Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:35

The Economist: ​“Ўзбекистоннинг навбатдаги президенти ёмонроқ бўлмаслиги аниқ" (Матбуот шарҳи)


Ислом Каримовнинг саломатлиги издан чиққанини Вазирлар Маҳкамаси 28 август куни тасдиқлаганидан буён чет эллик, жумладан россиялик сиёсатчилар, тадқиқотлари объекти Марказий Осиё бўлган сиёсатшунослар ва журналистлар диққати марказида Ўзбекистон ва унинг пост-Каримов даври қолмоқда. Айни пайтда маҳаллий матбуот жим.

Каримов ҳануз "Оқсаройда қабул қилаяпти"

1 сентябрь куни “Халқ сўзи” газетаси электрон версиясининг бош саҳифасидаги материалларнинг деярли барчасида Ислом Каримов у ёки бу шаклда тилга олинган.

Бир хабар Ислом Каримовнинг сурати ва “Оқсаройда қабул” сарлавҳаси остида берилган ва унинг ичига кирмаган газетхонда президент соппа-соғ ва у иш жойида, деган тасаввур қолади.

Аслида бу хабар 18 августда эълон қилинган ва унда Ислом Каримов 17 август куни Оқсаройда Корея Республикаси давлат бошқаруви ва ички ишлар вазири Хон Юн Сукни қабул қилгани тўғрисида айтилган.

Таъқиқ жорий этилган мавзу?

“Халқ сўзи” газетасида мамлакат президенти саломатлигига оид ҳеч қандай гап йўқ.

Бу ҳолатни таҳририяти Ўзбекистонда жойлашган Интернет нашрларда ҳам кузатиш мумкин.

“Ислом Каримов Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 25 йиллиги билан табриклади” – бу сайтлардан бирининг бош саҳифасида берилган сарлавҳа.

Президентнинг соғлиғи билан боғлиқ вазиятнинг мавҳумлигидан, Ўзбекистондан ташқарида эълон қилинаётган хабарлардан келиб чиқилса, бундай сарлавҳалар мавҳумликни янада кучайтиради.

Каримов ва москвалик нейрохирурглар

Ислом Каримовни даволашга Бурденко номидаги Нейрохирургия илмий-тадқиқот институти ходимлари гуруҳи жалб этилгани тўғрисида хабар қилди lenta.ru сайти 31 август куни институт раҳбари Александр Коноваловга таяниб.

Россия вице-бош вазири: Тошкент биздан ёрдам сўраган эмас

Бу хабар чиққан куни “Интерфакс” агентлиги Россия вице-бош вазири Ольга Городецнинг “Россия билан Ўзбекистон ўртасида имзоланган келишув доирасида Россия Федерацияси президент Ислом Каримовга тиббий ёрдам кўрсатиши мумкин эди. Лекин бу ҳақда Тошкент Москвага расман бундай сўров билан мурожаат қилган эмас”, деган баёнотини тарқатди.

Ислом Каримовнинг саломатлиги издан чиққанини Вазирлар Маҳкамаси 28 август куни тасдиқлаганидан буён россиялик сиёсатчилар, тадқиқотлари объекти Марказий Осиё бўлган сиёсатшунослар ва журналистлар диққати марказида Ўзбекистон ва унинг пост-Каримов даври қолмоқда.

Жириновский

Кремлнинг дилидаги гапни ўз тилига чиқариш санъати билан танилган Владимир Жириновскийнинг “Эхо Москвы” радиосига берган интервьюсидан унда Каримовнинг соғлиғига оид аниқ маълумот йўқлигини тушуниш мумкин. Айни пайтда, унинг айтишича, Кремль Каримовдан кейин Ўзбекистонга россияпараст раҳбар келишининг тадоригини кўрмаган.

“Мана Ашхободни олайлик. Сапармурод Ниёзов ўлди, ўрнига бошқа раҳбар келди. Яъни фақат ўлим орқали мамлакатда ҳокимият алмашади. Ўлим табиий бўлиши мумкин, ҳар ҳолда 78 йиллик умр , бу кам ёш эмас. Қандай бўлмасин, Ўзбекистонда россияпараст кучлар келишига тайёр бўлишимиз керак эди”, деган Владимир Жириновский.

Тасаввурлар факт, деб тақдим этилди

Ислом Каримовни яқиндан билганларнинг айтишича, у киши советча кўникмаларига содиқ қолган ва “Комсомольская правда” ҳар куни ўқийдиган газеталаридан бири (эди).

Мазкур нашр 31 август куни эълон қилган “Если в Узбекистане начнется заварушка, нам там делать нечего”, деган сарлавҳа остидаги мақола (муаллиф - Дмитрий Ольшанский) кибру ҳаво ва сафрога тўла бўлиб, муаллиф назарида Марказий Осиё ва хусусан Ўзбекистон СССР тарқаб кетганидан сўнг 14 асрга қайтган мамлакатдир. Муаллиф минтақа тарихи тўғрисидаги тасаввурларини факт сифатида тақдим этар экан, мақоласини Каримов ўлганидан кейин тўполон чиқиб кетгудай бўлса, бирининг гўштини бири есин, деган маънода тугатган.

“Ўзбекистонда Каримовлар клани ҳокимиятдан четлатилди”, деган сарлавҳа остидаги мақолани “Известия” газетаси босди.

Газетага кўра, Каримовнинг “аҳоли ўта оғирлигича қолмоқда ва шундай шароитда ҳокимият учун кураш шиддат билан авж олмоқда”. “Известия” ўзининг Ўзбекистондаги ҳукмдор доираларга яқин манбасига таяниб, “давлат раҳбари лавозимига даъвогар бўлиш эҳтимоли энг кучли одам бош вазир Шавкат Мирзиёев эканлиги ва у давлат тепасига келган тақдирда Каримовлар клани сиёсий ҳаётдан четлаштирилажаги” тўғрисида ёзди.

Яна бир муҳим гап: “Ислом Каримов ҳаётини сунъий сақлаб турувчи аппаратга улаб қўйилган, бироқ бу, афтидан, бир неча кундаёқ ҳал бўладиган масала”, деб ёзди “Известия” Тошкентдаги манбасига таяниб.

"Президентнинг кичик қизи Лола Каримовани мамлакат раҳбарининг ўлими тўғрисида дезинформация тарқатганликда гумон қилмоқдалар" , деган жумлани "Известия" тилга олганимиз мақолага остсарлавҳа сифатида берган.

"Также, по словам собеседника «Известий», во властных кругах страны сегодня бытует мнение, что прошедшая в СМИ информация о смерти Ислама Каримова 29 августа была распространена его дочерью Лолой. Для чего это могло быть сделано, высокопоставленный источник не уточнил" деб ёзди "Известия".

Ўзбекистон президентнинг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева 29 август куни Ислом Каримов ўтган ҳафта охирида мияга қон қуйилиш ташҳиси билан шифохонага ётқизилгани тўғрисида ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали хабар қилган эди.

"Известия"нинг иддаосига муносабат сўраб Озодлик қилган мурожаатга Лола Каримова-Тиллаеванинг адвокати “Каримова-Тиллаева хоним отасининг аҳволи юзасидан ўзининг Инстаграм ва Фейсбукдаги саҳифаларида иккита хабар эълон қилди. Бундай кулгили, мантиқсиз ва ёлғон эканлиги кўриниб турган айбловларга муносабат билдирмайди”, деб жавоб ёзди.

The Economist: ​“Ўзбекистоннинг навбатдаги президенти ёмонроқ бўлмаслиги аниқ"

Британияда чиқадиган The Economist нашри Каримов билан боғлиқ мақоласини “Ўзбекистоннинг навбатдаги президенти ёмонроқ бўлмаслиги аниқ. Ўзбекистон халқи мустабиднинг ўлими яқинлашаркан, нафасини ютиб турибди”, деган сарлавҳа остида босди.

The Economistнинг ишонишича, Ўзбекистондаги кланлар Ислом Каримов даврида йиғган бойликларини сақлаб қолиш мақсадида ҳокимият учун курашни аллақачоноқ бошлаб юборган ва агар олдиндан хуфя келишувга эришиб олмаган бўлсалар, ҳокимият учун кураш авж олиб кетиши мумкин. Нашр фикрича, ташқи кучлар ҳам бу йўналишда ўз маневрларини бошлаб юборган. Россия Ўзбекистонни эски томорқаси, деб билса, Хитой Марказий Осиёдан сотиб олажак газини, АҚШ эса, Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош бўлгани учун терроризмга қарши иттифоқчиси эканлигидан келиб чиқиб, ҳаракат қилади, деб ёзди The Economist.

Eurasianet: "Ҳокимият учун кураш МХХ назоратида кечади"

Ҳокимият учун кураш, афтидан, Рустам Иноятов етакчилигидаги қудратли Миллий хавфсизлик хизмати назоратида остида ва пардалар ортида бўлади”, дейилади eurasianet.org эълон қилган “Ўзбекистон: президент Каримовнинг касаллиги ворис масаласини кўндаланг қўйди” сарлавҳали мақолада.

Иқтибос сифатида келтирилган юқоридаги фикр Ўзбекистон бўйича лондонлик мутахассис Элис Маммери (Alice Mummery) ники бўлиб, у бундай давом этган: “Бироқ ўзбек режимининг шаффоф эмаслиги каримовнинг ўрнига даъвогарлик қилиши мумкин бўлган номзодлар бўйича таҳлилни мураккаблаштиради”.

XS
SM
MD
LG