Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:46

Ўзбекистондаги айрим банклар халқаро VISA картаси беришни тўхтатди


Ўзбекистон республикаси миллий банки пластик карточкаси
Ўзбекистон республикаси миллий банки пластик карточкаси

Ўзбекистондаги айрим тижорат банклари мижозлар хорижга чиққандафойдаланаладиганхалқаро VISA пластик картаси беришни вақтинча тўхтатди. Банкларга мурожаат қилган мижозларга январнинг ўрталарида “хабар олиш” тавсия қилиняпти. Банк мулозимлари бунинг сабабини валюта захирасининг камайганлиги билан изоҳламоқда.

“Капиталбанк”нинг Озодликка шикоят қилган мижозларидан бири, чет элга чиқиш учун унга зарур бўлган халқаро VISA картасини ололмаётгани тўғрисида бундай деди:

“Хорижга чиқиб келиш учун 2000 доллар солинадиган халқаро VISA картаси олиш учун банкка мурожаат қилдим. Лекин валюта бўлимидаги мулозим доллар йўқлиги сабабли карта бериш тўхтатилгани ва унинг қачон очилишини билмаслигини айтди. У бошқа банкка мурожаат қилинг деди”, дейди исми сир қолишини сўраган банк мижозларидан бири.

“Капиталбанк” акциядорлик тижорат банкининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам мижозларга халқаро VISA карталари бериш тўхтатилганини тасдиқлади:

“Ҳақиқатан ҳам конверсион карталар ҳозир мижозларга очилмаяпти. Валюта балансимиз минусда бўлганлиги учун халқаро VISA картаси беришни вақтинча тўхтатдик. Мижозларга январь ойининг иккинчи ярмидан кейин хабар олинг, деяпмиз”, деди банк мулозими.

Озодлик суриштируви давомида Тошкентдаги бир неча бошқа банклар ҳам мижозларга халқаро VISA карточкаси беришни тўхтатганини тасдиқланди.

"ASIA ALLIANCE BANK" акциядорлик тижорат банкининг ўзини таништирмаган мулозимининг айтишича, мижозларга конверсион карта бериш тўхтатилганига икки ҳафта бўлган:

“Валюта запасимиз тугаган, шунга VISA карта очмаяпмиз. Энди янги йилдан кейин маълум бўлади”, деди банк мулозими.

Бироқ, Озодлик суҳбатлашган “Ипотекабанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Агробанк” мулозимлари халқаро VISA карталари мижозларга аввалги тартибда берилаётганини айтди.

Ўзбекистон Марказий банкидаги Озодлик манбаси айрим тижорат банкларида ҳақиқатан шундай ҳолат борлигини тасдиқлар экан, халқаро VISA карточкалари берилишини тўхтатиш ҳақида Марказий банкдан ҳеч қандай кўрсатма бўлмаганини айтди:

“Бундай ҳолатлар ҳақиқатан ҳам бор. Аслида бу банкларга боғлиқ эмас, балки бу мамлакатнинг иқтисодий аҳволига, экспортга ва унга кириб келаётган валютага боғлиқ. Тижорат банклари валюта захирасини асраш учун шундай чора кўришмоқда. Марказий банк уларнинг ишига аралашмайди”, деди манба.

Ўзбекистонда валютани эркин сотиб олиш имкони бўлмагани боис, хорижга сафар қилаётган фуқаролар тижорат банкларида банк тўлов карталарини очиб, икки минг АҚШ долларигача миқдорда нақдсиз валюта сотиб олиш имконига эга эди. Айтилишича, янги йилдан айрим банклар ана шу хизматни кўрсатишдан воз кечади.

РИА Новости агентлигининг Ўзбекистон Марказий банкидаги манбаси “2016 йилдан тижорат банкларига конверсион карталар бўйича хизмат кўрсатишни тўхтатиш тавсия этилди”, дея билдирган.

Айтилишича, мазкур чора Ўзбекистонда валюта тушимининг камайиб кетгани билан изоҳланмоқда.

Россияда юзага келган иқтисодий бўҳрон оқибатида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга юбораётган валюта миқдори кескин камайиб кетган.

XS
SM
MD
LG