Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:58

Гулноранинг собиқ ҳисобчиси "Нурик" 18 йилга қамалди


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова тижорий тизимларидан бирида юқори лавозимда ишлаган ва коррупцион схемаларга алоқадор кўрилган "Нурик" лақабли Нурмуҳаммад Содиқов 18 йилга Озодликдан маҳрум қилинган. Бу ҳақда Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистондаги манбаларидан олган маълумотга таяниб 9 апрель куни хабар қилди.

Нурмуҳаммад Содиқов узоқ йиллар давомида Гулнора Каримованинг шахсий ҳисобчиси вазифасини бажариб келгани айтилади.

Уч йил аввал Содиқов Араб Амирликларидан қайтганида Тошкент аэропортида қўлга олинган ва унга молиявий қаллобликлар билан боғлиқ айбловлар қўйилган эди.

Франциядаги Марказий Осиёда инсор ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаеванинг айтишича, Содиқов устидан ҳукм яқинда ўқилган.

- Ҳозир бизга аён бўлишича Нурмуҳаммад 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган,- деди Надежда Отаева Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон тергов идоралари Гулнора Каримова хорижий телеком ширкатларидан йирик миқдорда пора олган, деган иддао билан Европа ва АҚШда тергов қилинаётган жиноят ишларига алоқадор бир қатор шахсларни ҳибсга олган.

Ҳибсга олинганлар орасида Гулнора Каримованинг фуқаровий эри Рустам Мадумаров ва хос ёрдамчиси Гаянэ Авакянлар ҳам бор.

Улар 2014 йилнинг май ойида одам ўғирлаганликда айбдор деб топилиб, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан 9 ва 6 йилга қамоққа ҳукм этилган эди.

Ўғирланган одам эса Нурмуҳаммад Содиқов бўлган. Ўзбекистон Бош прокуратураси Содиқовни Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаров ёллаган собиқ ҳарбийлар ўғирлаганини билдирган эди.

Нурмуҳаммад Содиқов ҳибсга олинишидан аввал 2013 йилнинг ноябрида Гулнора Каримовага яқин одамлар тарафидан ўғирлаб кетилганини унинг яқинлари Озодликка айтишган эди.

Озод этилишидан бир неча кун ўтиб, Содиқов Twitter тармоғи орқали ўзини Гулнора Каримованинг одамлари унинг кўрсатмасига кўра ўғирлашганини иддао қилганди.

Нурмуҳаммад Содиқовга нисбатан ҳукмнинг қачон ва қайси маҳкама тарафидан чиқарилгани маълум эмас. Ўзбекистон суд-тергов идоралари бу хабарп юзасидан Озодликка изоҳ беришдан бош тортишди.

Надежда Отаеванинг айтишича, Гулнора Каримова атрофидаги шахслар, жумладан Содиқов устидан маҳкама ҳам ёпиқ ўтказилган.

– Афсуски жамоатчилик бу суд жараёнларини кузатиш имконига эга бўлмаяпти. Бу шахслар устидан маҳкамалар ёпиқ ўтказиляпти. Сабаби бу коррупция схемалари марказида Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг турибди. У президент отасининг соясида бу ишларни қилгани, уни хизмат мавқеидан фойдалангани маълум. Айнан шунинг учун бу жараёнлар жамоатчиликдан ёпиқ ўтказиляпти,- дейди Надежда Отаева.

Гулнора Каримованинг йиллар давомида йирик хорижий телеком ширкатлари ва маҳаллий бизнес тузилмалардан юзлаб миллион доллар миқдорида пора олиб келганига ишора қилувчи ҳужжатлар Озодлик иштирок этган журналистик суриштирувлар натижасида фош этилди.

Хусусан, Швециянинг TeliaSonera, Россиянинг Vimpelcom ва МТС ширкатларига Ўзбекистонда бизнес қилиш имкони эвазига Гулнора Каримова камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора олганига ишора қилувчи ҳужжатлар журналистик суриштирувларда ошкор этилди.

2014 йилнинг сентябрида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова дохил "уюшган жиноий гуруҳ" устидан тергов бораётганини билдирган эди. Нурмуҳаммад Содиқов ҳам давлатга ўнлаб миллион доллар зарар етказган жиноий гуруҳ аъзоси сифатида кўрилаётган эди.

XS
SM
MD
LG