Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:15

Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистоннинг янги ҳукумати билан мулоқот қилмоқчи


Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Варшавадаги йиғинида халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистондаги янги ҳокимият билан мулоқотга киришиш ташаббуси билан чиққан, аммо у жавобсиз қолдирилган. Ўзбекистон расмий делегацияга Акмал Саидов бошчилик қилган, ҳокимият билан мулоқот ўрнатиш зарурлиги ҳақидаги чақириқларини инобатсиз қолдирган расмий делегация Каримовдан кейинги инсон ҳуқуқларига оид вазият муҳокамасига ҳам қўшилмаган.

Варшавадаги анжуман ҳокимият ўзагриши ортидан ўзбек расмий делегацияси иштирок этган инсон ҳуқуқларига оид илк йирик конференция эканлиги билан ҳам диққатлидир.

Йиғин янги ҳукуматни инсон ҳуқуқлари бўйича ислоҳот ва мулоқот ўтказишга чақириб келаётган ҳуқуқ фаоллари учун ҳам қулай имконият бўлди.

Конференция иштирокчиларидан бири, «Ўтюраклар» ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевага кўра, халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг мурожаатларига жавоб берилмаган.

«ЙХҲТ йиғилишида қатнашишдан мақсад ҳам шу эди, бу имкониятдан фойдаланишни истаган эдик. Лекин ҳукумат вакиллари томонидан мулоқотга киришиш учун бирор ишорат бўлгани йўқ, ҳатто расмийлар Ўзбекистондаги вазиятга доир муҳокамаларда қатнашишмади ҳам. Биз мулоқотни истаганимиз учун имкон қадар кўпроқ бордик. Бевосита бошлашни истаган эдик. ЙХҲТ анжумани бунинг учун қулай фурсат эканлиги, ҳокимият билан мулоқотнинг биринчи қисми шу анжуман доирасида бошланишига умид қилиб баёнотлар тарқатдик. Лекин, афсус, ҳукумат вакиллари буни жавобсиз қолдиришди», - дейди Тожибоева.

Ўзбекистон расмий делегацияга Олий Мажлис депутати, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий Марказ директори Акмал Саидов бошчилик қилган. Расмий делегациянинг чиқиши аввалгиларидан фарқ қилмаган, инсон ҳуқуқлари, эркинликлар таъминланаётгани эътироф этилган.

Расмий делегация иштирокисиз ўтган «Каримовдан кейинги инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги муҳокамада диққат мамлакатдаги сиёсий маҳбусларга, ҳокимият алмашишидан кутилаётган умидларқа қаратилган.

«Инсон ҳуқуқлари бўйича йиғилиб қолган муаммолар, сиёсий, диний маҳбуслар тақдири, қамоқхонадаги қийноқлар, нодавлат ташкилотларга нисбатан мавжуд босимларга, шунингдек, Аъзам Фармонов, Муҳаммад Бекжон тақдирига алоҳида диққат қаратилди. Хуллас, анжуманда янги ҳукуматга нисбатан тавсиялар муҳокама қилинди », - дейди ҳуқуқ фаоли.

Ўзбекистонда ҳукумат алмашиши мустақиллик давридан бошлаб илк бор кузатилаётган ҳодиса, янги ҳокимиятни вақтинча бошқараётган Шавкат Мирзиёев ҳар соҳада Ислом Каримов сиёсатини давом эттиришга ваъда берган.

Аммо Мирзиёевнинг кадрлар соҳасида қилаётган ўзгаришлари, шунингдек, жамоатчилик даражасида Каримов даврида тақиқда бўлган халқ санъаткорларини яна саҳнага қайтараётгани ижтимоий сиёсатда янгиликлар бўлаётганидан дарак беради. Элга таниқли санъаткорларга тегишли ижтимоий ҳаётдаги бу янгиликлар фуқаролик жамияти вакиллари билан муносабатларга кўчгани йўқ. Ҳокимият алмашиши ортидан ўзбек ҳукумати инсон ҳуқуқлари яхшиланишига доир бирор ишорат берди, дейишга ҳам асос йўқ.

Айни пайтда мамлакатда президентлик сайлов кампанияси бошланган, асосий номзод муваққат президент Мирзиёев мамлакат бўйлаб учрашувлар ўтказмоқда; аҳолига фаровонлик, иш ўринлари ваъда қилмоқда. Бу учрашувларда у инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлигига доир бирор баёнот бергани ҳозирча кузатилмади.

XS
SM
MD
LG