Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:53

Металлолом топширмаган коллеж ўқувчилари амалиётга қўйилмаяпти


Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари ҳам металлолом йиғишга мажбурланади.
Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари ҳам металлолом йиғишга мажбурланади.

Қорақалпоғистоннинг Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиларига яна металлолом солиғи солинди. Коллеж ўқувчиларининг Озодликка иддао қилишича, 30 килограммдан металлолом ёки 10 минг сўмдан пул топширмаса, амалиёт ўтказишга рухсат берилмаслиги айтилган. Коллеж раҳбарияти бу иддаони инкор қилмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг барча ўқувчиларига ўн кун ичида 30 килограммдан металлолом топшириш мажбурияти юкланди.

Бу ҳақда Озодликка мактуб ёзган бир гуруҳ коллеж ўқувчиларига кўра, агар улар топшириқни бажармаса, амалиёт ўтказишга рухсат берилмаслиги айтилган:

“Биз Амударё маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг учинчи босқич ўқувчиларимиз. Кеча синф раҳбаримиз ҳар биримиз ўн кун ичида 30 килодан металлолом топиб, коллежга олиб келишимизни буюрди. Коллеж директори айтган экан. Коллежимиздаги 400 ўқувчининг ҳаммаси, қиз болалар ҳам топшириши шарт экан. Ўтган йили ҳам шундай топшириқ бўлганди. Темир-терсакнинг ўзи ҳеч қаерда йўқ. Қаердан қидириб топишга ҳам ҳайрон бўлиб қолдик. Токи шуни топширмас эканмиз, амалиёт ўтишга рухсат беришмас экан”, деб ёзади бир гуруҳ ўқувчилар.

Озодлик боғланган коллеж ўқувчиларидан бирининг иддао қилишича, металлолом тополмаган ўқувчилар, унинг ўрнига пул топшириши айтилган:

“Ўқитувчимиз кимки металлолом тополмаса, 10 минг сўмдан беради, деди. Темир-терсак тополмаслигимиз аниқ. Энди отамдан шунинг пулини сўрамоқчи бўлиб турибман”, деди ўқувчилардан бири.

Амударё маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг директори Баҳром Қодиров Озодлик билан суҳбатда ўқувчиларга металлолом солиғи солингани тўғрисидаги иддаони инкор қилди:

“Бизда металлолом деган нарса йўқ. Қайси коллежнинг техникаси бўлса, ўшаларда бор, бизнинг ўқувчилар металлолом йиғмайди”, деди коллеж директори Баҳром Қодиров.

Озодликнинг Амударё тумани ҳокимиятида ишлайдиган манбаси эса ҳатто мактаб ўқувчиларига ҳам металлолом йиғиш топширилганини айтади:

“Коллеж директори бекор айтибди. Ҳоким ҳамма ташкилотларга шундай топшириқ берган. Мактаб ўқувчилари ҳам йиғяпти, духтурлар ҳам йиғяпти, бошқа ташкилотлар ҳам. Темир-терсакнинг уруғи ҳам қолмаган. Лекин буйруқ бор, қаердан бўлмасин топиш керак. Бўлмаса пулини йиғиб бериш керак”, деди манба.

Ўзбекистонда ўқувчилардан металлолом, макулатура ёки обуна учун пул талаб қилиниши мамлакатнинг барча коллеж, лицей ва мактабларида мунтазам давом этаяпти.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарорини бажариш масъулияти, асосан, мактаб-коллежлар ўқитувчию ўқувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокору ҳамширалари зиммасига юкланган.

Кейинги пайтларда ҳатто боғчаларга қатнайдиган болаларнинг ота-оналарига ҳам металлолом солиғи солинмоқда.

XS
SM
MD
LG