Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:52

“Асака” банки бошқаруви раиси ҳибсга олинди


Ўзбекистондаги энг йирик банклардан бири ҳисобланган “Асака” банкининг бошқарув раиси Қаҳрамон Орипов 2 февраль куни иш жойда ҳибсга олинган. Банкдаги Озодлик манбаларига кўра, Ориповни Тошкент шаҳар прокуратурасининг Валюта, солиқ ва ноқонуний даромадларни легаллаштириш жиноятларига қарши кураш департаменти ходимлари қўлига кишан солиб олиб кетишган.

“Асака” банкининг Озодлик боғланган мулозимларидан бири Қаҳрамон Ориповнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади ва ўрнига унинг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келган Рустам Қосимов банк бошқаруви раиси лавозимини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганини айтди:

- Уч кун олдин Қаҳрамон акани прокуратура олиб кетган, ўшандан бери ундан ҳеч қанақа дарак йўқ. Нимада айбланяпти, билмаймиз. Ҳозир уни ўринбосари Рустам Қосимовга вақтинча, ўзимизни ички буйруқ билан бошқарув раиси вазифасини юклаганмиз, - деди “Асака” банки мулозимларидан бири.

Тошкент шаҳар прокуратурасидан бу борада бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Айни пайтда Рустам Ориповни "Асака" банки бошқарувининг раиси лавозимидан озод қилиш тўғрисида Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ҳали имзоланмаган 26-сонли буйруғининг нусхаси Озодликка етиб келди.

Банкнинг исми очиқланмаслигини истаган ходимларидан бири Қаҳрамон Орипов ғайриқонуний валюта операцияларига алоқадорликда айбланаётган бўлишини айтади:

- Валюта операциялари билан боғлиқ, дейишяпти. Ҳозир прокуратура ходимлари шу бўйича банкда тафтиш ўтказмоқда. Валюта бўлимининг бир қанча ходими прокуратурага сўроққа чақиртирилган, - деди “Асака” банкининг Озодлик билан суҳбатлашган мулозими.

48 ёшли Қаҳрамон Орипов "Асака" банки бошқаруви раиси лавозимига 2007 йилда тайинланган эди.

"Асака" банки Ўзбекистондаги валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширувчи йирик тижорий банкларнинг бири ҳисобланади.

Банк амалдорлари валюта курсининг ҳукумат белгилаган ва "қора бозор"даги курси ўртасидаги фарқдан мўмай даромад кўриб келишлари айтилади.

Бундан аввал Ўзбекистондаги “Ипотекабанк”и бошқаруви аъзолари валюта бойликларини фиктив сотиш каналини ташкил этиш ва аҳолига сотиш учун ажратилган валюталарни ўз таниш-билишлари орқали ўзлаштирганликда айбланиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ўзбекистондаги банк тизимига алоқадор Озодлик манбасининг айтишича, мамлакатда сўмнинг қадри тушиши ортидан валюта чайқовчилиги яна авж олган:

- Валюта операцияларини амалга оширувчи деярли барча банкларда махсус одамлар бўлади, бу иш билан шуғулланадиган. Улар валютани ўз танишларига давлат курсида сотади, кейин шу одамлар валюта маблағларини “қора бозор”га қўйиб юборади. Валюта сотилишидан кўрилган фойда ўзаро тақсимланади, - дейди Озодлик манбаси.

XS
SM
MD
LG