Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:41

Марказий Осиёда биринчи марта амалдаги президентга қарши суд жараёни бошланди


Журналист Дайир Орунбеков ҳимоясига ўтказилган "Мен бир сўм бераман" акцияси.
Журналист Дайир Орунбеков ҳимоясига ўтказилган "Мен бир сўм бераман" акцияси.

Бишкеклик журналист Дайир Ўрунбековнинг президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан шикояти қирғиз суди томонидан қабул қилиниб, суд жараёни бошланди. Журналист президентни таҳдид қилишда ва инсоний қадр-қимматни ҳақоратлашда айбламоқда.

Журналист Дайир Орунбековнинг шикояти юзасидан суд жараёни бир неча кун аввал бошланди. Журналист Атамбаев ҳақида танқидий мақола ёзганидан сўнг, Бош прокуратура Орунбековни президент обрўсига путр етказишда айблаб, судга мурожаат қилган эди. Суд Дайир Орунбековни айбдор, деб топиб, 2 миллион сўм (доллар ҳисобида 26 315 доллар) жаримага тортганди.

Журналист ва унинг ҳимоячилари шундан сўнг "Мен бир сўм бераман" акциясини бошлаган эди. Акциядан мақсад, журналист позициясини қўллаган фуқаролардан бир сўмдан йиғиб,президент Атамбаевга 2 миллион сўм жаримани тўлаш эди.

Шундан сўнг Алмазбек Атамбаев Янги йил арафасида журналистлар учун ўтказилган анъанавий матбуот анжуманида “айрим шахсларнинг буюртмасини бажариб, ёлғон маълумотларни ёзган журналистни кечирмаслиги”ни ва “агар давлат раҳбари бўлмаганида журналистнинг ақлини аллақачон киритиб қўйган бўлиши”ни айтган эди.

Дайир Ўрунбеков президентнинг бу сўзларини таҳдид ва инсоний қадр-қимматни ҳақоратлаш сифатида қабул қилган. Орунбеков судга йўллаган даъво аризасида президент расман жамоатчилик олдида ундан узр сўрашини талаб этган ҳамда инсоний қадр-қиммати топталгани учун Атамбаевдан 1 сўм миқдорида товон пули ундириб беришни илтимос қилган.

-Президентга қарши судга даъво аризаси киритаётган пайтимиздаёқ биздан: “Нега сизлар инсоний қадр - қимматнинг топталишини 1 сўмга баҳоладинглар”, деб сўрашди. Биз уларга: “Инсоннинг қадр – қиммати миллионлар билан баҳоланмайди, унинг қиймати бебаҳо. Биз бировнинг оғзини ёпиш учун икки миллион сўм жаримага тортишни талаб қилмаймиз, шунинг учун рамзий равишда 1 сўмга баҳоладик”, деб жавоб бердик, -деди журналист Дайир Ўрунбеков.

Суд жараёнида президент Алмазбек Атамбаев манфаатларини адвокат Чинара Мусабекова ҳимоя қилмоқда. Мусабекова журналистнинг президентга нисбатан даъвосини асосиз, деб ҳисоблашини билдираётир.

-Президентнинг оғзидан чиққан гапларни “ёлғон маълумот ёки ҳақорат” сифатида қабул қилиб бўлмайди. Даъвогар аризасида келтирганидек, президентнинг “айрим шахсларнинг буюртмасини бажариб, ёлғон маълумотларни ёзган” деган сўзлари конкрет фактларга боғлиқ бўлмаган, умумий гапдир. Бу умумий гапни “ёлғон маълумот”, деб атай олмаймиз Президентнинг бошқа сўзларида ҳам журналистнинг инсоний қадр-қимматини ҳаоратлайдиган таҳдидли сўзлар йўқ, - деди президентнинг ҳимоячиси.

Мустақил кузатувчилар Марказий Осиё тарихида биринчи марта амалдаги президентга нисбатан ёзилган шикоятнинг судда қабул қилиниши ва суд жараёнининг бошланишини уникал ҳодиса ўлароқ баҳоламоқдалар.

Дайир Ўрунбековнинг адвокати Адил Турдугулов ҳам бу фикрга қўшилади:

-Оддий фуқаро президентни судга бериши, суд эса унинг аризасини қабул қилиб, президентга нисбатан жараённи бошлаши нафақат Марказий Осиё, балки Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида ҳам биринчи марта кузатилмоқда. Буни бошқа давлатларга қараганда Қирғизистонда озгина бўлса ҳам демократия бор экани билан боғласа бўлади. Бироқ суд президент маъмуриятининг кўрсатмасини ҳам бажариши мумкин. Яъни президент маъмурияти қандай қарор чиқариш ҳақида кўрсатма берса, суд ана шу қарорни чиқариб бериши эҳтимолдан ҳоли эмас, -деди Адил Турдугулов.

Айни пайтда Дайир Ўрунбековнинг президент маъмурияти раҳбари Фарид Ниёзовга нисбатан ёзган шикояти юзасидан ҳам алоҳида суд жараёни 1 февраль куни бошланди. Фарид Ниёзов журналистлар Дайир Ўрунбеков ва Уран Ботобековларни “жиноят оламининг ҳимоячилари ва собиқ президент Бакиевнинг югурдаклари”сифатида баҳолаб, интервью берган эди. Журналист Дайир Ўрунбеков президент маъмурияти раҳбарининг бу сўзларини ҳақорат сифатида қабул қилган.

Президент Атамбаевга нисбатан бир неча кун аввал бошланган суд жараёни 8 февралда давом этиши айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG