Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:29

Бюджет ташкилотлари ва фермерлар банкка нақд пул топширишга мажбурланмоқда


Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳокимлари бюджет ташкилотлари раҳбарлари ва фермерларга банкларга нақд пул топиб топшириш мажбуриятини юклади. Ҳокимларнинг ташкилотлар раҳбарлари ва фермерларга йўллаган мактубида бу тадбир нақд пул билан боғлиқ биринчи даражадаги тўловларни амалга ошириш учун қилинаётгани айтилади. Ҳокимларнинг бу қарорини бажариш учун корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари қўл остидаги ходимлардан нақд пул олиб келиб топширишни талаб қилаяпти. Ойлик маошлари фақат пластик карточкага ўтказиладиган ходимлар эса, бу зуғумдан кескин норозилик билдирмоқда.

Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокими Маҳмуд Эшонов тумандаги барча тадбиркорлар ва бюджет ташкилотлари раҳбарларини чақиртириб, банкларга нақд пулни омонат тартибида қўйишни талаб қилган.

Бу ҳақда Озодликка исми сир қолишини сўраган чинозлик шифокорлардан бири хабар йўллади:

“Барча маҳалла раислари, мактаб, коллеж директорлари, шифохона бош врачларини олдига чақиртириб, шахсан топшириқ берди. Тумандаги барча мактаблар умумий миқдори 100 миллион сўм, ҳар бир коллеж 10 миллион сўм, маҳаллалар эса 50 миллион сўмдан нақд пул топиб банкка қўйишлари шарт экан. Энди эса бош врачимиз биздан нақд пул топширишни талаб қиляпти. Ахир, бу қандай бедодлик бўлди, маошимизни пластикда олсак қаердан нақд пул топиб берамиз”, деб ёзди шифокорлардан бири.

Чиноз тумани ҳокимиятида ишлайдиган Озодлик манбаси, ҳақиқатан ҳам ҳоким шундай топшириқ берганини тасдиқлади:

“Банкларда нақд пул қолмади. Мустақиллик байрами арафасида пенсионерларга, нафақахўрларга нақд пул беришнинг бугун имкони йўқ. Бундай топшириқни вилоят ҳокими барча туман ҳокимларига айтган. Биламиз бу адолатдан эмас, лекин барибир қаердандир нақд пул тушумини таъминлаш керакку”, деди ҳокимлик мулозими.

Бюджет ташкилоти раҳбарларини нақд пул топиб банкка қўйишга мажбурлаш Жиззах вилоятида ҳам қарийб бир ойдан бери амалга оширилмоқда.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида истиқомат қиладиган пенсионер Набижон Жўрабоевнинг айтишича, унга таниш коллеж директори қаердан нақд пул топишни билмай, бош қотганлигини айтган:

“Вилоят ҳокими Сайфиддин Исмоилов келиб мажлис қилибди. Ўшанда тадбиркорлар, фермерлар, мактаб директорларига нақд пул топиб банкка топшириш вазифаси юклатилибди. Кеча бир мактаб директорини кўрдим. У “беш миллион сўм нақд пул топширишим керак экан. Ўқитувчилар маоши юз фоиз пластикда бўлса, ўша пластикдаги пулни ҳам 15-20 фоизга нақд қилиб кун кўраётган бўлса, мен улардан қайси бет билан яна пул сўрайман, деб бошини чангаллаб ётибди”, деди. Ҳокимиятдагилар куракда турмайдиган талабни қўйишяпти”, деди Набижон Жўрабоев.

Жиззах вилояти туманларидан бирида фермерлик қилаётган Озодлик манбаси, фермерларга ҳам беш миллион сўмдан нақд пул топиб, банкка қўйиш талаби битилган ҳужжатни Озодликка тақдим этди.

Фермерларга юборилган мактуб нусхаси
Фермерларга юборилган мактуб нусхаси

Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи имзоси билан ёзилган бу ҳужжатда, “сиз раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги томонидан 2016 йилнинг ўтган даврида етиштириб сотилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ёки бошқа ишлаб чиқарилган маҳсулотлари ҳисобидан хизмат кўрсатувчи банкдаги ҳисоб рақамига 3 кунлик муддатда 5,0 миллион сўм нақд пул маблағини топширишингиз талаб қилинади. Ушбу нақд пул маблағи вилоятдаги 1-даражали тўловларни қисқа муддатда қоплаб, банк кассалари орқали нақд пул маблағи айланмасини кўпайтиради”, деб ёзилган.

Зарбдор туманида яшайдиган инсон ҳуқуқи фаоли Зиёдулло Раззоқов ҳам, бюджетдан маош олиб ишлайдиган ташкилотлар раҳбарлари оғир аҳволда қолганини айтади:

“200 ўқитувчиси бор мактаб директори 5 миллион сўм, 1000 тагача ўқувчиси бор мактаб эса 10 миллион сўм нақд пул топиб банкка қўйиши шарт. Бўлмаса, аризанги ёз дейишяпти. Албатта, бунча пулни уч кунлик муддатда директор топиб беролмайди. Мен таниган директорлардан бири процентга қарз олиб, банкка қўйди. Энди ўқитувчилардан йиғиб оламан, деди”, деди Зиёдулло Раззоқов.

Ўзбекистон Марказий банкининг исми сир қолиши сўраган мулозимларидан бири, Озодлик билан суҳбатда мамлакатдаги нақд пул муаммосини “критический” деб атади:

“Шароит жуда ҳам ҳам оғир. Ҳеч қачон нақд пул билан боғлиқ бундай оғир вазият бўлмаган эди. Банкларга нақд пул жудаям кам тушяпти. Бир қанча банк бошлиқларимиз ишдан кетаман деб ариза ёзган. Чунки, ҳокимлар нақд пул топиб бер деб, банк бошлиқларини сиқувга олади. Уларнинг эса ўз вкладчиклари бор. Нақд пул, орқасида катта куч турган “Абу Сахий”даги сингари банкларга бир сўм ҳам пул қўймай ғайриқонуний савдо билан шуғулланадиган одамлар қўлида. Ана ўшалар қўлида айланиб ётибди”, деди Марказий банк мулозимларидан бири.

XS
SM
MD
LG