Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:48

Россиядан Ўзбекистонга юборилаётган пул ҳажми 2 йилда 3,5 мартага қисқарди


Россиядан МДҲ га аъзо давлатларга жисмоний шахслар жўнатаётган пул маблағлари ҳажми икки йилда тақрибан 3,5 баробарга қисқариб кетди.

Бу 2016 йил I чорагидаги кўрсаткичларнинг 2014 йил I чорагидаги, яъни Россияда иқтисодий инқироз бошлангунга қадар даврдаги кўрсаткичларга қиёсдан ҳосил бўлган хабардир.

Марказий банкка кўра, жорий йилнинг дастлабки 3 ойида МДҲ мамлакатларига Россиядан ҳаммаси бўлиб $914 млн. жўнатилган. 2014 йилнинг I чорагида эса, бу кўрсаткич $3,3 млрд.ни ташкил қилган эди.

Россия Марказий банкидан олинган маълумотларни бу мамлакатда чоп этиладиган Коммерсантъ газетаси эълон қилди.

Газета фикрича, Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг катта қисми нолегалдир.

Шунинг учун ҳам улар қозонаётган иш ҳақлари тўғрисида статистика йўқ.

Мана шундай шароитда Россиядан юборилаётган пул жўнатмалари меҳнат бозорининг меҳнат муҳожирлари банд бўлган сегментидаги аҳвол тўғрисида тасаввур ҳосил қиладиган деярли ягона кўрсаткичдир.

Пул ўтказиш тизимлари орқали юборилаётган жўнатмалар ҳажмининг 2 йилда 3,6 баробарга қисқариб кетгани ҳақида айтилар экан, бу давр ичида рубль долларга нисбатан икки баробарга қадрсизланиб кетганини назарда тутиш лозим.

Коммерсантъ Халқаро валюта жамғармаси прогнозини ҳам келтирган.

Жамғармага кўра, 2016 йили Марказий Осиё мамлакатларида йиллик ўсиш 1,2% гача пасайиши кутилмоқда.

Бу сўнгги 20 йил ичида энг паст кўрсаткичдир. Масалан, 2008-2014 йилларда йиллик ўсиш 8 % гача етган.

ХВЖ мутахассислари фикрича, бу пасайиш Россия иқтисодиётидаги пасайиш оқибати ҳамдир.

Чунки Арманистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг ички ялпи маҳсулотининг, асосан Россиядан юбориладиган пул жўнатмалари ҳажми, 2015 йилда 9% дан 32% гача бўлган қисмини ташкил қилган.

Пул ўтказиш тизимлари орқали юборилаётган жўнатмалар ҳажми МДҲ га аъзо давлатларнинг бирига кўпроқ, бошқасига камроқ қисқарган.

Жўнатмалар ҳажми катталиги бўйича Ўзбекистон ҳануз биринчиликни қўлдан бермай келаётир.

2016 нинг I чорагида Россиядан Ўзбекистонга $256 млн. жўнатилди. Бу 2014 нинг I чорагидаги кўрсаткичдан 3,5 баробарга оздир. Ўшанда $910 млн. жўнатилган.

Россиядан Тожикистонга пул жўнатмалари ҳажми қулаб тушди, дейиш мумкин. Қисқариш 6,3 баробарни ташкил қилган. 2014 нинг I чорагида бу мамлакатга Россиядан $644 млн. жўнатилган бўлса, жорий йил I чорагида бу кўрсаткич $103 млн.ни ташкил қилди, холос.

Пул жўнатмалари ҳажми бўйича Ўзбекистон биринчи, Украина учинчи ва Тожикистон тўртинчи ўринни эгаллади.

Қирғизистон эса, илгари эгаллаб келган тўртинчи ўриндан иккинчи ўринга чиқиб олди.

Бу ҳолатни Коммерсантъ Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га кириши ва натижада бу мамлакат фуқаролари Россияда қимматга тушувчи меҳнат патентлари расмийлаштириш заруратидан қутулгани билан изоҳлади.

Лекин шунга қарамай, Қирғизистонга жўнатмалар ҳам 2 йилда 2,6 баробарга қисқарган. 2014 нинг I чорагида бу мамлакатга Россиядан $386 млн. жўнатилган бўлса, жорий йил I чорагида бу кўрсаткич $150 млн.ни ташкил қилди, холос.

XS
SM
MD
LG