Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:34

Ургут қишлоқларига Мирзиëев учун ясаниш талаби қўйилди


Ургут қишлоқларининг Мирзиëев ўтиши кутилаëтган катта йўл бўйида жойлашган ҳовлиларига 9 майга қадар фасадини ясантириш буюрилди.
Ургут қишлоқларининг Мирзиëев ўтиши кутилаëтган катта йўл бўйида жойлашган ҳовлиларига 9 майга қадар фасадини ясантириш буюрилди.

Ургут марказидан ташқарида қурилаëтган янги савдо ва кўнгилочар комплексини 9 майгача тугатишга уринаëтган туман ҳокими бу бозорга элтадиган катта йўл бўйидаги қишлоқ уйларининг ташқи кўринишини бир хил қумсувоқ қилиб¸ бир хил рангга бўяшни буюрди. Мажмуа очилишига шахсан Бош вазир келади¸ деган иддао билан ҳоким уйма-уй юриб¸ ҳовлиси фасадини тузатмайдиганларни солиқларни ошириш ва узумзор ерларни тортиб олиш билан қўрқитмоқда.

Озодликка мурожаат қилган ургутликларга кўра¸ шу кунларда маҳаллий ҳокимият 9 майгача қурилишини битказишга уринаëтган янги савдо ва кўнгилочар мажмуасига элтувчи йўл Жарқишлоқ ва Қолдиважар қишлоқларидан ўтади.

Озодликка боғланган ургутликларга кўра¸ кейинги кунларда бу қишлоқлардан ўтувчи катта йўл ëқасидаги уйларга бирма-бир кириб чиққан ҳоким уй эгаларини ҳовлиси фасадини қумсувоқ қилдириб¸ бир хил рангга бўяшни буюрган:

- Уч кун олдин Ургут ҳокими келиб¸ йўл ëқасидаги дарахтларни оҳак билан бўянглар¸ уйлар ташқи томонини цемент ва йирик қумни аралаштириб¸ кафель ранггига бўяйсан¸ деб кетди. Буйруғимни бажармаганларни налогга топшираман¸ деб қўрқитаяпти. Бу қишлоқдагилар узумчилик билан шуғулланади. Уларга ерингни оламан¸ налогни 20 фоизга ошираман¸ деб дағдаға қилди¸ дейди ургутлик суҳбатдош.

“Кеча Тўрткўлдаги қурилишни тезлатиш учун вилоят ҳокимининг ўзи келди. Ҳаммаси бўл-бўл қилиб¸ қурилишни тезлаштириб ëтибди. Очилишга Бош вазир келармиш. Шунга Мирзиëев ўтадиган йўл бўйидаги 100 дан ошиқ ҳовлининг ташқи томонини бир хил қилиб бўяш керакмиш. Одамларда бунақа ясан-тусанга пул борми-йўқми¸ ҳеч кимнинг иши йўқ. Россиядагиларнинг кўпи қайтиб келиб¸ ишсиз ўтирибди. Узумчилик¸ майиз бозори ҳозир ўлган. Борлар ремонтни қилар¸ йўқлар нима қилсин? Қумсувоғи¸ камида 100 долларга тушармиш. Бу пул борда бор¸ йўқда йўқда. Қозонини сувга ташлаб ўтирганлар қанча қишлоғимизда” дейди Озодлик мухбири гаплашган фасади ясаниши керак бўлган уй эгаларидан бири.

Аниқланишича¸ оддий аҳоли норозилигига сабаб бўлаëтган ҳоким буйруғи Ургут туман марказидан 15 километр масофада жойлашган “Тўрткўл” маҳалласидаги катта қурилиш лойиҳаси билан боғлиқ.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги расмий сайтида февраль ойи охирида эълон қилинган хабарга кўра¸ Ургутнинг ушбу маҳалласида 1000 ўринга мўлжалланган амфитеатр, ҳаммом, 30 та савдо дўкони, учта маиший хизмат уйи, умумий овқатланиш шохобчаси, сунъий қопламали стадион, шунингдек, қишлоқ врачлик пункти қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Мазкур қурилишга яқин манбанинг айтишича¸ айни кунларда бу лойиҳани тезроқ битказиш учун катта куч сарфланмоқда ва унинг очилиш маросимига шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиëевнинг келиши кутилмоқда.

- Бинолар ҳозир ҳаммаси битган. Маҳалла биноси¸ ҳаммом¸ ошхона¸ тўйхона ва 28 та дўконнинг ғишти кўтарилди¸ лекин кўпининг томи ҳали ëпилмаган. Шуларни битиришга ҳозир қаттиқ ҳаракат бўлаяпти. Ургут марказидан “Тўрткўл”га келадиган иккита катта йўл бор. Ҳозир шу йўллар ëқасидаги уйлар ва боғларни тартибга солишга ҳам буйруқ берилган. Лекин ҳозир ëғингарчилик сезони. Одамларни унча қистамаяпмиз. 9 майга яқин фасадлар ҳоким айтган рангга бўялиб¸ дарахтлар оқланиб¸ ариқлар ковланиб¸ кўзга хунук кўринадиган дарахтлар кесилиб¸ ҳамма жойга ишлов берилади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда “Тўрткўл” мажмуаси қурилишига алоқадор расмий манба.

Бош вазир Шавкат Мирзиëевнинг 2009 йилги аҳоли пунктларини ободонлаштиришга оид қароридан сўнг йиллардан бери Ўзбекистоннинг аксар шаҳар ва қишлоқларида катта қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Мазкур қарор ижроси сифатида амалга оширилаëтган кўплаб қурилиш лойиҳаларининг ишга топширилишига шахсан Бош вазирнинг ўзи бориши анъанага айланган.

Бош вазир келадиган тадбирлар олдидан давлат муассасалари хизматчилари¸ қолаверса¸ ўқувчи-талабаларни оммавий тарзда мажбурий ҳашарга олиб чиқиш¸ Мирзиëев кортежи ўтадиган кўчалар бўйларини қаттиқ совуқ ëхуд жазирама иссиқда тозалатиш¸ хусусан¸ йўл бўйларидаги уйлар фасадини бўяб-бежаш ҳам¸ Озодликка келаëтган хабарларга қараганда¸ одатий ҳолга айланган.

Авваллари асосан президент Ислом Каримовнинг Тошкентдан ташқари сафарларига қилинадиган бундай ясан-тусанлар¸ кейинги йилларда Бош вазир пойига ҳам қилинмоқда.

Шаҳар ва қишлоқлардаги халқ турмуш даражасини фаровон қилиб кўрсатиш¸ хўжалик ютуқларини бўрттиришга қаратилган бундай уринишлар¸ айрим ҳолларда¸ абсурд даражага етмоқда.

Хусусан¸ 2015 йил октябрида Бош вазир Мирзиëев келишига Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги Шаҳартепа қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўли четидаги пахтаси териб олинган чаноқларга қайтадан пахта елимлаб чиқилган эди.

Маҳаллий ҳокимликларнинг давлатни бошқараëтганларни алдаши¸ Тошкентдан келадиган Каримов ва Мирзиëевларнинг ҳам бундай алданишга мойиллиги¸ Ўзбекистонда ҳам “Потëмкин қишлоқлари” қуриш анъанасини кучайтириб юборди.

(Қиролича Екатерина II 1787 йилда Усмонли империясидан тортиб олинган Украина ва Қримга саëҳат қилганида¸ князь Потëмкин буйруғига мувофиқ¸ қиролича ўтадиган йўл бўйларида фаровон ва бахтиëр турмуш рамзи сифатида одам яшамайдиган сохта қишлоқлар барпо қилинган ва шундан бери “Потëмкин қишлоқлари” ибораси ҳукмдорларни алдаш учун қилинадиган кўзбўямачиликни англатадиган бўлиб қолган –таҳр.)

XS
SM
MD
LG