сабабларини бундай тушунтиришга уринди.

- Тўғриси, мен карта олмаяпман! Карта олсам ҳам, Кока-кола олиб, пулимни ечиб олаяпман. Ҳеч кераги йўқ нарса бўлаяпти! Любой дўкончига кирсангиз нақд пул йўқ дейди. Ҳамма нарсада фоизи бор. Масалан, “Корзинка”га кириб, нарса оламан десангиз – нарх осмонда! Бизда ёғ 9,5 минг бўлса, уларда 12-13 минг. Одамлар шунинг учун олмайди. Устига устамаси қўйилса 15-20 фоиз бўлиб кетаяпти. Олдин 10 фоиз бўлса, ҳозир ҳаммаси 20 фоизга чиқди. Тадбиркор моли 20 фоизга ошаяпти, одамларга эса 40 фоизга сотаяпти, деди Авазбек.

Авазбек ҳам нархларнинг оширилишига нақд пул тақчиллиги ва терминал тизимидаги муаммоларни сабаб қилиб келтирди.

У бу ҳолат мамлакатнинг барча бозорларида кузатилмоқда, дейди.

- Одамлар йўл топа олмаяпти! 20 фоизим осмонга учиб кетаяпти. Масалан тухум сотиб олсам, 20 фоиздан қўяман, 40 фоиздан сотаяпман. Кимга қийин?! Оддий халлқа-да, деди Авазбек.

Озодлик нақд пул тақчиллиги туфайли Ўзбекистонда айрим вилоят ҳокимлари бюджет ташкилотлари раҳбарлари ва фермерларга банкларга нақд пул топиб топшириш мажбуриятини юклагани тўғрисида хабар берган эди.

Ҳокимларнинг бу қарорини бажариш учун корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари қўл остидаги ходимлардан нақд пул олиб келиб топширишни талаб қилган.

Шу йилнинг сентябрида ягона солиққа тортиладиган кичик тадбиркорлик субъектлари ва индивидуал тадбиркорлар¸ ëдгорлик ва халқ ҳунармандлиги маҳсулотлари билан савдо қиладиган дўкондорлар¸ кўчма ва ëйма савдо нуқталари эгаларига касса-назорат техникасини қўлламасдан нақд пул ëки пластик карта терминаллари орқали савдо қилиш ҳуқуқи берилгани ҳам айтилган эди.

XS
SM
MD
LG