Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:14

Қодиржон Ботировга ўзганликлар норозилик билдирди


Қодиржон Ботиров 2010 йилги Ўш воқеасининг асосий айбдори сифатида Қирғизистонда сиртдан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Қодиржон Ботиров 2010 йилги Ўш воқеасининг асосий айбдори сифатида Қирғизистонда сиртдан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қирғизистонда 2010 йилги Ўш воқеалари уюштирувчиси сифатида айбланиб, сиртдан умрбод қамоққа ҳукм қилинган Қодиржон Ботиров ЕХҲТнинг Варшавада ўтган инсон ҳуқуқларига оид йиғилишида Бишкек ҳукуматини танқид қилиши ортидан Ўшда унинг cўзларига норозилик сифатида қатор матбуот анжуманлари ўтмоқда.

Польша пойтахти Варшавада ўтган ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқларига бағишланган йиғилишида иштирок этган Қодиржон Ботиров 21 сентябрь куни сўзлаган нутқида “Европа давлатлари Қирғизистонда демократия мавжуд, деб ўйлашларини, аслида эса бу давлатда демократия мавжуд эмас”, деб ҳисоблашини айтган эди. Ботировнинг нутқи Қирғизистон жамоатчилигида катта норозиликларни келтириб чиқарди.Жумладан, Ўшда 27 сентябрь куни ўзганлик бир гуруҳ оқсоқоллар матбуот анжумани ўтказди.

-Бизни "матбуот анжумани ўтказ", деб ҳеч ким мажбурламаган. Биз ўзимиз телевидениядан кўрдик. Ҳукуматда ўтирганларнинг шунга йўл қўйганига норози бўлаяпмиз. Оддий аҳоли хоҳлаганича телевидиния, газета орқали ҳукуматга норозилик билдираяптику. Демократиянинг борлиги шуда. Биров бировга қарам эмас. Шунинг учун унинг сўзларига норози бўляпмиз. Уни олиб келишсин, қамашсин. Ҳозир ҳукуматда ишлаётган айбдорлар ҳам у билан бирга жавобгарликка тортилсин. Халқ кўр эмас, ҳаммасини кўриб турибди, -деди ўзганлик Абдумажит Қапаров.

Ўшда шу мазмундаги матбуот анжумани 23 сентябрь куни Ўш шаҳар кенгаши депутатлари томонидан ҳам ўтказилган эди. Унда депутатлар Ботировнинг ўзбеклар ҳуқуқини ҳимоя қилишга ҳаққи йўқ эканини айтишган эди.

Ўзганликлар ўтказган матбуот анжумани иштирокчиси Абзалиддин Шаробиддинов икки халқ орасидаги муносабатлар эндигина изга тушган бир пайтда Қодиржон Ботировнинг сўзлари янги низога сабаб бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

-Мен Ботиров олиб келиниб жазога тортилсин, деб келмадим. Мен халқимиз тинч бўлиб, ўзбек - қирғиз бўлинмай тинч яшаётганини айтмоқчиман. Шунинг учун шу гапларни қайта кўтариб, ярани янгилаб бўлмайди, шу нарсалар тўхтасин, телевидинияларда ҳам шу нарсаларни кўрсатиб, одамларни ваҳимага солмасин, деб келдим. Агар Қодиржонни айби бўлса давлат бор, орган ходимлари бор. Текширади, сўрайди. Агар унинг айбдорлиги исботланса жавоб берсин. 2010 йилда давлатни бошқарган бешта раҳбарлар билан бирга иш олиб борган, шу сабабли биз бирон нарса деёлмаймиз, -дейди Абзалиддин Шаробиддинов.

ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқларига бағишланган йиғилишида Қодиржон Ботировнинг нутқ сўзлагани Бишкекда асосан парламент депутатлари орасидагина муҳокамаларга сабаб бўлган.

Қирғизистон парламенти Қодиржон БотировнингЕХҲТ йиғинидаги иштирокини муҳокама қилди.

Йиғинда иштирок этган Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Динара Кемелова ЕХҲТга норозлик нотаси жўнатилганини айтди.

Депутатлар парламент қўмитаси йиғилишида Ички ишлар вазирлигидан ЕХҲТ мажлисида Қодиржон Ботировнинг олдида ўтирган қирғиз ҳуқуқ фаолларини жиноий жавобгарликка тортишни, Ботировни Қирғизистонга экстрадиция қилинишига эришишни талаб қилишди.

Бироқ Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги депутатларнинг бу талабига жавобан, Интерпол сиёсий қочқин ҳисобланадиган Қодиржон Ботировга нисбатан халқаро қидирув эълон қилишдан бир неча марта бош тортганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG