Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:32

Каримов дафн маросимига қандай тайёргарлик кўрилди?


Туни билан Самарқанднинг марказий кўчалари ва хиёбонларини ювиб-сидирган ободонлаштириш ва турли хил ташкилотлар ишчи-ходимлари 2 сентябрь куни ҳам ўз ишларини давом эттиряптилар. Бу ҳолат гўё шаҳар жуда улуғ меҳмонни кутиб олишга тайёргарлик кўраётган манзарани эслатади. Туман ҳокимлари ўз ходимларига оқ кўйлак қора костюмда ишга келишни буюрган.

Самарқанд меҳмонхоналарида жой қолмади

Мобил мухбиримизнинг хабар беришича, Самарқанд шаҳридаги меҳмонхоналарда жой қолмаган. Меҳмонхоналардаги аксарият жойларни вилоят ва шаҳар ҳокимлиги келадиган меҳмонлар учун брон қилган.

Озодлик Самарқанддаги "ROYAL PALACE", "B&B EMIR", "GRAND SAMARKAND SUPERIOR", "JAHON PALACE" меҳмонхонларига қўнғироқ қилиб бўш жой сўради.

Маълум бўлишича, бу меҳмонхоналарнинг бирортасида ҳам бўш жой қолмаган. Меҳмонхона маъмурлари жойлар ҳокимият томонидан эгаллангани, президент Каримов жанозасида иштирок этиш учун хориждан ва вилоятлардан меҳмонлар келаётганини айтди.

Хайрлашув маросимига танланган одамлар рўйхатдан ўтказиляпти

Самарқанддаги мобил мухбиримизнинг айтишича, эрталаб маросим учун махсус танлаб олиб келинган одамлар рўйхатдан ўтказиляпти.

"Юзлаб дўппи кийган эркаклар, аёллар муассасалар олдида эрталабдан бери кутиб ўтиришганди. Ҳозир эса, мана кечки соат 8 ларда, уларнинг ҳаммасини Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказига тўплаб, ҳаммасини битталаб рўйхатдан ўтказяпти. Уларга яна эрталаб ўз ишхоналари олдида тўпланишни буюришмоқда.Бу одамлар эрталабдан буён оёқда тик туриб кутишди", деди манба.

Cамарқандга Ўзбекистон МТРК карвони йўл олди

Озодлик манбаларининг хабар беришича, Тошкентдан Самарқанд шаҳрига Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг бир неча машинадан иборат карвони йўл олди.

Ўзбекистон ТВ ва радиоси журналистлари марҳум президент Ислом Каримовни дафн қилиш жараёнини суратга олиб, эфирга узатиши айтилмоқда.

Ўзбекистон МТРК карвони Самарқандга қараб йўл олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:13 0:00

Каримовга шошилинч тарзда мақбара қуриляпти

Озодлик мобил мухбирларининг Самарқанддан хабар беришларича, Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг жасади қўйиладиган махсус мақбара қуриляпти.

Мақбара қурилиши
Мақбара қурилиши

Шоҳи Зинда мақбараси яқинидаги Ҳазрати Хизр масжидининг ёнидан мақбара қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Озодлик манбаларининг кузатишича, бу ишга юздан ортиқ одам жалб қилинган, экскаватор, кран ва бошқа техникалар гуриллаб ишламоқда.

Озодлик мобил мухбирининг қурилиш мулозимларидан бирининг гапига таяниб айтишича, Ислом Каримовнинг жасади ана шу мақбарага дафн қилинади.

Мақбара қурилиши
Мақбара қурилиши

Самарқанд шаҳридаги Регистон кўчасидан Регистон майдонигача қип-қизил гилам тўшалди.

Регистон ҳам маърака учун ҳозирланмоқда

Регистон майдонига овоз баландлагич колонкалар ўрнатиш давом этмоқда.

Самарқанд катта маракага тайёргарлик кўряпти
Самарқанд катта маракага тайёргарлик кўряпти

Регистон майдони милиция ходимлари томонидан ўраб олинган, Самарқандни кўриш учун келган сайёҳлар ҳам майдонга киргизилмаяпти.

Озодликнинг мобил мухбири Регистон майдонига бир неча автобусда милиция ходимлари кириб кетганига гувоҳ бўлган.

Самарқанд катта маракага тайёргарлик кўряпти
Самарқанд катта маракага тайёргарлик кўряпти

Унинг айтишича, 2 сентябрь тонгдан турли хил ташкилот ва олийгоҳлардан юзлаб одам йиғилиб, автобусларда Аэропорт-Регистон автомобиль йўлининг икки четида туриш учун олиб кетилган.

Озодлик манбалари, Самарқанд аэропортига тинмай самолётлар қўнаётганини хабар қилмоқда.

"Сўнгги бир соат ичида 4 та самолёт қўнди", деди манба.

Чорраҳа масжиди
Чорраҳа масжиди

Шаҳар марказини кезган самарқандлик манба, ободонлаштириш ишлари бир зум ҳам тинмаётганини айтади:

Самарқанд хиëбонларида тозалаш
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:01 0:00

"Одамлар кечадан буён ҳамма ёқни супуриб-сидирмоқда. Кечаси билан Йўлбарслар хиёбонини ювиб чиқишди. Ҳозир янги гуллар экиляпти, скамейка ва бошқа манзарали панжаралар шошилинч тартибда рангланяпти", деди манба.

Самарқанд катта маракага тайёргарлик кўряпти
Самарқанд катта маракага тайёргарлик кўряпти

Самарқанд вилояти ҳокимлигидаги Озодлик манбасининг айтишича, 1 сентябрь куни кечқурун барча туман ҳокимлари ва мулозимларга, давлат хизматчиларига, ўқитувчи ва шифокорларга оқ кўйлак ва қора костюмда ишга келиш ҳақида топшириқ берган.

Чорраҳа маҳалласи ҳам асфальтлик бўлиб олди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов туғилиб ўсган жойи деб айтиладиган Самарқанддаги Чорраҳа маҳалласининг масжидига олиб борадиган йўлларга бир туннинг ўзида янги асфальт ётқизилди.

Чорраҳа масжиди
Чорраҳа масжиди

​Самарқанднинг энг катта Сиёб бозори 2 сентябрь куни очилмади. Тонг саҳарда молларини кўтара сотадиган деҳқонлар ҳам шаҳарга киритилмай, ортга қайтарилди.

Тушдан сўнг, Самарқанднинг марказий кўчаларига киришнинг умуман имкони бўлмай қолган. Озодлик манбаларига кўра, шаҳарда қуролланган ҳарбийлар пайдо бўлган ва улар шаҳарга кириш йўлларини назорат қиляпти.

Самарқандга қора рангли "Каптива"лар олиб келинмоқда

Самарқанд шаҳрига вилоят туманларидан ва қўшни вилоятлардан бир хил рангдаги "Каптива" автомобиллари келтирилмоқда.

Вилоят туманларидан келтирилган каптивалар
Вилоят туманларидан келтирилган каптивалар

Шундай машиналардан бирининг ҳайдовчиси билан гаплашган Озодлик манбасига кўра, бу "Каптива"лар дафн маросимида меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун олиб келинган.

Озодлик мобил мухбири Самарқандга Қашқадарё вилоятидан 10 автобусда милиция ходимлари келганига гувоҳ бўлган.

Озодлик Самарқанддаги вазиятни кузатишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG