Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:55

Қирғизистон Қамбарота ГЭСини Россия билан қурмайдиган бўлди


Айрим қирғиз депутатлари¸ Россия томони уч йил давомида ГЭС қурилиши учун ўз ишчиларига жой тиклашдан нарига ўтмаган.
Айрим қирғиз депутатлари¸ Россия томони уч йил давомида ГЭС қурилиши учун ўз ишчиларига жой тиклашдан нарига ўтмаган.

Қирғизистон парламенти Қамбарота ГЭСини қуриб¸ ишга туширишга оид Россия билан тузилган ҳукуматлараро келишувни бекор қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу қонун президент томонидан имзолангач¸ кучга киради. Айни пайтда Бишкек ҳукумати бу йирик ГЭС қуриш режасидан воз кечмагани ва хорижий сармоядорларни қидиришда давом этажагини билдирди.

20 январь куни овозга қўйилган мазкур лойиҳани парламент мажлисида қатнашган 97 депутатнинг барчаси бир овоздан маъқуллади.

Бишкек ва Москва ўртасида тузилган келишувни бир томонлама бекор қилганлик учун Қирғизистон томони Россияга 37 миллион АҚШ доллари қайтариб бериши керак.

Қирғизистон Иқтисод вазири ўринбосари Нурлан Содиқовга кўра¸ 2013 йилдан бери Россия томони ГЭС қурилиши учун айнан шунча маблағ ажратган ва келишув бекор қилиниши ортидан бу пулни Москвага қайтариб бериши лозим.

Бишкек расмийларига кўра¸ Россия билан келишувнинг бир томонлама бекор қилиниши Қамбарота ГЭСи қуриш режасининг бекор бўлганини англатмайди ва ҳукумат бу қурилиш учун янги сармоядор қидиришда давом этади.

Қирғизистонда янги ташкил этилган Миллий энергоҳолдинг раиси Ойбек Калиев¸ денонсация ҳақидаги қонун кучга кирганидан сўнг¸ янги инвесторни излаш бошланишини билдирди:

- Ҳозирданоқ янги инвестор қидириш ахлоқсизлик бўлади. Янги сармоядорларга мавжуд инфратузилма асосида ишлаш имкони берилади. Россия ҳукуматлараро келишув шартларини бажара олмаслигини айтиб¸ уни ўзгартиришни таклиф қилганидан сўнг¸ ҳукуматда уни бекор қилишдан ўзга чораси қолмади¸ дейди Миллий энергоҳолдинг раиси.

Россия ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида 2012 йилнинг 20 сентябрида имзоланган Қамбарота-1 ГЭСини қуриб¸ ишга топшириш ҳақидаги келишув 2015 йилнинг 31 декабрь куни Бишкек ҳукумати томонидан денонсация қилингач¸ бу ҳақдаги қонун лойиҳаси парламентга тақдим этилган эди.

Эндиликда бекор қилинган шартномага мувофиқ, Қамбарота-1 ГЭСи қуриб битирилгач¸ унинг 50 фоиз улуши Россияга берилиши керак эди.

Бу келишув аввал бошданоқ Ўзбекистон ҳукуматининг кескин қаршилигига учраган эди.

Хусусан¸ президент Ислом Каримов трансчегаравий дарëлар сувини тўсиб¸ Қирғизистоннинг Қамбарота¸ Тожикистоннинг Роғун ГЭСи қуриш каби режаси минтақада урушга сабаб бўлиши мумкинлигидан бир неча бор огоҳлантирган эди.

Бундай қаршиликларга қарамай¸ давом этиши айтилган Қамбарота ГЭСи қурилишининг Россия иқтисодида бошланган инқироз боис тўхтаб қолгани¸ Бишкек расмийлари таъкидича¸ вақтинча холос.

Ҳукумат яқин олти ой ичида янги инвестор топилишига умид қилмоқда. Эҳтимолий инвесторлар сифатида Хитой ва Қозоғистон тилга олинмоқда.

XS
SM
MD
LG