Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:39

Ўзбек қўшиқчиси Наргиз Москвада ксенофоблар тажовузига учради


Наргиз Зокирова
Наргиз Зокирова

Таниқли қўшиқчи, Зокировлар сулоласининг кенжа вакиласи 45 яшар Наргиз Зокирова шанба куни Москванинг Backstage ресторанида берган концерти чоғида икки ксенофоб аëлнинг тажовузига учраб, енгил яраланди. Бу воқеа ҳақида Наргиз Зокированинг ўзи ва мухлислари Facebook ва Instagram тармоқларида фото ва маълумотлар қолдиришди. Айни воқеа Росия матбуоти ва ўзбек интернет нашрлари мундарижасига ҳам чиқди.

Интернетдаги eltuz.com нашрининг воқеа гувоҳларидан бири Хушнудбекка таяниб, ëзишича¸ воқеа Москванинг Крокус Сити Холл мажмуасида жойлашган Backstage ресторанида Наргизнинг соло концерти пайтида рўй берган:

“Концерт ўтаëтган рестораннинг ВИП қисмида ўтирган аëл алкоголь тўлдирилган қадах билан саҳнага чиқиб, Наргизни ўзбеклиги учун ҳақоратлади ва қўлидаги қадахни қўшиқчининг юзига улоқтирди”, дея ëзилади нашрда.

Тажовуз пайтида Наргиз товонидан яраланган
Тажовуз пайтида Наргиз товонидан яраланган

Росия кўнгилочар матбуотига кўра, Наргиз Зокировага икки аёл ҳамла қилган. Икковлон қўшиқчини таҳқирлаётган пайтда қўриқчилар чиқиб кетишган ва кузатув камералари ўчириб қўйилган. Бу ҳолат икки хонимнинг Россия жамиятидаги юксак мавқеи билан изохланган.

Наргизнинг ўзи бу ҳолатни Facebookдаги саҳифасида мана бундай тасвирлади:

"Мана ўша ВИП меҳмон! У қўлида бокал билан олдимга келиб "Ты х…я!!!" деб бақирди. Кейин эса бу хоним "Сенга ўхшаган ўзбеклар менинг уйимда бўқ тозалашади", дея қадаҳни менга қараб ирғитди. Қадах драмшилдга (Овоз тўсувчи ускуна) тегиб парча-парча бўлди. Саҳнада шиша парчалари учди. Айни пайтда мени қўриқлаши керак бўлган қўриқчилар сеҳрли тарзда ғойиб бўлишди. Ташкилотчилар аянч жилмайиб, вазиятни ҳаспўшлашга уринишди", дея ëзган қўшиқчи Наргиз Зокирова уни ҳақоратлаб, жароҳатлаган рус аёли расмини тармоққа қўйди.

Наргиз Зокированинг Instagram саҳифасидан олинди
Наргиз Зокированинг Instagram саҳифасидан олинди

​Айни пайтда ижтимоий тармоқлардаги Наргизнинг мухлислари ксенофоб тажовузкорлар жазоланишини талаб қилишмоқда.

Наргиз Зокировани яқиндан таниган ўзбек кинорежисери Мастура Исхоқова Озодлик билан суҳбатда ксенофоблар тажовузига нишон бўлган қўшиқчи воқеасига муносабат билдирди:

- Наргиз Зокирова мен учун биринчи навбатда – қўшиқчи. Қолган ҳаммаси пиар. Бахиллар ҳасади ҳам, мухлисларнинг ҳайрати ҳам. Инсоний муносабат маданиятидан бехабар жоҳиллар мана шундай жирканч тажовузни ўзига эп кўради. Бизга нимадир ëки кимдир ëқмаслиги мумкин. Бу тақдирда нима қиласан¸ ëқмаган одам қўшиқ айтаëтган концертга бориб. Бу қўшиқчини шунчалик ëмон кўрсанг, борма концертига. Мен Наргизни юзига қадах отиб яраланган бу шарманда аëлни ким бўлишидан қатъий назар қоралайман¸- дейди Мастура Исхоқова.

Машҳур Зокировлар сулоласига мансуб қўшиқчи Наргиз Зокирова Росссияда бундан олдин ҳам муаммолар билан юзма-юз бўлган эди.

Ўтган йили Россиянинг Нижневартовск шаҳридаги концерт пайтида Наргиз Зокирова Федерал миграция хизмати томонидан изнсиз ишлаëтганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Озодлик суҳбатлашган миграция хизмати ходимлари АҚШ фуқароси бўлган Зокирова Россия ҳудудида иш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бермайдиган туристик виза билан бўлиб турганини айтган эди.

Машҳур Зокировлар сулоласига мансуб қўшиқчи 1995 йилда Қўшма Штатларга кўчиб кетган ва Россия 1-Канали ўтказган “Голос” қўшиқ танловида иккинчи ўринни эгаллаши ортидан эл оғзига тушган эди.

XS
SM
MD
LG