Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:50

Россия маъмурлари навоийлик 27 яшар қочқинни Ўзбекистонга бериб юборди


Шу йилнинг 30 июнида Россиянинг Архангельск шаҳрида ҳибсга олинган ўзбекистонлик қочқин Олим Очилов Инсон ҳақлари бўйича Европа суди қарорига хилоф равишда Ўзбекистонга бериб юборилди. Ҳимоячилар Ўзбекистонда “террорчилик ва эктремистик ташкилотларга, жумладан “Туркистон Ислом ҳаракати”га алоқадорликда гумонланаётган 27 яшар навоийлик бу йигит 1 июль куни Москванинг Домодедово аэропорти орқали чиқариб юборилганини айтмоқда.

Ўзбекистон ватандоши, 1989 йилда туғилган Олим Очилов уни депортация қилишга уринаётган Архангельск полицияси устидан жорий йил бошларида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига арз қилди.

Олим ўз юртида унга нисбатан сохта жиноят иши очилгани ва бериб юборилса қийноқлар қўлланиши мумкинлигидан хавотирланиб, Россиядан қочқинлик сўраган. Бироқ, Россия миграция идоралари унинг аризасига рад жавобини бериб, уни депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарган.

Очилов ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаётган Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастури ҳимоячиси Элеонора Давидян 28 июнь куни Страсбург ҳакамлари ўзбекистонликнинг талабларини қондиргани ва уни Ўзбекистонга юбормаслик учун Суд Регламентининг 39- қоидасини қўллаганини Озодликка гапириб берди.

- 30 июнь куни Архангельскда ҳибсга олиниб, у шаҳар аэропорти орқали Москва аэропортига келтирилган. Бунинг ҳаммаси очиқчасига содир бўлаётган эди. У бизга Москва аэропортидан қўнғироқ қилиб, полиция уни депортация қилиш билан таҳдид этаётганини айтди. Биз улар Европа суди қарорини бундай қўпол тарзда бузишлари мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаган эдик, чунки 28 июнь куни Ички ишлар вазирлигига Инсон ҳақлари бўйича Европа суди қарори борлиги тўғрисида билдиришнома юборилган! Ундан ташқари, биз 30 июнь куни телефон орқали ва хат орқали полиция, Бош прокуратура ва бошқа идораларни огоҳлантирган эдик. Биз ҳозир шок ҳолатидамиз, чунки бунгача ўзбек қочқинлари ё ўғирлаб кетиларди, ёки “миграция қоидасини бўзганлиги” важи билан депортация қилинарди. Бунақаси анчадан бери кузатилмаётган эди, деди адвокат Элеонора Давидян.

Шу тариқа, 30 июнь куни Архангельск аэропорти полицияси томонидан қўлга олинган асли карманалик Олим Очилов, 1 июль куни Домодедово аэропортига келтирилган ва у ердан эрталабки 11:20 ларда учоқда Тошкентга бадарға қилинган.

Ҳимоячининг айтишича, Олимов Ўзбекистонда 244-1, 244-2, 159, 155 ва 223 моддалар асосида “экстремистик ва террорчи ташкилотларга алоқадорликда” гумонланиб халқаро қидирувга берилган. У, шунингдек, “Туркистон Исломий ҳаракати” фаоли сифатида унга қўйилаётган барча жиноятларни Россия Федерацияси ҳудудида содир этгани маълум қилинди.

Ҳимоячи Давидян ўзбекистонлик диндорнинг очиқчасига бериб юборилиши куни кеча Россия Ички ишлар вазирлигида содир бўлган ислоҳотлар ҳамда ФМСнинг тугатилиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

- Мен бунга иккита асосдан бири сабаб бўлган, деб ўйлайман. Биринчиси, миграция хизмати ИИВга ўтказилганидан кейин янги келган лаёқатсиз амалдорлар нима қилаётганини тушунмасдан, Очиловни бериб юборган. Тўғриси, бунга ҳатто ўзимнинг ҳам бироз ишонгим йўқ, чунки Миграция департаментида эски одамлар ишлашни давом эттирмоқда. Иккинчи варианти: ўзбекистонлик Россия махфий хизмати – ФСБ буйруғи билан Тошкентга бериб юборилган.Чунки бундай сурбетликка фақат шу ташкилот қодир! дея фараз қилди адвокат.

“Бошпана олиш ҳуқуқи” ташкилоти қочқин Олим Очилов Европа суди қарори қасддан қўпол тарзда бузилган ҳолда Ўзбекистонга бериб юборилгани юзасидан махсус баёнот ҳам тарқатди.

Ариза берувчи вакилларининг фикрича, Европа суди фармойиши депортация учун жавобгар тузилмалар томонидан қасддан эътиборсиз қолдирилган”, дейилади ташкилотнинг махсус баёнотида.

Адвокат Элеонора Давидян “Бошпана олиш ҳуқуқи” Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг лоқайдлиги ва қонунбузарлиги устидан ҳам жиноий иш қўзғатилиши талаби билан чиқишини билдириб, деди:

- Сўзсиз, биз Очилов ишини Европа судида кўриб чиқишни давом эттирамиз. Фақат бу жиддийроқ қонунбузарлик экани барчага аён, чунки Европа суди фармойиши бажарилиши очиқчасига рад этилди. Бундай вазиятда улар “билмасдан қолибмиз” деган баҳоналар билан қутулиши қийин! Биз Россия Адлия вазирлигининг бу ҳодисага изоҳини талаб қиламиз. Ундан ташқари, биз ўзбек қочқинининг адолатсиз тарзда бериб юборилишига алоқаси бор Россия расмийларини жиноий жавобгарликка тортилишини ҳам талаб қилиб чиқамиз, деди Элеонора Давидян.

Таъқидлаш жойизки, Суд Регламентининг 39 Қоидасининг ижро этилмаслиги Страсбург суди томонидан Инсон ҳуқуқлари Конвенциясининг ўта қўпол тарзда бузилиши сифатида қабул қилинади.

Озодлик Европа суди Россия томонидан бу Конвенциянинг олдин ҳам бузилиши қайд этилгани тўғрисида хабар берган.

Ўзбекистонга ноқонуний тарзда бериб юборилган, депортация қилинганлар ва ўғирлаб кетилганлар жумласида андижонлик қочқин Абдумуталиб Абдулҳақов ва Савриддин Жўраевлар, “Хизб-ут Таҳрир” ташкилотига аъзоликда гумонланиб Россияда биринчи бўлиб қамалган ва кейинчалик ўғирлаб кетилган Юсуф Қосимохунов, қувалик Шокиржон Солиев, тошкентлик Умид Ёқубов, диний экстремизмда айбланиб Ўзбекистонга олиб чиқилган андижонлик Азаматжон Эрмаков, Икромжон Мамажонов,Санжарбек Сотиволдиев, Маъмуржон Юсупов, Аҳмаджон Бекпўлатовлар ва кўплаб бошқалар бўлган.

2014 йилнинг сентябрида Россиядан ўғирлаб кетилган ва узоқ муддатга ҳукм этилган яна бир диний қочқин Жавлиддин Ғаниевнинг жасади 2015 йилнинг апрелида Ўзбекистондаги ҳибсхонадан чиққан.

XS
SM
MD
LG