Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:16

Чилонзор чинорлари Тошкент ҳокими рухсати билан кесилгани маълум бўлди


Ўзбекистон Табиатни мухофаза қилиш давлат қўмитасининг Озодлик боғланган мулозими Чилонзорнинг 6-мавзесидаги азим чинорлар Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил 9 октябрь кунги 876-сонли қарори асосида кесилганини айтди. Ҳокимлик эса Вазирлар Маҳкамаси кўрсатмаси асосида шундай қарор қабул қилинганини таъкидламоқда. Натижада, “Murod Buildings” ​чинорлар кесилишига масъул идоралар занжиридаги сўнгги ҳалқа бўлиб чиқмоқда.

Ўзбекистон Табиатни мухофаза қилиш давлат қўмитаси расмийлари Чилонзорнинг 6-мавзесидаги азим чинорларни кесишга рухсат бермаганини таъкидламоқда.

Қўмита мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда дарахтлар Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори асосида кесилганини айтди.

- Биз кесманглар, деб айтолмаймиз. Сабаби, Вазирлар Маҳкамасини комиссияси орқали “Priority Standard” фирмасига бир гектар жой ажратиб берилган экан. Беш қаватли уйлар ва автомобиль қўйиш жойи қуриш учун. Шу асосда улар қурилишни бошлаган. Ҳамма ҳужжатларни тўплаб, бизга хат билан чиқишди. Катлаванга тушадиган дарахтларни актлаштириб, тўловларини тўлатиб, ўзимизнинг хулосани ҳокимиятга қайтариб берганмиз. Охирги рухсатномани ҳоким берган. Биз уларга кесманглар, деб айтишга ҳаққимиз йўқ, чунки Вазирлар Маҳкамаси комиссиясининг қарори турибди, - деди Ўзбекистон Табиатни мухофаза қилиш давлат қўмитасининг Озодлик боғланган мулозими.

Бухоролик рассом Баҳром Калонов Тошкентда дарахтлар кесилишини ҳажв қилди.
Бухоролик рассом Баҳром Калонов Тошкентда дарахтлар кесилишини ҳажв қилди.

Ҳозир "Priority Standard" буюритмаси асосида қурилиш ишларини "Murod Buildings" девелоперлик ширкати амалга оширяпти.

Ширкат раҳбари Мурод Назаров 20 февраль кунги ўз баёнотида дарахтлар кесилган ҳудудда “Priority Standard" МЧЖ буюртмаси билан қурилиш ишлари олиб бораётганини тан олди, у ерда мавжуд 182 дарахтдан 66тасини кесишга Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан рухсатнома бўлгани, шулардан 40таси кесилганини билдирганди.

Арра ҳокимиятнинг қўлида

Ўзбекистон Табиатни мухофаза қилиш давлат қўмитаси расмийларига кўра, ҳозирда дарахтларни кесишга фақат ҳокимият рухсат беради.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрда чиққан 290-сонли қарорига асосан маҳаллий ҳокимият органлари дарахтларни кесишга рухсат бериши лозим.

Шу қарор чиқмасидан олдин дарахтлар Табиатни мухофаза қилиш қўмтиаси назоратида эди.

Бухоролик рассом Баҳром Калонов Тошкентда дарахтлар кесилишини ҳажв қилди.
Бухоролик рассом Баҳром Калонов Тошкентда дарахтлар кесилишини ҳажв қилди.

​- Ҳозир бизни қиладиган ишимиз, дарахтларни ҳисоб-китобини қилиш, кесилган дарахтларни актини тузиш бўлиб қоляпти, - дейди Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мулозими.

Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Чилонзорда кўп йиллик дарахтларни кесиб ташлаб, ўрнига автомобиллар туриш жойи қурилаётганини қаттиқ қораламоқда.

Хусусан¸ Facebook тармоғидаги “Потребитель плюс” гуруҳи фойдаланувчилари ана шу норозилик ортидан чинорларни ким кесаëтганини аниқлашга киришган.

"Priority Standard"​ қобиқ ширкат бўлиб чиқди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси бир гектар ер ажратиб, Чилонзорнинг 6-мавзесида беш қаватли уйлар ва автомобиль қўйиш жойи қурилишига рухсат берган "Priority Standard" МЧЖ фақат қоғозда қайд этилган ширкат бўлиб чиқди.

Facebook тармоғидаги “Потребитель плюс” гуруҳи фойдаланувчилари масъулияти чекланган ширкатнинг манзили Тошкентнинг Сирғали мавзесидаги эшиги қулфланган квартира эканини аниқлагани ҳақда ёзди.

Чилонзорнинг 6-мавзесида дарахтлар кесилиши норозиликка сабаб бўлди.
Чилонзорнинг 6-мавзесида дарахтлар кесилиши норозиликка сабаб бўлди.

"Priority Standard" сохта ширкат бўлиб чиқди. Сирғалидаги адресига борсак, эшигига қулф солинган квартира бўлиб чиқди", деб ёзди “Потребитель плюс” гуруҳи фойдаланувчиларидан бири Наталья Осипова.

Озодлик билан суҳбатлашган Тошкент ҳокимияти мулозимлари ҳам Ўзбекистон Табиатни мухофаза қилиш давлат қўмитаси расмийлари "Priority Standard" фирмаси ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтишди.

- Биз билан Санжар, деган одам шу фирмани номидан иш олиб борди. Қанақа фирма, у томонини билмаймиз, - деди Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ободонлаштириш бош бошқармаси мулозими.

Лондонда яшовчи ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомовга кўра, бу ерда коррупциянинг ҳиди келяпти:

-Ушбу қурилиш проектидан манфаатдор одамларнинг, афтидан Вазирлар Маҳкамасида қўли бор. Ўзбекистонда қарор бериш жараёнлари бундай коррупцион схемаларга йўл қўйиб бермоқда. Ҳукумат қарор беришдан олдин у ердаги вазиятни обдон текшириши керак эди. Чунки бу ерда гап нафақат шаҳар экологияси, балки шу туманда яшовчиларнинг манфаатлари ҳам эътиборга олиниши керак эди, - дейди Алишер Илҳомов.

Эслатамиз, ўтган ҳафтада Чилонзор туманининг 6-мавзесида кўп қаватли уйлар орасидаги улкан чинорларнинг кесилиши у ерда яшовчи аҳоли норозилигига сабаб бўлди.

Озодликка маълум бўлишича¸ 18 февраль куни Чилонзор туманида яшовчи юзлаб тошкентлик дарахтларнинг ноқонуний кесилиши юзасидан петиция имзолаб¸ Тошкент шаҳар ҳокимига топширган.

Петицияда Чилонзорнинг 6-мавзесида дарахтларнинг кесилиши қандай норматив ҳужжат асосида амалга оширилгани ва қарорнинг ким томонидан чиқарилгани ҳақида ҳокимиятдан тушунтириш талаб этилган.

Ҳокимият ҳозирча мазкур масала борасида жамоатчиликка на ëзма¸ на оғзаки тушунтириш берган эмас.

XS
SM
MD
LG