Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:43

Тожикистонда фоҳишаларга аҳлоқ дарслари таклиф қилинаяпти


Тожикистонда маҳаллий ҳокимиятлар фоҳишалик билан шуғулланаётган аёл-қизлар учун аҳлоқ дарсларини ташкил қилмоқда. Расмийларга кўра, бундан асосий мақсад аёлларнинг тўғри йўлга қайтишига ёрдам беришдир. Озодлик мухбирлари қўрғонтепалик бир аёл мисолида бу мавзуни ёритишга уринди.

Марзиянинг нима иш билан шуғулланишини унинг оила-аъзолари ҳамда икки фарзанди билмайди.

У ҳар куни кечқурун вилоят пойтахтига официант ўлароқ ишлаш учун эмас, балки фоҳишалик қилиш учун боради.

Аммо, энди у уч ҳафтада бир марта Қўрғонтепа шаҳри милицияси уюштираёган аҳлоқ дарсларидa иштирок этмоқда.

Хатлон вилояти ҳокимиятининг "Оила ва аёллар ишлари" бўлими етакчиси ўринбосари Қумринисо Сангалиеванинг айтишича, мазкур дарслардан асосий мақсад “бу аёллар тўғри йўлга қайтишларига ёрдам беришдир”.

Бундай дарслар Тожикистонда илк маротаба уюштирилмоқда. Биринчи дарс апрель ойи бошида ўтказилди.

Тожикистонда фоҳишалик майда қонунбузарлик ҳисобланади ва бу иш билан шуғулланганлар жаримага тортилади, холос. Қайта-қайта фоҳишалик қилганлар эса қўлга олиниши мумкин.

Озодлик радиоси ходимлари илк аҳлоқ дарсида кузатувчи сифатида иштирок этди. Дарсга маҳаллий милиция фоҳишалик қилишда айблаган аёллар жалб қилинди.

Дарсда сўзга чиқиш учун шифокор, милиция ходимлари ҳамда маҳаллий етакчилар таклиф қилинди. Улар одоб-ахлоқ ҳақида сўзлашди ҳамда аёлларга бошқа иш топиш ҳақида маслаҳат беришди.

Милиция ходимлари фоҳишалар дуч келадиган хавф-хатарга, жумладан, одам савдоси қурбони бўлиш хавфига урғу беришди. Шифокор эса таносил касалликларни олдини олиш ва уларни даволаш ҳақида сўзлади.

Сангалиева бундай дарслар аёлларни бу ишни ташлашга чорлаш учун етарли эмаслигини тан олади. Аммо, у иштирокчилар расмийларнинг уларга ёрдам беришга тайёр эканини билишларини хоҳлайди. Унинг айтишича, расмийлар бу аёллар бошқа иш топишларида ёрдам бериш учун турли курсларни уюштириб бериш ниятида.

Илк дарс якунига етганидан кейин Сангалиева айрим аёллар янги иш бошлаш таклифга рози бўлгани, бошқалари эса рози бўлмаганини айтди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган йилнинг ноябрь ойида фоҳишалар орасида ўтказган сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 80 фоиздан ошиғи моддий сабабларга кўра бу йўлга ўтганини айтган. Сўровда қатнашганлар иш топилса, фоҳишаликни ташлашини билдирган.

Ишсизлик Тожикистонда катта муаммо бўлиб, мамлакатнинг 1,2 миллион фуқароси хорижга, асосан, Россияга меҳнат муҳожирлигига боради.

Тожикистонда фоҳишалик билан шуғулланувчи шахсларнинг сони ҳақида расмий маълумот йўқ. Хатлон вилоятида ўтказилган рейдлар давомида 70 га яқин аёл-қиз қайд этилган. Аммо расмийлар бу кўрсаткич аслида бундан анча юқори эканига ишонади.

XS
SM
MD
LG