Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:17

Абдулазиз Комилов: Тошкент Душанбе билан муносабатларни қайта тиклашга тайёр


Тожикистон президенти билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 29 сентябр куни Тожикистон президенти билан учрашув чоғида икки давлат ўртасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва дўстона алоқаларни тобора кенгайтириш йўлларини муҳокама этди. Мутахассислар бу учрашувни расмий Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар илиқланишининг биринчи қадами ўлароқ баҳоламоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларни тикламоқчи

29 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбега амалий сафар билан келган Абдулазиз Комилов мамлакат президенти Имомали Раҳмон билан учрашув ўтказди. Бу мулоқот икки давлат ўртасидаги яқин муносабатларнинг қайта тикланиши сифатида баҳоланмоқда.

Тожикистон президенти матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзода Озоди радиосига берган интервьюсида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг оғзаки мурожаатини юборганини билдирди.

- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ташрифи давомида мамлакат раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Тожикистон президентига икки давлат ўртасидаги кейинги алоқалар, мавжуд айрим муаммоларни бартараф этиш, анъанавий қўшничилик, дўстлик муносабатларини ривожлантириш борасида шахсий мурожаатини етказди. Брифинг давомида жаноб вазир иқтисодий, энаргетика соҳасига сармоя киритиш масаласини барқарорлаштириш, икки давлат ўртасидаги темир йўл, парвозлар ҳаракатини тиклаш масаласига тўхталди. Шунингдек, адолат асосида сув-энергетика муаммоларининг икки мамлакат фойдасига ҳал этиш таклифи илгари сурилди, деди Абдуфаттоҳ Шарифзода.

Тожикистон президенти матбуот хизмати раҳбари бу cафардан кўзланган яна бир мақсад – Савдо ва иқтисодий давлатлараро Комиссия фаолиятини ишга тушириш масаласи ҳам муҳокама қилинганини билдирди.

Учрашув чоғида икки қўшни давлат ҳамкорлигининг маданий-гуманитар жиҳатини амалда жонлантириш бугунги куннинг реал эҳтиёжи эканлигига эътибор қаратилгани айтилди.

Тожикистон президенти матбуот хизматига кўра, томонлар минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилар экан ўз эътиборларини минтақа хавфсизлиги Марказий Осиёдаги ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг асосий шарти эканлигига қаратган. Шунингдек, икки тарафлама мулоқотда логистика ва транспорт масаласи ҳам ўртага ташланган.

Бу хусусда сўзга чиққан Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмон Тожикистон ва Ўзбекистоннинг ўзаро муносабатлар мамлакат ташқи сиёсатидаги энг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлаб ўтди.

Таъкидлаш жойизки, Абдулазиз Комилов ва Имомали Раҳмон ўртасидаги учрашув президент Ислом Каримов вафотидан кейинги икки мамлакат ўртасидаги юқори даражадаги биринчисидир.

И.Раҳмон Самарқанддаги дафн маросимида
И.Раҳмон Самарқанддаги дафн маросимида

3 сентябрь куни бўлиб ўтган Ислом Каримов дафн маросимида иштирок этган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон нутқ сўзлаб, тожик халқи номидан Ўзбекистонга таъзия билдирган эди.

Муносабатлар илиқланиши тахмин қилинмоқда

Айни пайтда, қатор экспертлар яқин орада Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатларнинг илиқланишини тахмин қилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олий минбарида жорий йилнинг 23 сентябрида сўзга чиққан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Марказий Осиёдаги сув-энергетика масалаларига бағишланган ўз нутқида биринчи маротаба Тожикистонда Роғун ГЭСи қўрилиши мавзусини кўтармади тожикистонлик сиёсатшунослар ва жамоатчилик эътиборини ўзига қаратди.

Тожикистондаги демократик амалиётлар бўийча жамоатчилик қўмитаси раҳбари, душанбелик мустақил политолог Парвиз Мулложонов бу учрашув икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг тикланиши ва ривожланишига кўпчиликка умид бағишлаётганини Озодликка билдирди.

У савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши, энг аввало, бир қатор бошқа масалалар ечимига боғлиқ эканини таъкидлади.

- Чегара, ватандошлар борди-келдиси ва виза масалалари, ҳаво алоқаси ҳаракатланишини барқарорлаштириш, чегарадош ҳудудларда савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантириш каби масалалар кейинги босқичга ўтишга имкон яратади. Тошкент ва Душанбе ўртасида тузилган Савдо ва иқтисодий муносабатлар бўйича давлатлараро Комиссия олдин ҳам мавжуд эди, аммо фаол бўлмаган ва самара бермаган. Бу ташаббус Ўзбекистон томонидан чиққани боис, мен бу алоқалар ривожланишига ишончим комил, дея хулоса қилди сиёсатшунос Парвиз Мулложонов.

Собиқ Иттифоқ тарқалгач, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар мураккаб кечаётган эди. Икки мамлакат ўртасида 1992 йил ўзаро ҳаво парвозлар бекор қилинган бўлса, 2001 йил аввал Ўзбекистон, сўнг Тожикистон ўзаро виза тартибини киритди.

Ўзбекистон Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилишига қарши бўлиб келган.

Ўзбекистоннинг ишонишича, Тожикистон ва Қирғизистонда ГЭСларнинг қурилиши оқибатида трансчегаравий дарёлар сувлари бир мамлакатнинг назорати остига ўтиб қолади ва минтақа экологиясига жуда катта зарар етказилади.

XS
SM
MD
LG