Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:36

Сўхда ИШИДга алоқадор, деб ушланган 12 кишига айблов қўйилди


Фарғона вилояти Сўх туманида ИШИДга алоқадорликда гумонланиб, қўлга олинган шахслардан 12 нафарига Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159, 244-моддалари асосида фуқароларни ИШИДга тарғиб қилганлик айби қўйилди. Айни кунда терговга тортилган сўхликларнинг Фарғона вилояти ИИБда сақланаётгани айтилмоқда. Айбланувчиларнинг Россия ҳудудида радикал террорчи гуруҳлар таъсирига тушгани ва Ўзбекистонга қайтиб, юртдошларини даъват этгани даъво қилинмоқда.

Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги жами аҳолиси 15 минг атрофида бўлган учта қишлоғи - Тул, Қалъача ва Ғазнов қишлоқларида истиқомат қилган 12 киши ўтган бир неча ҳафта давомида қўлга олингани Озодликка хабар қилинган эди.

Булардан 4 нафарининг шахси Озодликка маълум. Булар - 1984 - 1990 йилларда туғилган Мажнунали Ҳ., Иқболжон М., Шерзод Т., Асрор Х. исмли шахслардир.

Ҳозирда Сўхнинг учта қишлоғидан бўлган бу 12 кишилик гуруҳнинг терговига оид тафсилотларни аниқлаган фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев йигитлар айбини тан олганини айтмоқда:

- Мен бу йигитларнинг адвокатлари билан гаплашдим. Айтишларича, 2-3 кун ичида улар айбини тан олишган ва эшитишимча, ҳозир терговга ҳам ҳамроҳлик қилишмоқда. 2010 йиллардан бери Россияда ишлаб юришган. Россияга кетгунча намоз ҳам ўқишмаган ва у ёққа борганда радикал гуруҳлар таъсирига тушгани, даъватчилик бўйича махсус тайёргарликдан ўтганини тан олишган. Ўзбекистонга бир йилча олдин келишган ва бу ердаги ҳамюртларини даъват қилишни бошлашган,- деди Абдусалом Эргашев.

Сўхлик яна бир манба ҳам Озодлик илтимосига кўра, туманда ваҳималарга сабаб бўлган ҳибсларга оид қўшимча тафсилотларни ўрганди.

Озодлик аввал хабар қилгани каби, иш марказида ғазновлик ака-ука Нозил ва Нусрат Т.лар қолмоқда. Аммо, бу фаол суриштируви давомида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари айни пайтда Сурияда эканини гумон қилаётган яна бир ғазновлик ёш оила бор, деб даъво қилди:

"Бу ака-ука Нозил ва Нусрат​лар Россиядан Туркияга кетишган ва ўша ердан ота-онасига телефон қилишган экан. Ҳозир МХХ бу йигитларни суриштираётган экан. Буларнинг Отаси Тожибой Т. шу Ғазновдаги мактабда тарихдан дарс бераяпти, бир синглиси ва бир укаси, онаси - ҳаммаси шу қишлоқда. Лекин, ғазновлик Дадахон Н. деган кишининг бир 30-35 яшар ўғли оиласини олиб Туркияга кетиб қолган экан. Ўша ердан туриб, отасига телефон қилиб, шу радикал гуруҳлар томонига ўтганини айтган экан. Отаси бечора қайт, юзимни ерга қаратма, деб аччиғи чиққан экан. Ўша бола кейин ўлибди, шунинг хабари келган экан. Ҳозир ҳибс қилинган болалар ҳаммаси шу иккаласини таниган-билган ғазновлик болалар, дейишди", дейди сўхлик манба.

Озодлик боғланган ҳар икки манба - инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев ва исмини ошкор қилмасликни сўраган сўхлик манба терговга тортилган йигитларнинг радикал жамоалар таъсирига тушганига иқрор бўлганини айтмоқда.

Аммо, айни пайтда уларнинг иккиси ҳам ҳибсга олинган ва терговга тортилган ёш йигитларга нисбатан қонун доирасида, адолатли муносабат бўлишига умид билдирди.

Жумладан, ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев ҳозирча тергов изоляторида сақланаётган йигитларга нисбатан қийноқ қўлланганига оид маълумотга эга эмаслигини айтаркан, жазо асл жиноятчига қўлланиши лозим, деб таъкидлаб ўтди.

- Агар одил судлов бўлса, жазо адолатли бўлса, бунга ҳеч ким эътироз қилмайди. Аммо, асл жиноятчи ёки қотил ташқарида қолиб, ўрнига айбсиз одам қамаб қўйилса, унда аҳвол бадтар бўлади, жиноятчилик кўпаяверади. Хавотир мана шундан,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Қуйида фаол билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Абдусалом Эргашев Сўхдаги ҳибслар ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:23 0:00
Бевосита линк

Сўнгги бир ҳафта ичида Озодликка Сўхдаги ҳибслар ҳақида кетма-кет хабарлар келмоқда. Ҳозирча Фарғона вилояти ва Сўх тумани ИИБлари бу ҳақда бирор маълумот бергани йўқ.

Озодликка маълум бўлишича, бир - бир ярим ҳафта муқаддам ҳибсга олинган ўнлаб сўхлик ёш йигитлар 2008-2010 йиллар оралиғида Россиянинг Қозон шаҳрига меҳнат муҳожирлигига кетишган.

Ҳозир номи тилга олинаётган ғазновлик ака-ука Нозил ва Нусрат Т.лар ҳамда бугун номи тилга олинган Аҳком Н. ва унинг оиласи айнан Қозон шаҳридан Туркияга кетишган. Ҳозирга келиб Фарғона вилояти куч ишлатар тузилмалари уларнинг Россияда радикал гуруҳлар таъсирига тушгани ва Туркияга Суриядаги "Исломий давлат"га қўшилиш учун ўтганини гумон қилмоқда.

Шу боис, бу ғазновликлар билан Қозонда ва Сўхда яқин алоқада бўлган фуқаролар бирма-бир сўроқ қилинаётгани, ҳибсга олинаётгани хабар қилинмоқда.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда хориждан бораётган фуқароларнинг сўроққа тутилаётгани, ҳибсга олинаётгани ҳақида маълумотлар кўпаймоқда.

Хусусан, 2015 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида Тошкент вилояти ҳамда шаҳрида 200дан ортиқ одамнинг ҳибсга олингани инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан хабар қилинган.

Бундан ташқари, яна ўнлаб одам Фарғона, Хоразм ва Наманган вилоятларида ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар бор.

Ўзбекистон ИИВ фаоллар тарқатган бу хабарларни қисман тасдиқлаган,аммо бу борада аниқ рақамларни маълум қилмаган.

XS
SM
MD
LG