Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:23

Катта саҳнага чиқиши тақиқланган Юлдуз Усмонова президентга бағишлаб тўйхонада қўшиқ куйлади


Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова

Ўзбекистон халқ артисти 52 яшар Юлдуз Усмонова 22 декабрь куни Тошкентдаги “Наврўз” тўйхонасида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга бағишлаб қўшиқ куйлади. Ҳуқуқшунослик бўйича фан номзоди ўлароқ мамлакатда монархия тизими йўқлигини тушуниши лозим бўлган Юлдуз Усмонова мамлакат президентини “пошшо” дея таърифлади.

“Юртимизни неча-неча йиллардан бери Ўзбекистонимизни бошқариб, жанжал-тўполонлардан асраб, жонини фидо қилган бобом, юртимизни отасию бобоси бўлган пошшоимизга атаб қўшиқ ëзганман. Мингдан-минг миннатдорман”, деган Юлдуз Усмонова 500 кишилик тўйхонага йиғилганларга янги қўшиғини тақдим этди.

Видео sayyod.com сайтидан олинди

Қўшиқ мобайнида Усмонова Каримовни “Темурий ворис” дея улуғлайди:

Кўрсатиб бердингиз келажак йўлин,
Ёритиб маърифат чироғи билан.
Жоҳиллар ёққанда уруш оловин,
Ёнгдингиз тафаккур улови билан.

Етишдик сиз сабаб эркин ҳаётга,
Буюк келажак ҳам эмасдир олис.
Озод Ўзбекистон қайтмагай ортга,
Бошида бор экан Темурий ворис.

Озодликка маълум бўлишича, бу қўшиқ ижро қилинган тўйхонада Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Намиқ Гунар Эрпул жаноблари ҳам ҳозир бўлган.

Тўйдан олдин ноғора

Таниқли хонанда Юлдуз Усмонова 12 декабрь куни Тошкентдаги ресторанда нишонланган таваллуд кунида ҳам президент Ислом Каримовга бағишлаб, қўшиқ яратгани ҳақида билдирган эди.

Бироқ, Дедеман меҳмонхонаси ресторанида, бу қўшиқни куйлашдан олдин, Юлдуз барча қўл телефонлари ва видеокамераларни ўчиришни талаб қилган.

Бундан ташқари, Ислом Каримовга бағишланган қўшиқнинг ушбу даврада ижро этилишига Юлдузнинг чолғучилари ҳам эътироз билдиргани ҳақида ҳам маълумотлар чиқди.

“Улар куйлама деган бўлса ҳам, у барибир куйлашини айтди”, деб ёзди eltuz.com сайти.

Озодликка маълум бўлишича, Юлдуз Усмонова ижро этган қўшиқ таҳрир қилиниб, ундан Каримов деган сўз олиб ташланган ва Ислом деган исм қолишига ижозат берилган.

Таъқиқми ëки чегара?

Юлдуз Усмонова 2005 йилдан бери ўзига хос тақиқ доирасида қолмоқда.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси лицензиясига эга бўлган ҳолда Усмонова Ўзбекистонда катта саҳна ҳамда телевидение ва радиодан четлаштирилган.

Ўз ижодига қўйилган тақиқлардан безган хонанда Ўзбекистондан чиқиб кетиб, бир неча йил Туркияда яшаб ижод қилиб ҳам кўрди.

2011 йили Ўзбекистонга қайтган хонанда бор кучини саҳнага расман қайтишга, ижодига қўйилган норасмий тақиқни бекор қилишга сарфлади.

Унга линцензия берилган бўлса-да, катта саҳнада концертлар беришига ва телерадио эфирларда қўшиқлари ёйинланишига изн ҳамон йўқ.

Юлдуз Усмоновага қўйилган норасмий таъқиқни, Президент Ислом Каримовнинг ўша пайтларда катта таъсирига эга бўлган қизи Гулнора Каримова ҳам бекор қилдира олмади.

2012 йилнинг 31 декабрь куни президентнинг қизига атаб куйлаган “Гулисан” қўшиғини Интернет оламида эълон қилдирган Юлдуз, 2013 йилнинг баҳорида Гулнора Каримовага тегишли бўлган “Фонд Форум” ташкилотининг дабдабали “Асрлар садоси” тадбиридаги гала концертга расман таклифни қўлга киритди.

Гулнора Каримованинг режаси оддий эди. Республика телевидениеси ва йўлдош каналлари орқали жаҳон мамлакатларига трансляция қилинадиган “Асрлар садоси” давлат тадбирининг якуний гала концертда Юлдуз Усмонованинг чиқиши, унинг ижодидаги “запрет”га нуқта қўйиши керак эди.

Бироқ, концертнинг энг сўнгги дақиқасида, Тошкентдан Гулнора Каримовага кимдир қўнғироқ қилади ва Юлдузнинг ушбу тадбирдаги чиқиши бекор қилинади.

Юлдуз Усмонова “Америка овози” радиоси журналисти Навбаҳор Имомова билан суҳбатда ўзига қўйилган тақиқнинг сабабини тушунтирган бўлди:

“Ўзбекистонда ҳаммадан кўп запретни мен олганман… Уни менга кимдир сиёсат қилаётгани йўқ… Битта одамга ёқмай қолганман, мундайроқда, ўртароқда ўша ҳам, ҳозир йўқдир ҳам у одам, лекин проблема қилиб қўйган… Энди шу катта адолатсизликми? Тақдир насиб бу…”

Катта саҳнага қайтиш таъмаси

Ҳозир Канадада истиқомат қилаëтгтан журналист Улуғбек Ҳайдаров ўз блогида нега Ўзбекистон ва дунёда машҳур Юлдуз Усмоновага бугун ўз мамлакати саҳналари тақа-тақ ёпилгани сабабини шундай изоҳлайди:

“Президент Ислом Каримов ва унинг аъёнлари иштирок этадиган давлат тадбирларидаги гала концертлар, мана неча йилларки, Юлдуз Усмоновасиз ўтаяпти. Унга қўйилган тақиқнинг муаллифи кимлигини ва бу эълон қилинмаган тақиқнинг сабабини бугун кўпчилик билсада, сукут сақлашни афзал кўришади", - деб ёзади Улуғбек Ҳайдаров. "Катта саҳнага қайтиш учун ўзини ўт-чўққа ураётган хонанда, менинг фикримча, энг сўнгги чорага қўл урди; у ўз мамлакатининг диктатор президенти, кўпчилик ҳамюртлари ошкора, яна кўплари пинхона нафратланадиган Ислом Каримовни улуғлаб қўшиқ куйлади…”

"Эҳтимол, эртага Ислом Каримов Дўрмондаги қароргоҳида чой ичиб ўтириб, Юлдуз Усмонованинг “Президентим, мангу яшанг, сиз адолат посбонисиз!” қабилидаги хонишини эшитиб қолиб, “Бўлди, Юлдузхонга “Истиқлол” саройини бўшатиб беринглар!” деб буйруқ бериб юборар?!" - дея киноя қилган блоггер танганинг бошқа тарафига ҳам эътибор қаратади:

“Саҳналарнинг дарвозасини очишга қодир бўлган биргина қўшиқ, Ислом Каримов тузумидан жирканувчи ўзбекларнинг қалб дарвозасини Юлдуз Усмонова учун ёпиб ташлаши ҳам мумкин”.

XS
SM
MD
LG