Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:36

Ўзбекистон Қирғизистон билан муносабатларни яхшилашга тайёр


Суратда (ўнгдан чапга): Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.
Суратда (ўнгдан чапга): Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.

Бишкекда ўтадиган МДҲ саммитида иштирок этиш учун келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент икки давлат ўртасида тўпланиб қолган муаммоларни ижобий ҳал қилиш юзасидан фаол ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканини айтди. Бишкекда 15 сентябрь куни Абдулазиз Комилов Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашди.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов учрашуви пайтида Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг бугунги ҳолати ҳамда бошқа долзарб муаммолар муҳокама қилинди.

Учрашув пайтида Комилов Ўзбекистон Қирғизистон билан ҳамкорликнинг барча соҳалари бўйича позитив руҳдаги комплексли ҳаракатларни фаол амалга оширишга тайёр эканини айтди.

“Томонлар ҳамкорликни жонлантиришдан манфаатдор эканликларини таъкидлаган ҳолда, давлатлараро даражадаги муаммоларни конструктив диалог орқали ҳал қилиш бўйича жиддий сиёсий ниятга эга эканликларини тасдиқладилар”, дейилади Қирғизистон президенти матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

“Абдулазиз Комилов учрашув пайтида Алмазбек Атамбаевга Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва самимий тилакларини еткизди”, деб хабар берди қирғиз нашрлари.

Мазкур учрашув Тошкент икки давлат ўртасида баҳсли экани айтилиб келадиган Унгартепа ҳудудига 22 августда милиция десантини киритгани ортидан Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларида кескинлик пайдо бўлган бир пайтда ўтказилди. Қирғизистон шу кунгача Тошкентдан Унгартепадан милиционерларни чиқаришни талаб қилиб келаётир.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Ўтунбаева Ўзбекистон икки давлат ўртасидаги муаммоларни бартараф этишга жиддий ёндашмоқчи эканидан мужда берди, деб ҳисоблайди.

- Мен айтишим зарурки, Ўзбекистон бу масалага жуда масъулият билан ёндошади. Ўзбекистон муаммони ҳал қилишда кўр ёки сақов бўлиб олмаслигидан мужда берди. Албатта, музокараларда ҳар бир давлат ўзи учун ҳаётий бўлган манфаатларни ҳимоя қилишини яхши тушунамиз. Аммо нима бўлганда ҳам кескинликни фақат муроса йўли билангина юмшатишимиз мумкин,- деди Роза Ўтунбаева.

Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари Бишкек 2009 йилда Қамбарота -1 ГЭСини қуриш юзасидан Россия билан шартнома имзолаганидан сўнг ёмонлаша бошлаган. Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Ислом Каримов халқаро даражада бир неча марта бу ГЭС қурилишига қарши эканини билдирган эди. Шундан сўнг Қирғизистон-Ўзбекистон чегаралари ёпилиб, савдо-сотиқ ва иқтисодий-маданий алоқалар узилди.

Тошкентда 23-24 июнь кунлари ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев ўткизган учрашувдан сўнг икки давлат ўртасидаги совуқлашган муносабатларда илиқлик пайдо бўлиши кутилаётган эди. Аммо бу илиқлик пайдо бўлиб улугрмасидан турибоқ, 22 августда Ўзбекистон Унгартепага милиция десантини киритиб, 4 қирғизистонликни ҳибс қилган эди.

Қирғизистоннингг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов Ўзбекистон янги раҳбарияти юзага келган кескинликни юмшатишдан манфаатдор, деб ҳисоблайди.

-Менинг фикримча, Ўзбекистон ва Қирғизистон сиёсий элитаси қўшни давлатлар билан уйғунликда ва тинчликда яшаши керак, деган тушунчага амал қилади. Ҳозирда мавжуд муаммолар ҳал қилинадиган масалалардир ва улар ҳал қилиниши лозим. Иккинчидан, Ўзбекистонда уч ойдан кейин президентлик сайлови бўлиб ўтади. Қирғизистонда ҳам бир йилдан сўнг президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Ҳокимиятга янги одамлар келади. Янги ҳукумдорлар янгича нуқтаи назар билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни тиклайди, деган умид ҳам бор, -деди Аликбек Жекшенкулов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Бишкекка 16 сентябрда ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги президентлари саммитида иштирок этиш учун келди. МДҲ ташкил топганига 25 йил тўлиши муносабати билан 16 сентябрда Бишкекда ўтказилаётган саммитда Арманистон, Беларус, Озарбайжон, Россия, Тожикистон ва Қозоғистон президентлари иштирок этади.

Қирғизистон президенти аппарати ташқи сиёсат бўлими мудири Сапар Исақов саммитга Шавкат Мирзиёевнинг келмаганини Тошкент-Бишкек муносабатларига совуқчилик тушгани билан боғламаслик кераклигини малум қилди.

Унга кўра, МДҲ давлатлари Бишкек саммитига Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг келиши қирғиз-ўзбек муносабатлари аҳволи белгиси эмас, балки Ўзбекистондаги ички сиёсий вазиятга боғлиқдир.

XS
SM
MD
LG