Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:57

Қирғизистонда сиёсий жанжал: Қодиржон Ботиров ва коррупцияда айбланаётган президент Атамбаев


Қодиржон Ботиров 6 йилдан сўнг Қирғизистонда яна эсланмоқда.
Қодиржон Ботиров 6 йилдан сўнг Қирғизистонда яна эсланмоқда.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг 31 август –Мустақиллик куни сўзлаган нутқи ортидан бошланган сиёсий жанжал авжига чиқмоқда. Қирғизистондаги энг нуфузли сиёсатчилардан бири Ўмурбек Текебаев Алмазбек Атамбаевни коррупцияга аралашганликда айблаб чиқди. Бунга жавоб ўлароқ Атамбаев 2010 йилги Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоққа сиртдан маҳкум қилинган ўзбеклар собиқ лидери Қодиржон Ботировни “Қирғизистондан қочирган ҳукумат аъзоларини аниқлаш"га кўрсатма берди.

Атамбаев Қодиржон Ботировнинг хорижга кетишга кўмаклашганларни аниқламоқчи

Президент Алмазбек Атамбаев Қирғизистон Бош прокуратурасига Ўш воқеаларини уюштирганликда айбланиб халқаро қидирувга берилган Қодиржон Ботировни хорижга чиқиб кетишига кўмаклашган ҳукумат аъзоларини аниқлашга кўрсатма берди.

Президент кўрсатмасига кўра, бу ҳолатни тергов қилиш учун Бош прокуратура раҳбарлигида кучишлатар тузилмалари вакилларидан иборат идоралараро махсус гуруҳ тузилади.

Сўнгги хабарларга қараганда, Бош прокуратура Қодиржон Ботировнинг Қирғизистондан чиқиб кетиши бўйича жиноят иши очган.

Қирғизистондаги Ўзбек миллий маданий маркази лидерларидан бири бўлган Қодиржон Ботиров 2010 йил 7 апрель инқилобидан сўнг ҳокимиятга келган Муваққат ҳукуматни қўллаб - қувватлаган эди. Кейинроқ мамлакатдаги вазият таранглашганидан сўнг у хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган. Муваққат ҳукумат эса 500га яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлган Ўш воқеаларини уюштиришда Қодиржон Ботировни айблаган ва қирғиз суди ҳукми билан у сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қодиржон Ботиров Озодлик радиосига берган интервьюларида ўзига билдирилган айбловни инкор қилган эди.

Қирғизистонда "Қодиржон Ботировни қамоққа олиш ўрнига, уни Муваққат ҳукумат аъзолари ҳорижга қочириб юборган", деган нуқтаи назар шаклланиб улгурган. Президент Атамбаев кўрсатмаси билан Бош прокуратура бундан 6 йил аввал юз берган воқеани тергов қилиши ва Ботировни қочирган ҳукумат аъзолари исмларини айтиши керак бўлади.

Текебаев Атамбаевни коррупцияда айблади

Атамбаев бу борада Бош прокуратурага кўрсатма бергани тўғрисидаги хабар пайдо бўлишидан бир оз олдинроқ , парламент депутати, “Ата Мекен” партияси раиси Ўмурбек Текебаев президентни коррупцияга аралашганликда айблаб матбуот анжумани ўтказди.

Текебаевнинг айтишича, 2015 йил 7 майда Бишкекнинг ҳозирги мэри Албек Ибраимовнинг турмуш ўртоғи Айнуру Ибраимова номига пойтахтадан 30 километр нарида “Дастан” заводига қарашли бўлган 27,5 гектар ер расмийлаштирилган. Орадан беш кун ўтиб бу ер президент Атамбаев номига ўтказиб берилган.

-2015 йилда Албек Ибраимов Ширшов, Максим Бакиев ва Данияр Усенов эгалик қилиб келган ўша ерни президентга ўтказиб берди. Шундан кейин у Бишкек шаҳрига мэр бўлди. Бу икки воқеа бир –бири билан мантиқан боғлиқ десак бўлади. Негаки бу коррупциянинг классик намунасидир, -деб баёнот берди Ўмурбек Текебаев.

Давлат рўйхатга олиш хизмати раиси Тайирбек Сарпашев 16 сентябрь куни президент Бишкекнинг ҳозирги мэридан ҳақиқатан ҳам ер олганини тасдиқлади:

-2015 йилнинг 19 мартида Анарбек Укуев Айнуру Ибраимовага 2,7 гектар ерни 24 миллион сўмга сотган. Ибраимова 7 май куни ерни ўз номига расмийлаштириб, уни 12 май куни Алмазбек Атамбаевга 33 миллион сўмга сотган, - деди Тайирбек Сарпашев.

Президент маъмурияти Атамбаевни оқлади

Қирғизистон президенти маъмурияти зудликда Текебаев баёнотига раддия берди. Президент маъмурияти раҳбари Фарид Ниёзов Атамбаев Албек Ибраимовдан бу ерни пулга сотиб олгани, ер майдони Текебаев айтганидек 27 гектар эмас, 2,5 гектар экани, бу ерга президент уй қураётгани жамоатчиликка сир эмаслигини ҳамда бу ҳақда Атамбаев 2015 йил учун топширган солиқ декларацияда очиқ кўрсатма берганини таъкидлади.

Президент Атамбаевнинг жамоатчиликка бир неча ой аввал очиқланган 2015 йил учун солиқ декларациясида президент бир йилда 1 миллион 298 минг 448 сўм ойлик олгани, аммо президент чиқимлари 34 миллион сўмни ташкил қилгани кўрсатилган. Шунингдек, декларацияда Атамбаев 2.5 гектардан кўпроқ ерни сотиб олиб, 116 квадрат метрли уй қураётгани қайд этилган.

Мазкур уй Бишкек яқинидаги Кўкжар қишлоғига қурилаётгани тўғрисида қирғиз матбуоти аввалроқ хабар берган эди. Матбуотда президент қураётган уйнинг суратлари ҳам пайдо бўлганди.

Қирғизистон Бош прокуратураси 16 сентябрь куни Текебаевнинг баёноти юзасидан текширув бошланганини маълум қилди.

Сиёсий жанжал Мустақиллик кунида бошланди

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг мустақиллик куни, яъни 31 августда сўзлаган нутқи кўпчилик сиёсатчилар томонидан сиёсий жанжалнинг бошланиши сифатида эътироф этилган эди.

Ўша нутқида президент 2010-2011 йилларда Қирғизистонни бошқарган Муваққат ҳукуматнинг 14 аъзосини кескин танқид қилган, шундан сўнг собиқ президент Роза Ўтунбаева Атамбаев нутқ сўзлаган майдонни намойишкорона тарк этган.

Президент танқидига Қирғизистон Муваққат ҳукумати аъзоларининг Конституцияга ўзгартиришлар киритилишига қаршилик қилаётгани сабаб бўлган. Атамбаев ва унинг аёнлари эса мамлакат Конституциясини ўзгартириш шарт, деб ҳисобламоқда. Лекин шу кунгача Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум қачон ўтказилиши номаълум бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG