Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:52

Қирғизистон қамоғида Рашод қорининг соқолини мажбурлаб олишди


Қирғизистонда экстремизм айбловлари билан 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган қорасувлик имом Рашод қори Камоловнинг соқолини олишди. Маҳбус яқинларининг Озодликка айтишича, Бишкекдаги 1-рақамли қамоқхонада сақланаётган Камоловнинг соқолини 1 март куни куч билан олиб ташлашган ва қамоқхонадаги бошқа махбуслар ҳам шунга мажбур қилинмоқда.

Камолов ўтган йил Қирғизистонда диний адоват қўзғаганлик ҳамда экстремистик материалларни сақлаганлик ва тарқатганликда айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Маҳбуснинг яқинларидан бири Озодлик билан суҳбатда қамоқхонада жорий этилган ички тартиб асосида маҳкумларнинг соч-соқоли уларнинг хоҳишига зид тарзда олинаётганини даъво қилди:

“Қоида бор, кимки шу қоидага риоя қилмаса, куч билан соч-соқоли олинаяпти экан. Қаршилик қилганларни жарима изоляторига ташлаб, мажбур қилишаётган экан. Ким қайси динда бўлишидан қатъий назар, барча маҳкумлар соқолсиз юриши кераклиги айтилган", деди Рашод қори Камоловнинг исми сир қолишини истаган яқинларидан бири.

Ҳақиқатан ҳам қамоқхоналарда маҳкумларнинг соқоли мажбуран олиняптими ёки йўқ - бунга аниқлик киритиш учун Озодлик Қирғизистон Жазони ижро этиш хизматига боғланди.

Идора мулозимларидан бири маҳкумларнинг соқоллари мажбурлаб олинаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

Қирғизистонлик маҳбус қамоқда намоз ўқимоқда.
Қирғизистонлик маҳбус қамоқда намоз ўқимоқда.

- Бунақа амал йўқ бизда. Маҳкумлардан сочни қирдириш сўралиши мумкин, унда ҳам улар мажбурланмайди. Соқол, мўйловга тегилмайди. Бизда қамоқхонада масжидга борадиганларнинг деярли ҳаммаси соқоллиларку. Соқоли бўлмаса, қанақа мусулмон бўлади, биз соқолни тақиқламаймиз, - деди Қирғизистон Жазони ўташ давлат идораси мулозими.

Францияда жойлашган Марказий Осиёдаги Инсон Ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева Қирғизистон қамоқхоналарида маҳкумларни соқоллари ёзилмаган қонун асосида мажбурлаб олиниши ҳоллари 50-рақамли қамоқдан маҳбуслар қочгани билан боғлиқ воқеадан сўнг кенг тарқалганини айтади.

- Қамоқхоналарда маҳукмларни соч-соқоли ёзилмаган тақиқ асосида олиняпти. Аслида расмий тақиқ йўқ. Чунки мусулмонларни соч-соқолини мажбурлаб олиш улар ҳуқуқларининг бузилишидир. Соқол мусулмонлар учун суннат саналади, соқол қўйишга тақиқ эътиқод ҳуқуқларининг асоссиз чекланишидир, - дейди Отаева.

Қирғизистон Муфтияти вакили Дониёр Муродилов Озодлик билан суҳбатда маҳбусларнинг соқоли олинишини ҳуқуқ бузилиши, деб ҳисобламаслигини айтади.

- Баъзилар буни диндорларнинг ҳуқуқлари бузилиши демоқда. Лекин, мен бунга қўшилмайман. Қамоқхона жазони ўташ жойидир. У ернинг ўз қоидалари бор ва шу қоидаларга риоя этилиши керак, - дейди Қирғизистон Муфтияти расмийси.

39 ёшли Рашод қори Камолов Қирғизистон жанубидаги Қорасув шаҳридаги “Сарахсий” масжидининг имоми бўлган.

Ўтган йил ёзида Рашод Камолов Қирғизистон Жиноят кодексининг “Ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда диний адоват қўзғаш”, “Оммавий тарбирлар ўтказиш чоғида экстеримистик материаллар тарқатиш”, да айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

XS
SM
MD
LG