Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:49

Жиззахда коллеж ўқувчилари амалиёт учун иш жойи тополмаяпти


Ўзбекистонда коллежни битирган ўқувчиларга иш жойи топиш муаммо бўлиб қолган.
Ўзбекистонда коллежни битирган ўқувчиларга иш жойи топиш муаммо бўлиб қолган.

Жиззах вилояти Бахмал маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг учинчи курс талабалари амалиёт ўтказиш учун иш жойи тополмаяпти. Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган коллеж ўқувчиларига кўра, корхона ва ташкилотлар бўш иш ўрни йўқлигини рўкач қилиб, уларнинг илтимосларини рад этмоқда. Ўқувчилар савдо шохобчаларидан пул эвазига амалиёт ўтказгани ҳақида шартномага имзо қўйдириб олишга мажбур бўлмоқда.

Бахмал маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари амалиёт ўтказиш учун иш жойи тополмаётганидан Озодликка арз қилди:

“Биз ўқувчиларни амалиётга чиқариш масъулияти юз фоиз ўқувчиларнинг ўзига юклатиляпти. Чунки, тўрттомонлама шартномага кўра амалиёт ўтказишга розилик берган корхона ёки ташкилот коллежни битирганимиздан кейин бизни ишга олишлари керак. Лекин улар бўш иш ўрни йўқлиги учун шартнома ҳам тузмаяпти, амалиётга ҳам рухсат бермаяпти. Энди эса биз магазинларга кириб, печать босиб беринг деб ялиниб юрибмиз. Магазинчилар ҳам печать учун пул талаб қилишяпти”, деб ёзади коллеж ўқувчилари.

Бахмал туманида яшайдиган маҳалла оқсоқолларидан бири ҳам коллеж раҳбарияти барча масъулиятни ота-оналар зиммасига ташлаб қўйганини айтади:

“Коллежни битирган ўқувчиларни иш билан таъминлаш ҳақида ҳукуматнинг қарори бор. Лекин бу қарор умуман бажарилмаяпти. Бу ердаги раҳбарлар “ҳа, коллеж ўқувчилари юз фоиз иш билан таъминланди”, деган ёлғон ахборотни бермасдан, шу ёшларни иш билан таъминлаш чораларини кўришлари керак. Лекин, булар ҳамма масъулиятни ота-оналарга юклаб қўйишяпти. Ҳар қандай ота-онанинг гапи ҳам ташкилот ва корхона раҳбарларига ўтавермайди. Агар ҳокимият ёки прокуратура вакили ана шу ёшлар ортида турса бир ўзгариш бўлади”, дейди маҳалла оқсоқоли.

Бахмал маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда ўқувчиларнинг амалиёт ўтказиш учун иш жойи топишда сарсон бўлаётганини тасдиқлади:

“Тўғри иш ўрни топиш қийин бўляпти. Лекин шундай бўлса ҳам биз ўқувчиларимизнинг ташкилотлар билан шартнома тузишига ёрдам беряпмиз. Лекин ўқувчиларимизнинг магазинларга бориб илтимос қилиб юрганини мен эшитмадим”, дейди ўқитувчи.

Белгиланган тартибга кўра, ўқувчи, коллеж маъмурияти, иш берувчи ташкилот ва ҳокимият иштирокида тузиладиган тўрт томонлама шартномага биноан, ўқувчи коллежни битиргандан сўнг иш билан таъминланиши керак.

Бироқ, коллеж ўқувчиларига кўра, шартнома тузиш учун тўртинчи томон, яъни иш берувчи розилигини олишнинг имкони бўлмай қолган.

Озодликка келаётган шикоятларга кўра, коллежни битирган ўқувчиларни иш билан таъминлаш масаласи, нафақат Жиззах вилоятида, балки бошқа шаҳар ва туманларда ҳам катта муаммога айланган.

Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида истиқомат қиладиган оталардан бири ҳам иш топиш масъулияти ота-оналарнинг зиммасига юклатилганини ёзади:

“Ўртачирчиқ педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ота-оналар мажлиси бўлди. Директор ота-оналарга фарзандалрингизга ўзларингиз иш топиб жойлайсизлар, биз масъул эмасмиз, деди. Ахир касб-ҳунар коллежи бўлганидан кейин ўзлари иш топиб жойлашлари керак эмасми”, деб ёзади оталардан бири.

Андижон туманидаги педагогика коллежи талабалари эса улар амалиёт ўтаётган мактаб директори муҳр бостириш учун пора талаб қилаётганини иддао қилади:

“43-мактаб директори мактабда амалиёт ўтаётган педагогика коллеж талабаларидан амалиёт дафтарига печать босиб бериши учун 100 АҚШ долларидан пора талаб қилмоқда. Бу ҳолатни Андижон тумани халқ таълими бўлими мудири яхши билади, лекин ҳеч қандай чора кўрмайди”, деб иддао қилади коллеж ўқувчилари.

Ишсизлик Ўзбекистондаги асосий ижтимоий муаммолардан бири ҳисобланади. Собиқ иттифоқ пайтида ишлаб турган катта корхоналарнинг аксарияти бугун тўхтаб қолгани ёки кам қувват билан ишлаётгани айтилади.

Ҳукумат ҳар йили миллионлаб иш жойлари ташкил қилинаётгани ва мамлакатда ишсизлар ярим фоиздан камроқ эканини айтиб келса-да, коллежни битириб ўз касби бўйича иш тополмаган ёшлар хорижга мардикорликка чиқиб кетмоқда. Уларнинг асосий қисми МДҲнинг Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларида ишлайдилар.

XS
SM
MD
LG