Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:48

АҚШ Адлия Вазирлиги Гулнора Каримова ва унинг шерикларини судга берди


Bloomberg ахборот агентли тарқатган хабарга кўра, АҚШ Адлия Вазирлиги Гулнора Каримова ва унинг шерикларини 21 апрель куни Нью-Йоркдаги Манхэттен федерал судига берди.

АҚШ Адлия Вазирлиги Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ва унинг бир неча яқин шерикларини Швейцария банк ҳисобларида сақланаётган 550 миллион доллардан кўпроқ маблағни топшириш ҳақидаги АҚШ ҳукумати талабини менсимасликда айбламоқда.

Манхэттен федерал судига ариза билан чиққан прокурорларга кўра, Гулнора Каримова ва унинг шериклари учта банк рақами юзасидан февраль ойида юборилган шикоят аризасига жавоб бермаганлар.

Мазкур аризада Гулнора Каримова тилга олинмаган.

Унда фақат “Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори мартабали расмийнинг яқин қариндоши бўлган ҳукумат расмийига” пора берилгани таъкидланган.

Аммо, Адлия Вазирлигининг бу галги аризасида Гулнора Каримова ва шериклари исмлари келтирилган.

Ушбу иш қароргоҳи Амстердамда жойлашган VimpelCom ширкати устидан қўзғатилган коррупция ишига таллуқлидир.

VimpelCom Ўзбекистондаги унга қарашли Unitel шуъбасининг фаолиятига боғлиқ мазкур ишни ёпиш учун АҚШ ва Ҳолландия назорат идораларига 795 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашга рози бўлган эди.

Гулноранинг шериклари

АҚШ Адлия Вазирлиги Гулнора Каримовадан ташқари яна олти шахс ва икки ширкат, жумладан Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant Ltd ширкатини судга берган.

Аризада Takilant ширкатига “Ўзбекистон президентининг қариндоши“ эгалик қилиши билдирилган.

Шу йил январида Ўзбекистон ҳукумати музлатилган пуллар жиноятчилар тарафидан ўмарилгани ва мамлакатга қайтарилиши лозимлиги айтилган мактуб билан АҚШга мурожаат қилган эди.

Ўзбекистон Адлия вазири Музраф Икромов имзоси билан жўнатилган мактубда жиноятчилар орасида Гулнора Каримованинг исми келтирилмаган, лекин унинг жазмани Рустам Мадумаров ва хос ёрдамчиси Гаяне Авакянлар асосий жинояткорлар сифатида тилга олинганди.

Bloomberg ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати ва Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси АҚШ Адлия Вазирлигининг сўнгги аризаси бўйича ҳозирга қадар изоҳ бермаган.

XS
SM
MD
LG