Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:23

Самарқандда милиция ходимлари бир аёлни калтаклаб, машина юкхонасига солмоқчи бўлди (ВИДЕО)


Самарқандлик муштарий туширган бу фотода милиция ходимлари аёлни ерга ётқизиб, тортқилаётганини кўриш мумкин.
Самарқандлик муштарий туширган бу фотода милиция ходимлари аёлни ерга ётқизиб, тортқилаётганини кўриш мумкин.

Самарқандда икки нафар милиция ходими бир аёлни машина юкхонасига солишга уринаётгани тасвирланган видео Озодликка келиб тушди. Самарқандлик муштариймиз тасвирга туширган бу ҳодиса 2 март куни шаҳар ички ишлар бўлими ёнида содир бўлган. Самарқанд вилояти ва шаҳар ички ишлар идоралари бундай ҳодиса юз берганини мутлақо инкор қилишди. Лекин Озодликнинг мобил мухбири видеода тасвирланган воқеа жойи айнан шаҳар ички ишлар идораси биноси олдида эканини тасдиқлашди. Милиция ходимларнинг фуқароларга нисбатан жисмоний зўравонлиги ҳолатлари Ўзбекистон учун одатий ҳолдир.

Озодликнинг Самарқанд шаҳридаги муштарийларидан бири 2 март куни ўзи гувоҳ бўлган воқеани қўл телефони ёрдамида видео ва фотога тушириб, таҳририятимизга жўнатди.

Фото ва видео тасвирларда икки милиция ходими ўрта ёшлардаги бир аёлни аввал ерга ётқизиб калтаклагани, ундан кейин эса оқ рангдаги Nexia автомашинаси юкхонасига солишга уринаётгани акс этган.

Икки милиция ходими аëл кишини машина юкхонасига солмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:14 0:00

14 сония давом этган видеода пуштиранг кўйлакдаги аёлни барзанги милиция ходимлари машинанинг орқа қисмига қараб судраб олиб боради. Шундан кейин милиция ходимларидан бири юкхона эшигини очади. Милицяичилар уни биринчи марта юкхонага солишга уринган пайтда аёл қичқириб, типирчилай бошлайди ва милициячилар уни ерга тушириб юборишади. Шундан кейин ички ишлар ходимлари аёлни яна юкхонага солишга ҳаракат қилади ва бунинг уддасидан чиқа олмайди.

Йўлнинг бу четидан, дарахтлар ортидан олинган видео 14 сония давом этгани боис, воқеа нима билан якунлангани кадр ортида қолган. Лекин видео муаллифи Озодлик билан ёзма мулоқот чоғида мазкур ҳодиса ҳақида сўзлаб берди.

“Воқеа шаҳар ички ишлар бўлими олдида, ОВИР рўпарасида 2 март куни рўй берди. Аёлнинг бақир-чақирини эшитиб, телефоним ёрдамида видеога ола бошладим. Иккита мент аёлни роса тортқилашди аввал, кейин машина юкхонасига солмоқчи бўлишди. Лекин барибир бунинг уддасидан чиқа олмади ментлар. Тўлопон бўлиб кетди. Одамлар тўплана бошлагани учун ментлар уни юкхонага тиқиш ниятидан қайтишди. Одамлар тўпланганига қарамасдан, ҳеч ким аёлнинг тарафини олишга журъат қила олмади. Кейин билсам, бу аёл тиламчилик қилиб юрган экан. Ментлар аввал унинг ёнидаги боласини тортиб олишган экан, шу сабабли у бақир-чақир қила бошлаган”, дейди самарқандлик муштарий.

Унинг яна айтишича, милиция ходимлари ё шаҳар ички ишлар бўлими, ёки кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари бўлган.

Самарқанд вилояти ва шаҳар ички ишлар идоралари ходимлари 2 март куни милиция бўлими олдида бундай воқеа рўй берганини мутлақо инкор қилишди. “Шаҳар милицияси ёки ОВИРи олдида бундай воқеа бўлгани йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, деди вилоят ички ишлар бошқармаси мулозими.

Лекин Озодликнинг Самарқанддаги мобил мухбири воқеа тасвирланган видеони кўздан кечириб, мазкур воқеа айнан ОВИР биноси рўпарасида рўй берганини тасдиқлади.

“Бу шаҳар ОВИР рўпарасида бўляпти. Орқа пландаги бино айнан ОВИР. Унинг орқасида шаҳар ички ишлар бўлими бор. Ўнг тарафида бир меҳмонхона бор”, деди самарқандлик суҳбатдош.

Видеодаги ҳодиса шаҳар ОВИР рўпарасида рўй берганини тасдиқлаган муштарий ўз сўзларини тасдиқлаш учун 4 март куни воқеа жойига бориб, айни ракурсдан олинган расмларни жўнатди.
Видеодаги ҳодиса шаҳар ОВИР рўпарасида рўй берганини тасдиқлаган муштарий ўз сўзларини тасдиқлаш учун 4 март куни воқеа жойига бориб, айни ракурсдан олинган расмларни жўнатди.

Мобил мухбиримиз 4 март куни воқеа жойига борди ва видео олинган ракурсдан туриб, олинган расмларни Озодликка жўнатди. Жума куни олинган расмлар икки кун аввалги видео ва фото тасвирларга мос келди.

Ўзбекистонда ички ишлар ходимларининг фуқароларга нисбатан жисмоний зўравонлиги одатий ҳолга айланган.

Январ ойида Озодлик Тошкентнинг Чорсу бозорида милиция ходимлари тарафидан калтакланган ва бу ҳақда ҳокимият идораларига шикоят қилгани учун туҳматда айбланиб судга тортилаётганини иддао қилган аёл ҳақида ҳикоя қилган эди.

Ундан аввалроқ эса, Тошкентда жинсий озчилик вакиллари милиция ходимлари тарафидан қаттиқ калтаклангани тасвирланган видео ҳам Озодлик муштарийлари орасида энг кўп ўқилган ва тингланган мақолага айланди.

Ўз навбатида, сўнгги пайтларда милиция ходимларининг фуқаролар зўравонлигига дуч келаётгани ҳам кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG