Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:26

Хоразмда ўқувчи қизлар мажбурий гинекологик текширувдан ўтказилмоқда


Хоразмдаги ўрта мактабларнинг 6-9 синф ўқувчилари ёппасига, мажбурий тарзда поликлиникаларга олиб борилиб, гинекологик текширувдан ўтказилмоқда. Ултра товушли мосламалар ёрдамида ўтказилаётган текширувлар асосан қизларнинг иккиқат бўлган-бўлмаганини аниқлашга қаратилгани айтилмоқда.

Урганчдаги 9-сонли ўрта мактабнинг ўқитувчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш вилоят Халқ таълими бошқармасидан келган топшириқ асосида амалга оширилаëтганини айтади.

- Бизга буйруқ берди, қизларни шу кўрикдан ўтказасизлар, деди. Ҳозир синфма-синф бўлиб, қизларни поликлиникага, ултра товуш текширувидан ўтказиш учун олиб боряпмиз. Бугун олтинчи синфлар, душанба куни еттинчи синфларни олиб борамиз, кейин қолган синфларни - деди урганчлик мактаб ўқитувчиси.

Бундай кўрик нима мақсадда ўтказиляпти?, деган саволга ўқитувчи “мақсад қизларни саломатлигини текшириш”, - дея жавоб қилди.

Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган урганчлик ота-оналар бу тиббий кўрик ҳақида бошқача таxминларни айтишади.

Уч қизнинг онаси Норжон опа балоғатга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлишини олдини олиш мақсадида бу кўрик ўтказилаётганини таъкидлайди.

- Яқинда Қўшкўпирда ота-онаси Россияга кетган 6-синф ўқувчиси бўйига қолиб кетган экан, яъни хомиладор бўлган. Қариндошлари эътибор бермаган. Ундан ҳам олдин Гурлан ва Шовотда ҳам шундай воқеа бўлибди. Ёш қизлар бузилиб кетяпти. Шу воқеадан сўнг ҳозир ҳамма қизларни текширувдан ўтказишяпти. Менга буни мактаб директори айтди, - дейди Норжон опа.

Эслатамиз, ўтган йили Хоразм вилояти Гурлан туманининг Гулистон қишлоғида истиқомат қиладиган 12 яшар қизалоқ ўз акасидан фарзанд кўргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Бу Хоразм вилояти вояга етмаган қизалоқларнинг ўз акасидан фарзанд кўришига оид биринчи воқеа эмас. Бундан роппа-роса икки йил аввал, Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 13 яшар қизалоқ ўз туғишган акасидан фарзанд кўрган эди.

- Улар ака-сингил бўлиб шу ишни қилган. Ҳозир бошқа қизлар ҳам шундай бўлиб қолмасин, деган мақсадда текширув ўтказилаётган бўлиши мумкин. Чунки, ҳозир кўпчилик ота-оналар Россияда, қизлар қаровсиз қолиб, бузилиб кетяпти, - дейди урганчлик Норжон опа.

Айни пайтда бу текширувлар ота-оналарнинг розилигисиз, мажбурий Миллий хавфсизлик хизмати назорати остида ўтказилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Урганчдаги 6-сонли мактаб ўқитувчиси текширувлар ота-оналарнинг розилиги билан ўтказилаётганини айтди.

- Биз мажлис ўтказиб, бу ҳақда ота-оналарга айтдик. Текшириш уларни ўзларининг ҳамроҳлигида ўтказиляпти, - деди урганчлик ўқитувчи.

XS
SM
MD
LG