Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:50

Атамбаев Путиндан бошқа ҳамкор изламоқчи


Россия президенти Владимир Путин ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.
Россия президенти Владимир Путин ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.

"Мен Путинга, хафа бўлманглар, бошқа ҳамкор топамиз, дедим". Бугун йил якунлари бўйича матбуот анжумани ўткизган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев яқинда Россия раҳбари Владимир Путин билан ўтган учрашуви чоғида унга мана шу гапни айтганини билдирди. Бунга Москва Қирғизистонда ГЭСларни қуриш бўйича имзоланган шартномаларни бажармаётгани сабаб бўлган.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 24 декабрь куни йил якунлари бўйича ўткизган матбуот анжуманида Россия Қамбарота-1 ва Юқори Норин ГЭС каскадларини барпо этиш бўйича шартномавий мажбуриятларини бажаришдан бош тортаётганини маълум қилди.

- Бу шартномалар, объектив сабабларга кўра, Россия томонидан бажарилмай қолади..Бунда Россия ҳукуматини айблаш қийинроқ. Чунки шартномалар имзоланган пайтда бошқача вазият эди, ҳозир бошқача вазият. Мен Россия президенти Путин билан ҳам, гаплашдим. Шунинг учун Путингга очиқ айтдим: “Хафа бўлманг, бироқ биз бошқа ҳамкор излашимиз керак”, деб. Бу Россиянинг ўзига ҳам яхши, мажбуриятларидан биридан қутилар эди. Албатта, бу ГЭСларни қуриш учун сармоядор топилади. Биз бу лойиҳаларни музлатиб қўя олмаймиз - деди Атамбаев.

Президентнинг айтишича, Россия ўз мажбуриятларини бажармаётганида ҳеч қандай сиёсий сабаблар йўқ, бу Россиядаги бугунги оғир иқтисодий вазият билан боғлиқ.

Қамбарота -1 ва Норин ГЭС каскадлари қурилишининг лойиҳавий қиймати таҳминан икки миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади.Россия ҳамкорлигида барпо этилиши режалаштирилган Қамбарота -1 ГЭСини қуриш ҳақидаги шартнома Москва билан 2009 йилда, Юқори Норин ГЭС каскадлари шартномаси 2012 йилда имзоланган. Юқори Норин ГЭСнинг биринчи гидроагрегати 2016 йилда ишга туширилиши режалаштирилган эди.

Москва бу қурилишларга 2 миллиард доллар сармоя ётқизишини билдирган бўлса-да, Россия Ғарб санкциялари ортидан юзага келган иқтисодий инқироз туфайли ҳалигача бу мажбуриятини бажара олмаган. Бунинг оқибатида Россия ширкатлари томонидан қурилиши бошланган Юқори Норин ГЭС каскадларидаги ишлар музлатиб қўйилган.

Қирғизистонда ГЭС қуриш лойиҳаларига Ўзбекистон қарши чиқиб келади. Ўзбекистон минтақанинг умумий сув ҳавзаларига бевосита боғлиқ бу лойиҳалар дарёларнинг қуйи оқимларида жойлашган мамлакатларда сув танқислиги ва бошқа муаммоларни келтириб чиқаради, деган фикрда.

Жорий йилнинг сентябридан бери ўтган тўрт ой ичида Ўзбекистон мазкур қурилишга қарши экани тўғрисида турли халқаро анжуманларда яна тўрт марта баёнот берди.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Тошкентнинг бу қаршилигини муросага айлантириш учун Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга ГЭСлар қурилиши лойиҳасида иштирок этишни бир неча марта таклиф қилганини айтган эди.

- Ўзбекистонгa бунгaчa бир нечa бор тaклиф этгaнмиз, ҳозир ҳaм aйтмоқдaмиз – улaр “Қaмбaр-Отa-1” ГЭСининг қурилишига ўз ҳиссaсини қўшсa бўлaди, - деган эди Алмазбек Атамбаев 2014 йилнинг 7 ноябрида Остонага қилган сафари пайтида.

Атамбаев 24 декабрдаги матбуот анжумани чоғида президентлик муддати якунланадиган 2017 йилдан кейин мухолифат ва айрим таҳлилчилар башорат қилаётганидай, Бош вазир лавозимига ўтирмаслигини айтди. Атамбаев президентлик ваколатларини топширганидан сўнг сиёсатдан чиқишини билдирди.

XS
SM
MD
LG