Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:27

Назарбоев Каримов билан видолашиш ва Мирзиёевнинг "томирини ушлаб кўриш" учун Самарқандга келди


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 12 сентябрь куни амалий сафар билан Ўзбекистонга келди. “Қозоғистон президенти Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг хотираси ҳурматига Самарқандга келди”, дейилади Қозоғистон президенти маъмурияти матбуот хизмати хабарида.

Қозоғистон раҳбарининг Самарқандга ташрифи давомида Нурсултон Назарбоев Ислом Каримовнинг қабрига гул қўйди ва унинг оиласи аъзолари билан учрашди.

Тадбир чоғида Нусултон Назарбоев уни Ислом Каримов билан узоқ йиллар давомида мустаҳкам дўстлик, яқин ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш боғлаб турганини таъкидлаб ўтди.

"Аминманки, ўзбекистонликларнинг янги авлоди, давлат раҳбарлари ҳар доим Ислом Каримовни хотирлайди. Унинг улуғвор мероси, давлат раҳбари сифатидаги фаолияти натижалари авлодлар томонидан ўрганилади, ишлари эса ўзбек халқи тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилади. У бутун дунёга таниқли эди, мамлакат иқтисодиётининг оёққа туриши ва ўсиши, халқ фаровонлигининг ошиши унинг номи билан боғлиқ. Биз буюк инсонни йўқотдик", - деди Қозоғистон президенти.

Қозоғистон президенти маъмурияти матбуот хизматига кўра, Назарбоевнинг Самарқандга сафари доирасида Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан учрашуви режалаштирилган.

Озодликнинг Вазирлар Маҳкамасига яқин манбасидан олинган маълумотга қараганда, 12 сентябрга Мирзиёевнинг давлат ва хўжалик ишларида юқори лавозимларда ишлаган бир қатор фахрийлар билан учрашуви режалаштирилган эди. Бироқ қўшни давлат раҳбарининг сафари муносабати билан бу учрашув бошқа кунга қолдирилган ва Мирзиёев Самарқандга кетган.

Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёев президент вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланганидан сўнг учрашаётган биринчи чет давлат раҳбаридир.

Бундан олдин - 6 сентябрда Россия президенти Владимир Путин Самарқандга сафар қилган ва Ислом Каримовнинг қабрига гул қўйган эди. Ўша куни Путинни Мирзиёев бош вазир сифатида кутиб олган эди.

Россия раҳбарига ҳамрохлик қилган Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида "Путин ва Каримов бунёд этган кўприкни мустаҳкамлашда давом этамиз", деб таъкидлар экан, бундай деган эди:

"Сизнинг бугунги ташрифингиз ҳам муносабатлар даражасидан дарак ва бунинг учун биз миннатдормиз. Биз Россия Федерацияси билан ташқи алоқаларда тўлақонли стратегик шерикликка эгамиз ва биз сиз ва Ислом Каримов узоқ йиллар давомида бунёд этиб келган кўприкни мустаҳкамлашда давом этамиз".

Владимир Путин ҳам, Нурсултон Назарбоев ҳам Ислом Каримовни дафн этиш маросимига келмаган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 8 сентябрь куни ўтказилган қўшма йиғилишида мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажариш ваколати конституцияда кўзда тутилгани каби Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошевга эмас¸ Бош вазир Шавкат Мирзиëевга топширилди.

1957 йилда туғилган Шавкат Мирзиëев Тошкент Ирригация ва мелиорация институтини тугатган. Ҳокимият пиллапояларидан кўтарилишни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ҳокими лавозимидан бошлаб¸ сўнгра Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокими бўлиб ишлаган. 2003 йилдан бери Ўзбекистон Бош вазири лавозимида ишлаб келган.

Тошкент мамлакатнинг биринчи президенти ўлимини эълон қилган 2 сентябрь куни Мирзиëев Каримовни дафн қилиш бўйича ташкил этилган давлат комиссияси раислигига тайинланди.

***

Нурсултон Назарбоев Самарқандга шунчаки одамгарчилик юзасидан, кўп йиллик ҳамкасбига фотиҳа ўқиб кетиш учун келдими ёки бу ташриф замирида бошқа мақсадлар ҳам борми?

Назарбоевнинг Каримовсиз Тошкент билан муносабатлари бундан кейин қандай кўриниш касб этиши мумкин?

Шу ва шунга ўхшаш саволларни Озодлик қозоғистонлик сиёсатшунос Айдос Саримга берди:

Қозиғистонлик сиёсатшунос Айдос Сарим Назарбоевнинг Ўзбекистонга сафари тўғрисида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:01 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG