Ўзбекистонда 8 декабрь - Конституция куни. Шу муносабат билан Ўзбекистон президенти 5 декабрь куни сўзлаган нутқида фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозим бўлган органларнинг ўзлари қонунни бузаётгани ҳақида гапирди. Президентнинг бу гапларидан сўнг бир неча йиллардан бери ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан адолат излаб юрган бир қатор ўзбекистонликларда ижобий жараёнлар бўлишига умид пайдо бўлди. Бу умидлар рўёбга чиқармикин?
Президент нималар ҳақида гапирди?
Ўзбекистон Конституциясининг 23 йиллиги муносабати билан 5 декабрда сўзлаган нутқида президент Ислом Каримов 2015 йилнинг 9 ойи ичида прокуратура ва Бош прокуратура ходимлари устидан 426 та шикоят тушганини билдирди.
Бу шикоятлар текшируви жараёнида 45 ходим ҳайфсан олган, 22 ходим лавозимидан бўшатилган, 33 ходим прокуратура органларидан чиқарилган.
"Шу боис, Олий Мажлис Сенати қисқа муддат ичида аслида прокуратуранинг фаолияти қонунийлиги ва бу фаолият устидан назоратни кучайтириш масаласини кўриб чиқиши лозим", деб таъкидлаб ўтган президент.
Ислом Каримов 9 ой ичида аҳолидан амалдорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва назорат органлари фаолиятига нисбатан тушган 500 шикоятнинг ҳар бешинчиси ички ишлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан эканини қайд этган.
Ўзбекистон президенти Конституция куни муносабати билан шу вақтга қадар қилган чиқишларида Ўзбекистон ИИВ ва прокуратура органлари фаолияти ҳақида бу қадар жиддий нуқт сўзламаган эди.
“Бугуннинг гаплари” дастурида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидаги ноҳақликлардан ёки ҳаракатсизликдан бевосита жабрланганини айтиб келаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар фикрни ўрганишга қарор қилдик. Улар президентнинг нутқидан сўнг ўзларига нисбатан муносабат ўзгаришига, ўз муаммолари ҳал бўлишига умид қиладиларми? Бу савол билан ўз ҳуқуқлари тикланиши учун бир неча йиллардан бери курашиб келаётган уч фуқарога мурожаат қилдик.
Президент нутқидан сўнг ишдан ноҳақ бўшатилган ошпазга фаррошликни таклиф қилишди
Биринчи суҳбатдошимиз Жиззах вилояти Зарбдор туманида истиқомат қилувчи Малоҳат Абдуллаева. У бир неча йил аввал болалар боғчасидаги ошпазлик лавозимидан ноҳақ бўшатилганини айтиб келади. Унга кўра, боғча мудираси прокуратура ва ички ишлар органлари воситасида унинг ноқонуний ишга олинганини исботлашга ҳаракат қилиб келган.
Лекин президентнинг 5 декабрдаги нутқидан сўнг Малоҳат Абдуллаевада ишга қайта тикланишига умид пайдо бўлган. У ўзига нисбатан муносабат ўзгаргани ва боғча мудираси унга иш таклиф қилганини айтди:
- Боғча мудираси мени чақириб: “Фаррошлик қилишга розимисиз”, деган гапни гапирди. Президентнинг нутқидагн сўнг у бир хулосага келган шеклли. Балки адолатсизлик қилганини тан олаётгандир. Энди нима қиламан, беш нафар фарзандим бор, уларни боқишим керак. Ҳозирча фаррошлик қилишга мажбурман. Бироқ иш фаолиятимни ҳозирча бошламадим. Конституция байрамидан сўнг, 9 декабрдан ишга чиқаман. Иш жараёнида қолган масалаларни кўриб чиқамиз. Балки, инсофга келиб қолса, мени ошпазлик лавозимига қайта тиклар,- деди Малоҳат Абдуллаева.
Байрамдан сўнг уйидан қувилмасликни умид қилаётган аёл
Иккинчи суҳбатдошимиз Шаҳноза Қосимова Бухоро вилояти Когон шаҳрида яшайди. Шаҳноза Когонда уй сотиб олганидан 9 йил ўтганидан сўнг расмийлар бу уй ноқонуний сотиб олинганини иддао қила бошлаган. У уч йил давомида бир неча маротаба прокуратура органларига мурожаат қилган, лекин натижа бўлмаган. Уни 9 декабрь куни, яъни Конституция куни нишонланганининг эртаси барча давлат идоралари томонидан ўз вақтида қонунийлаштирилган, аммо бугунги кунда ноқонуний бўлиб қолган уйидан бадарға қилишмоқчи.
Тўрт нафар балоғатга етмаган болаларнинг онаси Шаҳноза Қосимова президентнинг нутқидан сўнг прокуратура органлари унинг аризаларига ҳам эътибор қаратишига ва уни уйидан қувиб чиқармасликларига умид қилмоқда.
- Прокуратурага телефон орқали уч марта, ариза орқали уч марта шикоят қилдим. ”Ҳа, бўпти, ишингизни ҳал қиламиз”, дейишади ва ишимни яна Когонга жўнатишади. Когон прокуратурасига мени чақиртиришади, яна воқеани бошидан айтиб бераман. “Бўпти, ҳал қиламиз”, дейишади. Кейин Когон прокуратурасидан хат келади: “Юқори ташкилотга мурожаат қилинг”, деган. Шундай қилиб яна юқори ташкилотга мурожаат қиламан. Мана шундай айланпа хат билан юрибман. Президентнинг нутқидан сўнг, 9 декабрга келиб: ”Йўқ, уйдан чиқарилмайсиз. Бу ишни қилганларни жазолаймиз”, деган гап бўлармикин, деган умид билан яшаб келаяпман. Эрта бўлсинчи, -деди Шаҳноза Қосимова.
Умиди фақат президентдан бўлган Дили опа
Самарқандлик Раъно Қўлдошева 16 ёшли ўғли Улуғбекни милиция ходимлари калтаклаб ўлдиргани юзасидан шикоят ёзганидан сўнг жорий йил февралида тартиб посбонларига туҳмат қилганликда айбдор деб топилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Унинг онаси Дили опа президентнинг 5 декабрдаги нутқини диққат билан эшитгани ва прокуратура, ички ишлар органларидаги вазият ҳақида гапирган гапларидан ниҳоятда қувонганини, шу гаплардан кейин Раънонинг иши қайта кўриб чиқилишига умид пайдо бўлганини айтди:
- Мени умидим бор. Умидим фақат президентнинг гапларидан. Бошқа ҳеч кимдан умид қилмай қўйдим. Боламга озодлик берилишига умид қилаяпман. Президентдан бошқа ҳеч кимдан умид қилмай қўйганимга сабаб, мен ўзим 2-гуруҳ ногирониман, неварам 1-гуруҳ ногирони. Ногиронлар кунида бирорта одам келиб, биздан хабар олмади, жуда ҳўрлигим келди. Биз кассасияга берганмиз. Байрамдан кейин кассасяи суди бўлади, дейишган. Ажаб эмас, ўша судда бирон нарса бўлса, - деди Дили опа.
Шуҳрат Рустамов: "Бу гапларнинг ҳаммаси кўзбўямачилик"
Кейинги суҳбатдошимиз тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов. У прокуратура органларидаги ноҳақликлар ва адолатсизликлар ҳақида минглаб шикоятлар ёзган фуқаро сифатида ҳам таниқли.
Шуҳрат Рустамов аввалги суҳбатдошларимиздан фарқли ўлароқ президентнинг нутқидан ҳеч нарса умид қилмаётганини ва бу нутқдан ҳам ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидаги вазият ўзгармасдан қолишига ишонишини, ҳеч қандай ислоҳотлар ўтказилмаслигига ишонишини айтди.
Озодлик: Шуҳрат ака, сиз Ўзбекистон прокуратураси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фаолияти ҳақида энг кўп ариза ёзган Ўзбекистон фуқароси бўлсангиз керак.
-Мен Бош прокурордан бошлаб, барча кичик прокурорларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги шикоятларимнинг ўзи уч мингдан ошиб кетган. Уларни почтадан жўнатганман, ҳаммасининг квитанциялари менда мавжуд.
Озодлик: Ўзбекистон президенти ўз нутқида мана шу прокуратура ходимларини танқид қилди. Бу нутқдан кейин бу органда бирор бир ислоҳот ўтказилишига, бирон бир ўзгариш бўлишига ишонасизми?
- Асло ишониб бўлмайди. Бунга ишониш учун, энг аввало Бош прокурорнинг ўзи судда жавобгар бўлиши керак. Чунки прокурорларнинг ҳар бир қонунбузарлиги, ҳаракатсизлиги жиноят ҳисобланади. Улар бирон бир ариза юзасидан қарор қабул қилмайди, нуқул хат билан жавоб қайтаради. Прокурор қонунни ҳимоя қилувчи одам сифатида қонун бўйича қарор қабул қилиши керак. Аммо 95-98 фоиз ҳолатларда фақат хат билан жавоб қайтаради.
Озодлик: Сизгача мен прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан жабрланган одамлар билан гаплашдим. Улар президентнинг нутқидан сўнг ижобий ўзгаришлар бўлишини кутаётганликларини айтишди.
- Йўқ, прокуратурада бирон ислоҳот ўтказилиши учун биринчи навбатда унинг бошлиғи жавобгарликка тортилиши керак. Нима учун вазият шу аҳволга етиб қолди? Мана шунча прокурорлар жавобгарликка тортилибди, мана шунчаси ишдан олинибди, мана шунчасига ҳайфсан берилибди... Шундоқ экан, вазиятни шу даражага етказган Бош прокурорга нега чора кўрилмаяпти? Мана сизга асосий жумбоқ. Қуйи турган прокурорнинг ноқонуний ҳаракати яширилганидан кейин, ана шу прокурор қатнашаётган барча суд ишларида қонунбузарлик давом этаверади.
Озодлик:Унда президент гапириб-гапириб қолиб кетаверадими?
- Қолиб кетаверади, унга фарқи йўқ. Энди унинг даври тугаб қолди. Ўшанинг учун энди минбарга чиқиб, халққа ёқадиган бирон бир гапни айтиши керак. Ўзи аслида, прокуратурада нима аҳвол эканини президентнинг ўзи ҳам билмайди. Унга нутқини тайёрлаб беришган бўлса керак.
Озодлик: Демак, сиз президентнинг нутқидан сўнг ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида ислоҳотлар бошланади, деган нуқтаи назарга пессимистик қарашда экансиз-да?
-Мен бу башоратларга асло ишонмайман. Агар президент нутқида мана шунча факторларни кўрсатиб, гапирганидан сўнг “Бош прокурор ишдан олинсин”, деганида ишонган бўлар эдим. Бу навбатдаги ёлғон, қўзбўямачилик бу.
Озодлик: Сизнинг назарингизча, нима қилиниши керак, ислоҳотлар бўлиши учун?
- Сенат прокуратура тизимини назоратга олиши керак. Ҳисобот олаётганда, аҳолидан келган барча шикоятларни Бош прокурорнинг олдига қатор қилиб тизиб: ”Сизнинг ҳисоботингиз мана шу шикоятлар асосида тайёрланганми ёки кўзбўямачилик асосида тайёрланганми?”, деган саволни кўндаланг қўйиш керак. Ана шунда ҳақиатга эришса бўлар эди.
Озодлик: Аҳолининг ҳуқуқ-тартибот органларидан норозилиги, уларнинг фаолиятидан қониқмаётгани сабаблари нимадан келиб чиқаяпти? Бу органларда ишлайдиган одамларнинг ўзлари қонунларни билмаслигиданми ёки қонунларни турлича талқин қилиш мумкинлигиданми ва ёки қонунларнинг мукаммал эмаслигиданми?
-Сиз айтган уччала факторга ҳам мос келмайди. Бу саволга битта жавоб - Коррупция, -деди Шуҳрат Рустамов.
Ўзбекистон Конституцияси тарихидан
Ўзбекистон Конституцияси 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган ва ўша куниёқ кучга кирган эди.
Мазкур Конституция конституциявий комиссия томонидан 2,5 йил мобайнида ёзилган. Конституция устида 82 нафар етакчи олимлар ва мутахасислар иш олиб борган.
1992 йилнинг 26 ноябрида Конституция умумхалқ муҳокамасига қўйилган ва муҳокамада фуқаролар томонидан 6 мингдан ортиқ таклифлар киритилган.
Ўзбекистон Конституцияси Олий Мажлиснинг 1992 йил декабрда ўтган XI сессиясида 80 тузатишлар ва ўзгартишлар киритилганидан сўнг қабул қилинган эди.