Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:23

Ўзбекистонлик яна бир "телефон террорчиси"га ҳукм ўқилди


Қувончбек Абдиназаров - "телефон терроризми" учун жавобгарликка тортилди
Қувончбек Абдиназаров - "телефон терроризми" учун жавобгарликка тортилди

Тула шаҳар суди “террорчилик акти борасида ёлғон маълумот берган” 32 яшар Ўзбекистон фуқаросини айбдор деб топди. Шу йилнинг апрель бошидан буён қамоқда сақланаётган Қувончбек Абдиназаров 15 минг рубллик жаримага тортилди ва суд залида озодликка чиқарилди. Озодлик ўзбек муҳожирини террорчилик ҳуружи ҳақида телефон орқали ёлғон хабар беришга нима ундаганини ўрганиб кўрди.

Тула шаҳар Привокзалний туман суди маҳкамаси 2016 йилнинг 15 июн кунги қарори билан 32 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлган Қувончбек Абдиназаровга айблов ҳукмини чиқарди.

Суд уни террорчилик акти борасида ёлғон маълумот тарқатганликда айбдор деб топди, дейди Озодликка бу хабарни тасдиқлаган Тула шаҳар судьяси ёрдамчиси Елена Борисова. У Абдиназаровга суд томонидан нисбатан юмшоқ ҳукм чиқарилди, ваҳоланки у 3 йилгача қамалиши мумкин эди, дейди:

- Уни 15 июн куни судлашди ва Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 207- моддаси 1- қисми асосида айбдор деб топишди. Қамоқда бироз муддат ўтиргани ва ўз айбига тўлиқ иқрор бўлгани ҳамда Жиноят Кодексининг 72- моддаси 5- қисми асосида унга 15 минг рубл миқдорида жарима солинди. Шунингдек, у 300 соат мажбурий меҳнат ишларига жалб қилиниши белгиланди. Абдиназаров суд залида озодликка чиқарилди,- дея маълумот берди суд расмийси.

Суд Қувончбекнинг қарамоғида ёш боласи борлиги, муқаддам судланмагани, Россия Федерацияси ҳудудида расман қайдда туриб, ишлаганини ҳам ҳисобга олиб нисбатан юмшоқ жазо бергани айтилди.

Тула судида аниқланишича¸ Абдуназаров 2016 йилнинг 21 март куни Туланинг Косая Гора қўрғонида ўз таниши билан спиртли ичимлик ичган ва тўсатдан Ўзбекистодан Москванинг Шереметьево аэропортига хотини учиб келаётганини эслаган.

Ўз мобил телефонидан у “112 хизмати”га телефон қилган ва Шереметьево аэропортига террорчилар бомба қўйгани ва хотинига таҳдид қилаëтганини билдирган.

Бу хабар ортидан Россия Ички ишлар вазирлиги ва халқаро аэропорт мутахассислари портловчи моддани топиш мақсадида итлар ëрдамида зудлик билан қатор текширув ўтказган¸ аммо портловчи мослама топилмаган. 21 март куниёқ “террорчилик” ҳақида ёлғон хабар берган Қувончбек ҳибсга олинди. Эртаси куниёқ суд қарори билан у “полиция ходимларига қаршилик кўрсатгани ва уларни ҳақорат қилгани” учун 1500 рубллик жаримага ҳам тортилгани маълум.

Аниқланишича¸ бундай ëлғон воситасида Абдуназаров хотинининг Ўзбекистондан Москвага учиб келишини тўхтатмоқчи бўлган.

Айтиш жойизки, Қувончбек террорчилик ҳуружлари борасида хабар бериб, жавобгарликка тортилган ягона ўзбек муҳожири эмас.

2016 йилнинг январида39 яшар Ноир Темирпўлатов Петербургнинг “Француз булвари” Савдо марказида бомба ўрнатилгани тўғрисида янглиш хабар бергани учун қўлга олинган эди.Февралда эса 36 яшар ўзбекистонлик “телефон террорчиси” шаҳарнинг Красноселский туманидаги Ленин проспектидаги 51 уйга портловчи мослама ўрнатилгани тўғрисида полицияга хато хабар бергани учун ушланган.

Шу йилнинг март бошларида Петербургнинг Рубинштейн кўчасидаги уйлардан бирига бомба ўрнатилгани хабарини тарқатган яна бир 47 ёшли ўзбек муҳожири ҳибсга олинганди. 2008 йилда Шереметьево аэропортида портлаш содир этилиши ҳақида ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига ёлғон хабар берган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган эди.

2011 йилда Олма-Ота шаҳар полицияси томонидан қўлга олинган 31 ёшли ўзбек муҳожири эса портловчи мосламаларнинг шаҳарнинг турли жойларига ўрнатилгани ҳақида камида икки маротаба қилган телефон қўнғироғи учун қамоққа маҳкум этилган.

XS
SM
MD
LG