Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

Арманистон парламенти “ишидчи Авакян”ни ҳимоялаб Ўзбекистонга мурожаат қилди


Арманистон Миллий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий комиссияси раиси Элинар Варданян Ўзбекистон парламентининг ҳуқуқий масалалар билан шуғулланувчи комиссияси раисига жиззахлик фермер Арамис Авакяннинг тақдири юзасидан ташвиш билдириб мурожаат қилгани тўғрисида Озодлик радиоси арман хизмати хабар қилди.

Бу хабар ишидчилик¸ жиҳодчилик, конституциявий тузумга тажовуз каби оғир жиноятларда айбланаётган жиззахлик фермер, насроний Арамаис Авакянга прокурор 18 йиллик қамоқ жазоси тайинлашни сўрагани тўғрисидаги хабар билан бир пайтда пайдо бўлди.

Арманистон парламенти вакили Ўзбекистонга юборилган хати тўғрисида бундай деди:

“Арамис Авакяннинг иши бўйича терговни адолатли судлов ўтказилиши ҳамда одил ҳукм чиқарилишини кўзлаб, диққатингиз марказида ушлашни сўрадик. Тўғри, у Арманистон Республикаси фуқароси эмас ва шунинг учун ваколатларимиз ғоят чиекланган. Биз ўзаро ҳамкорлик доирасида шу масалани диққат билан кузатишни сўрадик”, деди Элинар Варданян.

Олдинроқ худди шу масала юзасидан Ўзбекистон Омбудсманига Арманистоннинг эндиликда экс-Омбудсмани Карен Андреасян мурожаат қилган, у ўз хатида Авакяннинг саломатлигидан бохабар қилиш ҳамда унга нисбатан ғайриқонуний ҳаракатларнинг олдини олишни сўраган эди.

Арман матбуоти ва жамоатчилигини насроний Арамаис Авакяннинг қандай қилиб ишидчиликда айбланаётгани хайрон қолдирмоқда.

Узоқ вақт инсон ҳуқуқлари Human Rights Watch ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Жанна Алексанян Ўзбекистондаги вазиятни бундай тасвирлади:

“Ўзбекистон энг бешафқат ва қолоқ мамлакатлар қаторига киради ва у қамоқхоналаридаги маҳбусларга бераҳм ва ноинсоний муносабат билан танилган ўта ашаддий диктаторлик давлатидир”, деди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Ўзбекистон тўғрисидаги фикрини баён қилар экан, у яна бундай деди:

“У ерда ҳамма нарса бостирилади. Агар бироз мустақил бўлиб бўлиб қолсангиз, ўз бизнесингиз пайдо бўлиб қолса, уни сиздан тортиб олишади ва уйдирма айбловлар билан узоқ йилларга қамоққа тиқишади. Бу мамлакатда одам ҳимояланмаган. Ўзбекистон халқаро ташкилотларнинг ҳаммасини мамлакат ҳудудидан ҳайдаб чиқарган ва ўз фуқароларини қаттиқ назоратда ушлаб, кўнглига келган нарсани қилаяпти”, деди Жанна Алексанян.

Мана шундай вазиятда, Алексаняннинг фикрича, жиззахлик Авакяннинг ишига Арманистон ташқи ишлар, адлия ва диаспоралар вазирликлари аралашишлари лозим.

Жиззахлик армани фермер тақдиридан Арманистон жамоатчилиги қаттиқ ташвиш чекиб турган бир пайтда суд жараёнининг 2 февраль куни бўлиб ўтган мажлисида айблов томони Авакянни 18 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўрагани маълум бўлди. Бу ҳақда Озодлик радиоси арман хизматига Арамиснинг онаси Флора Сакунц хабар қилди.

Жиззахлик балиқчи фермер Арамаис Авакян¸ шунингдек унинг балиқчилик фермасида ишлаган яна тўрт шахс 2015 йилнинг 4 сентябрь куни Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ушланган ва шундан бери ҳибсда сақланмоқда.

6 январь куни 33 яшар Авакян ва унинг шериклари устидан маҳкама жараëни бошланди. Судланувчиларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси - конституциявий тузумга тажовуз қилиш¸ 244-моддаси - диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш ва 169-моддаси бўйича ўғирлик айблари қўйилмоқда.

XS
SM
MD
LG