Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:42

Юқори мансабли Миллий хавфсизлик зобити ўзини отиб ўлдирди


Ўзбекистон МХХ тизимида сўнгг бир йил ичида шов-шувларга сабаб бўлган воқеалар тез-тез содир бўлмоқда
Ўзбекистон МХХ тизимида сўнгг бир йил ичида шов-шувларга сабаб бўлган воқеалар тез-тез содир бўлмоқда

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати полковниги ўз жонига қасд қилди. 6 март куни рўй берган воқеада МХХ Моддий-техникавий таъминот бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Игорь Пирожков хизмат кабинетида тўппончадан ўзини отиб ўлдирди. МХХнинг нафақат Ўзбекистон, балки хориждаги фаолияти сарф-харажатлари учун масъул бошқарма фаолияти бир неча ойдан бери тафтиш этилаётгани айтилмоқда. Озодликка яна маълум бўлишича, бу сўнгги уч ой ичида МХХ зобитининг ўзини отиб ўлдириши билан боғлиқ иккинчи ҳодисадир.

МХХ полковнигига ўзини отиш маслаҳат қилингани даво қилинди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси мулозими ўзини отиб ўлдиргани тўғрисидаги дастлабки хабар Озодликка ўтган ҳафта номаълум манба тарафидан етказилди. Лекин бу ҳодиса ҳақиқатан 6 март куни рўй берганини МХХга яқин яна икки манба сешанба куни тасдиқлади. Озодлик манбалари унинг исмини ҳам ошкор қилишди.

“МХХ Моддий-техникавий таъминот бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Игорь Васильевич Пирожков 6 март куни ўзининг кабинетида хизмат тўппончасидан бошига ўқ узиб, нобуд бўлди. Мазкур бошқарма МХХ тизимидаги энг нуфузли тузилмалардан биридир. Барча молиявий масалалар, жумладан мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги махсус амалиётларни молиялаш учун масъул бошқарма бу. Бошқарманинг фаолияти бир неча ойдан бери тафтиш этилаётган эди”, дейди манба.

Ҳодисадан хабардор яна бир манбанинг айтишича, бош бошқарманинг тафтиш этилишига катта маблағнинг талон-торож қилингани сабаб бўлган.

“Бу бошқарма МХХнинг нафақат Ўзбекистондаги, балки мамлакат ташқарисидаги резидентуралардан тортиб, идора фаолияти учун керакли бўлган анжомларни сотиб олиш сарф-харажатлар масаласини ҳал этади. Бу жада катта пул. Кейинги 20 йил ичида мунтазам катталашиб келган тизимга давлат тарафидан қанча пул ажратилишини тасаввур қилиш мумкин холос. Бундан уч йил аввал ҳам бошқарма бошлиғи генерал Убайдуллаевни талон-торожда айблаб, ҳибсга олишган, лекин мол-мулкини тортиб олишиб, қўйиб юборишган эди. Бу сафар ҳам катта пул ўмарилгани айтилмоқда. Лекин Игорь Пирожков бу ишга аралашган бўлса ҳам, асосий шахс эмас. У шунчаки “гуноҳ эчкиси” бўлди. Мендаги маълумотга кўра, бу иш устида турган каттароқ зобит унга шундай йўл тутиш тўғрисида маслаҳат берган. Кейинги пайтларда у ичкиликка ружу қўйган эди. Афтидан ҳамма айбни унга тўнкашган, лекин у саводли йигит эди. Ёши ҳали 50ка бормаган эди”, дейди Озодлик манбаси.

Озодликка ўтган ҳафта жўнатилган илк хабарда ҳам, МХХ зобитига ўз ҳаётига нуқта қўйиш тавсия қилингани таъкидланган эди.

Уч ой ичида иккинчи худкушлик

Озодлик манбаларига кўра, декабрь ойида ҳам Тошкент вилояти МХХ зобити ўзини отиб ўлдирган
Озодлик манбаларига кўра, декабрь ойида ҳам Тошкент вилояти МХХ зобити ўзини отиб ўлдирган

Озодлик манбасининг яна маълум қилишича, бу сўнгги уч ой ичида МХХ зобитининг иш жойида ўзини отиб ўлдириши билан боғлиқ иккинчи ҳодисадир. Ўтган йилнинг декабрида МХХ иқтисодий жиноятлар бошқармаси ходими ўзини отиб ўлдирган эди, дея иддао қилади манба.

“Бу МХХ тизимида уч ой ичида иккинчи "самострел"дир (худкушлик). Декабрда ҳам тонг саҳар 6да Тошкент вилояти МХХ бошқармасида иқтисодий жиноятларни тергов қилиш бўлими зобити хизмат кабинетида ўзини отган эди. Ўқ бошининг ярмини ўпириб ташлаган. Гильза ойнада учиб чиқиб кетган эди. Кўчадан излаб топишди. Бу иш махфийлаштирилган”, дейди Озодлик манбаси.

Сўнгги бир йил ичида МХХ тизимида катта шов-шувга сабаб бўлган терговлар натижасида ўнлаб зобитлар қамоққа олинганини эслаш жоиз. Жумладан, МХХ раисининг биринчи ўринбосари генерал Ҳаёт Шарифхўжаев ишдан четлатилди, унинг укаси МХХ полковниги Жавдот Шарифхўжаев 15 йилга қамоққа ташланди.

Айни пайтда, Узметроном нашрининг 15 март куни ёзишича, МХХ тузилмаларида кадрларни тозалаш жараёни шу кунларда ҳам давом этмоқда. Ҳокимият тизимларидаги ишончли манбалариган таянган нашрга кўра, бир неча кун аввал Тошкент шаҳар МХХ бошқармаси бошлиғи ишдан четлатилган. Шунингдек, Тошкент вилояти МХХ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари ҳибсга олинган. Чирчиқ шаҳар МХХ собиқ бошлиғи устидан суд якунланмоқда. Нашр эълон қилган хабар муаллифи сўнгги икки йил ичида кўплаб МХХчилар қамоққа олинганини қайд этиб, "бундай истиқболни истамаганлар табел қуроллари борлигини эслашмоқда", дея ёзди.

Ўзбекистонда куч ишлатар идоралар ходимларининг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ ҳодисалар кейинги пайтларда тез-тез учрамоқда.

Декабрь ойида Андижон вилояти Балиқчи туманида ИИБ Қўриқлаш хизмати ходими 28 ёшли Диёрбек Давлатов иш жойида осилган холда топилган эди.

Ноябрь ойида, уч нафар милиция зобити ўзини ўлдирган эди. 20 ноябрь куни Янгийўл тумани Гулбаҳор ички ишлар бўлими жамоат тартибини сақлаш бўлими бошлиғи ўринбосари, капитан Шарофиддин Темиров иш жойида хизмат тўппончаси билан ўзини отиб ўлдирган эди.

28 ноябрь куни Самарқанд вилояти Нуробод тумани ИИБ ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўлими бошлиғи ўринбосари, 30 яшар Ойбек Мамараҳимов ва бошқа ҳамкасби ўзини осиб ўлдирган эди.

Ўтган йилнинг апрелида Сирдарë вилояти Ички ишлар бошқармасининг шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғи подполковник Бахтиëр Отаев МХХга сўроққа чақиртирилганидан кейин ўзини осиб ўлдиради.

XS
SM
MD
LG