Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:47

Андижонлик ўқитувчилар футбол ҳомийлигига мажбурланди


Бир йигитга қирқ ҳунар оз дейдилар. Ҳунарли одам кам бўлмайди-да. Ана шундан келиб чиқиб қарасак, Андижон вилоятининг мактаб ўқитувчилар жамоаси яқинда, яна ҳам аниқроғи 2016 йилнинг май ойида ўз касбларига яна битта ҳунар қўшиб олибдилар – кимсан, футбол хомийлиги. Қойил қолмай илож йўқ.

Шу кунгача Ўзбекистонда барча мактаб ўқитувчиларининг бир қанча касб-ҳунарлари борлигини билар эдик, жумладан, ғаллакор, пахтакор, сабзавоткор, пилла миришкор, уста-дурадгор, шпакиловкачи деган.

Шунингдек, бирор бир раҳбар йўлдан ўтар бўлса, ўша кўчани тозалаган, супириб-судирган ҳамда гул кўчат эккан ҳам шу қора қул ўқитувчи ҳисобланади. Лекин дунё аҳли ҳали бунақасини кўрмаган бўлса керак.

Қизиғи шундаки, андижонлик педагоглар шаҳарнинг «Андижон» футбол клубини олий лигада сақлаб қолиш учун унинг бир йиллик ўз уйида ўйнайдиган ўйинларининг чипталарини кўтарасига сотиб олибди-я!

Натижада вилоятдаги ҳар бир ўрта таълим муасссасига 100 000 (юз минг) сўмлик чиптага маблағ ўтказиш тўғри келибди, холос. Бўлар экан-ку!

Кўпдан қуён қочиб қутилмас, дейди донолар. Барака топкур ўқитувчилар нима қилсалар ҳам «яхшигина ташаббус» билан чиқибдилар.

Сўнг сўз ўрнида шу ерда беихтиёр худо раҳмат қилгур қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг бир аскияси ёдга тушади:

"Чиқар кўчага падарига лаънат бу ўқитувчини! Ўрнига тракторчини олиб кир!"

Гапнинг пўст калласи шуки, буни эшитганлар нима ҳам дер эди:

- Нималарни ўйлаб топмайди-я, бу ўқитувчи зоти. Ҳе, ўл, ташаббус қилмай! Қўлингдан келган ишни қилсанг бўлмайдими:

- Хўжалик раҳбари ўз ишини қилади, қурувчи – ўз ишини! Деҳқон ҳам ўз ишини ўзи эплайди, зиёлининг ҳам ўз бурчи ва ўз юмуши бор. Хулоса шуки, ишни билиб қилаётган одамларга халақит бермаслик керак.(Президент Ислом Каримов: -Раҳбар кадрлар тўғрисида. «Tafakkur» нашриёти. Тошкент-2014. 39-бет).

Изоҳ: Чинданда, юқоридаги ҳолат кекса ҳамда ўрта бўғин авлодларига советлар даврининг сўнгги йилларини ёдга солиб юбормоқда.

Ўшанда дунё сиёсий саҳнасидан аста-секин сўниб бораётган коммунистик давлат ҳали талабалардан, ҳали бу тоифа вакилларидан театр тамошаларига мажбурий чипта сотиш билан зўрға кун кўрган эди.

Бугун эса худди ўшандай ҳолат Андижонда юз бермоқда. Бечора мактаб ўқитувчисининг кўрмаган куни қолмаяпти. Шундоқ ҳам маҳаллий ҳокимият республикада жорий қилинган Меҳнат кодекси нормаларига риоя қилмасдан ўқитувчи зотини қуллардек эксплуатация қилиб келаётганлиги етмаганидек, олий лигада базўр ўйин кўрсатаётган «Андижон» ФКнинг биров олмайдиган чипталарини қайсидир билағон амалдорнинг ташаббус-тазйиқи билан қўйдек ювош ўқитувчилар жамоасига уялмай, аксинча, сурбетларча пуллаб юборишибди.

Бунақанги ҳолат ҳали футбол тарихида юз бермаган. Уни Гиннеснинг рекордлар китобига муҳрлаш керак.

Бу ёғи ростдан ҳам Анжанчасига бўлиб кетди. Мана шундан кейин ҳам «Андижон» ФК ўқитувчи-мухлислар истаганидек яхши ўйин кўрсатмаса, уни ўйингоҳи билан қўшиб бутунлай кўмиб юбориш керак, холос! Бошқа чора эса йўқ!

Мусажон Бобожон

XS
SM
MD
LG