Хорижий давлат ватандошлигини олганлар Ўзбекистон ватандошлигидан маҳрум этилиши мумкин. Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни шундай ўзгартиш киритилган “Ўзбекистон Респубиликаси фуқаролиги тўғрисидаги” қонунни имзолаган.
24 сентябрдан кучга кирган ўзгаришларга мувофиқ хориж давлат ватандошлигини олган ҳар бир шахс 39 кун ичида бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёки хориждаги консуллик идораларини хабардор қилиши керак.
Қонунга мувофиқ, агар шахс хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса ҳам Ўзбекистон Республикасининг ватандошлигини йўқотиши мумкин.
Бундан аввалги қонунда ўзбекистонлик ўзга давлат ватандошлигини олиб Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмоқчи бўлса мамлакат президентига ариза ёзиши, элчихонага бир тўплам ҳужжатларни топшириши ва маълум миқдорда пул ҳам тўлаши керак бўлган.
Фуқароликдан чиқиш тўғрисидаги аризани қондириш-қондирмаслик масаласи эса ойлаб, баъзида йиллаб чўзиб келинган.
Кейинги бир неча йил мобайнида йилига 5000 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси Green Card соҳиби сифатида АҚШга кўчиб кетмоқда.
Уларнинг кўпчилиги кейинчалик ушбу мамлакат фуқаролигини олаяпти. Россия фуқаролигини олаётган ўзбекистонликлар сони эса йил сайин кўпаймоқда.
Шунингдек, дунёнинг бошқа турли давлатларидан фуқаролик олаётган ўзбекистонликлар сони ҳам оз эмас.
Аксар ҳолларда бошқа давлат фуқаролигини олган шахслар Ўзбекистон фуқаролигидан ҳам воз кечмаяпти, яъни иккита паспорт эгасига айланаяпти.