Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:53

Аҳмадбой “пирамидаси” қандай қулатилмоқда: ЎзТВ Аҳмадбойни "фош қилди"


Аҳмадбой иқрори...
Аҳмадбой иқрори...

16 июнь куни Ўзбекистондаги барча телеканаллар чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевнинг молиявий пирамида тузгани ва у бошқарган ширкат устидан текширув бошлангани ҳақида "фош қилувчи" руҳдаги кўрсатувнинг эфирга узатилиши ҳақидаги промо-роликни намойиш қилмоқда.

ЎзТВ Аҳмадбойни "фош қилди"

Чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевнинг молиявий пирамида тузгани ва у бошқарган ширкат устидан текширув бошлангани ҳақида Ўзбекистондаги барча телеканаллар "фош қилувчи" руҳдаги кўрсатувни эфирга узатишди. Қарийиб 6 дақиқа давом этган кўрсатувда 15 июнь куни қўлга олинган 20 нафар Аҳмадбойнинг "шотир"лари бирма бир намойиш қилинади. Шунингдек Аҳмадбойдан 40 фоиз устама ҳақ эвазига пул олган ва унга 100 фоиз устама ҳақ таъмасида пул берганлар иқрори ҳам кўрсатувдан ўрин олган. Кўрсатув айбсизлик презумпциясига тескари тарзда ҳали устидан ҳукм ўқилмаган Аҳмад Турсунбоев қораланади.

Тошкент телеканали Аҳмадбой ҳибси ҳақида кўрсатув намойиш қилаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:12 0:00

Аҳмадбойга қандай айблов қўйилмоқда?

Озодликка маълум бўлишича, Чиноз "Авто Ҳамкор" ширкати раҳбари 38 яшар Аҳмад Ҳамидович Турсунбоев устидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш) бўйича жиноий иш очилган. Шунингдек Турсунбоев 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бўйича ҳам айбланмоқда.

Аҳмадбойнинг уйини тумонот одам ўраб олди

16 июнь куни эрталабдан Аҳмадбойнинг уйини унга фоизга пул берган фуқаролар ўраб олган. Уларнинг кўпчилиги Аҳмадбойга берган пулларини қайтариб олиш илинжида туришибди. Уй олдида бўлган мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича¸ Аҳмадбойнинг уйи еттита шлагбаум билан тўсиб қўйилган, Олмазор қўрғони милиция қуршовида қолмоқда.

Абдураҳмон Ташанов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:12 0:00
Бевосита линк

Аҳмадбойга пул берганлар ариза ëзиб пулини қайтармоқчи эмас

Аҳмадбойга пул берган кредиторлар милиция ëки бошқа давлат органлари кўмагида пулини қайтармоқчи эмас. Озодлик тасарруфидаги аудио суҳбатларда ховлиси ва машинасини сотиб пулини Аҳмадбойга фоиз учун берганлар даъво қилмаслик¸ Аҳмадбой устидан ариза ëзмаслик ҳақида келишиб олганини айтишади.

Идорасини қора маскалилар босган Аҳмадбойнинг молхонаси ҳам хатланди

Аҳмад Турсунбоевга оид “Чиноз ҳалол савдо” номли сара қорамоллар бўрдоқичилик фермаси 15 июнь кечга бориб хатланган. Бу ҳақда Озодликнинг Чиноз ва ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбалари маълум қилди. Иддао қилинишича¸ бўрдоқи моллар фермаси ва Аҳмадбойнинг молиявий пирамидасига Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган қудратли мулозим акахонлик қилган. Бу мулозимнинг исми шарифи ва унинг Аҳмадбой “пирамидаси”ни қўллагани ҳақидаги фактлар Озодлик тасарруфида мавжуд.

Манбаларнинг айтишича¸ пулдор мулозимлар Аҳмадбойга ўз пулини “кўпайтириш” учун бериб туришган. Бу ҳолатда “Аҳмадбой пирамидаси сахийлик билан дивидент қайтарган”.

Аҳмадбойнинг қўшнилари Озодликка мактуб ëзиб¸ “солиқ идоралари ва бошқа давлат тизимлари мулозимларининг ҳам Аҳмадбойга фоиз эвазига пул берганини” иддао қилишди. Иддаономага кўра¸ “ Тошкентдан давлат идораларига оид машиналар келиб¸ юкхонадан пул солинган қопларни олиб Аҳмадбойнинг уйига киритишган”.

Рейд ортидан Чиноз ИИБсига маҳбуслар¸ шифохонага эса касаллар олиб келинди

Аҳмад Турсунбоевнинг Тошкент вилояти Чиноз туманидаги офиси қора ниқоблилар тарафидан босилган 15 июнь куни Чиноз ИИБ идорасига ўнга яқин киши олиб келинди.

Озодлик манбаларининг айтишига кўра¸ келганлар Аҳмад Турсунбоевга қарши очилган жиноий иш доирасида гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.

Чиноз марказий касалхонасига “юрак хуружи” ташхиси қўйилган Аҳмадбойнинг мижозлари олиб келинган. Аҳмадбойнинг ëрдамчиси Исматилла Иззатиллаевнинг юрак хуружи ташхиси билан касалхонага ëтқизилганлардан бири экани айтилмоқда.

Озодликнинг Чиноз туманидаги бошқа бир манбасига кўра, туман ИИБ шахсий таркиби тўлалигича Аҳмадбойнинг уйини қуршаб олишга сафарбар қилинган.

Озодлик манбасининг айтишича, Аҳмадбой офисида уюштирилган тафтиш натижасида 13 миллиард 138 миллион сўм ва 7 миллион 900 минг АҚШ доллари мусодара этилган. Тафтиш ва ва нақд пул санашга қирққа яқин одам жалб этилган. Озодлик тасарруфидаги тафтиш ва нақд пул санаш жараёнида олинган фото суратлардан ҳам ўта катта миқдордаги нақд пул ҳақида гап бораётгани англашилади.

"Бой" ҳибсда қолмоқда

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси Аҳмад Турсунбоев 15 июннинг ўзидаëқ Янгийўлга олиб кетилгани ва вақтинча ҳибсда қолаëтганини айтди.

Аҳмад Турсунбоев 15 июнь куни қора ниқоблилар босган пайтда "офисда бўлган".

Турсунбоев сўроқдан кейин шаҳарни тарк этмаслик шарти билан қўйиб юборилди¸ деган дастлабки хабар тасдиқланмади.

Озодлик радиоси Аҳмадбой Турсунбоеов фаолиятига йиллар давомида шароит яратиб берган маҳаллий расмийлар муносабатини олишга ҳаракат қилмоқда.

Озодлик радиоси суҳбатлашган Чиноз расмийларидан бирининг исми айтилмаслик шарти билан айтишича:

"Чинозда Тўхтасин¸ Мурод¸ Мухриддин¸ Расул¸ Фаррух ва бошқа ўндан ортиқ одам Аҳмадбой системасида ишлайди. Ҳамма лихорадкада. Энг каттаси Тўхтасин ва Аҳмад. Шотирлари қутуриб кетган. Ҳаммасида Каптива ва иномарка. Ана пулнинг кучи. Ҳозир очганларни ҳаммаси ëпиқ. Эшикларининг тагида тумонат одам. Жиззах ва Сирдарëда ҳам точкалар очишган. Аҳмадни шотири ва жияни Иззат исмли шахсни уйидан пул эни 4¸ узунаси 10 метрлик Isuzuda олиб чиқилган".

Аҳмад Турсунбоев уйини қора маскалилар босгани ортидан ижтимоий тармоқларда ваҳима кучайди.

Алишер Эргашев исмли юзернинг Facebook тармоғида ëзишича¸ бир кун олдин Аҳмадбойнинг вакиллари "Тирик бўлса, пулларингизни қайтариб оласизлар¸ ўлиб кетса, уйига келиб болаларидан даъво қилмайсизлар", деган гапни айтишган. Гап "дивиденд" эвазига Аҳмадбойга топширилган омонат пуллар ҳақида кетаяпти.

100 фоизлик дивиденд васвасаси

Қора маскалилар кўмагида қўлга олинган Аҳмад Турсунбоевга қарашли Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган “Чиноз Авто Ҳамкор” фирмаси йилига камида 100 фоизлик дивиденд ваъдаси билан одамлардан омонат олиш билан шуғулланиб келган.

Автомобил савдосига ихтисослашганига қарамасдан молиявий хизмат кўрсатиш билан шуғулланган фирма “молиявий пирамидага” ўхшаса-да, пулини икки баробарга кўпайтириш таъмасида бўлганлар сони кун сайин кўпайиб борган. Шу йилнинг апрель ойида бу мавзуни ўрганган Озодлик мухбирига маълум бўлишича, ўша пайтда Аҳмадбойга пул берган омонатчилар сонининг 40 мингга етгани тахмин қилинган.

Жараëнни кузатишда давом этамиз...

XS
SM
MD
LG