Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:19

"Биометрик паспорт беришни 1 йилга узайтириш таклифи президентга киритилди"


Ўзбекистонда аҳолига биометрик паспорт бериш жараёнини бир йилга узайтириш таклифи президентга киритилгани айтилди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси буни тасдиқларкан, масала жиддий кўриб чиқилаётганини билдирди. Биометрик паспорт бериш муддати 2010 йилда бошланган, шу йилнинг 31 декабрида тугаши керак. Лекин, аҳолининг катта қисми янги паспортни олишга улгурмагани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг ўзини таништирмаган вакили Озодлик билан телефон суҳбатида, биометрик паспорт бериш жараёнини узайтириш масаласи президент фармони билан ҳал бўлиши, шу кунларда бу масала жиддий кўриб чиқилаётганини билдирди.

- Ўзбекистон Республикасида президентнинг фармони бор, 2011 йил 5 январида қабул қилинган. Амалдаги паспорт 2015 йил охиргача, деб кўрсатилган. Бу жараённи узайтириш тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Лекин чўзилиши ҳақида гаплар юрибди, ҳали расмий ҳужжат тушгани йўқ. Чўзилиши эҳтимоли бор, чунки таклиф киритилган. Бунга оид фармонни президент қабул қилиши керак. Лекин бундай фармон қачон чиқишини айта олмайман, - деди Тошкент шаҳар ОВИРи мулозими.

Айни пайтда вилоятлардан олинган хабарлар ҳам бу жараён келаси йилгача чўзилиб кетиши мумкинлигига ишора қилмоқда.

Душанба куни Тошкент шаҳридаги туман ички ишлар бўлими мутасаддиси Озодликка, ҳатто, биометрик паспорт бериш жараёни бир йилга узайтирилди, деб маълумот берди.

“Жараён бир йилга узайтирилди. Бу аниқ, газетада эълон қилинди”, деди туман ИИБ паспорт бўлими мулозими. Аммо, бу хабар қачон ва қайси газетада чоп этилгани ҳақида маълумот бермади.

Озодлик бу маълумотнинг расмий тасдиғини тополмади, аммо аксар паспорт столлари жараён бир йилга узайганини билвосита тасдиқламоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилояти Узун тумани Ички ишлар бўлими паспорт бўлимига осилган эълонда айрим фуқароларнинг биометрик паспорт олиш учун келаси йил 3 январидан келиши сўралган.

Биометрик паспорт олишга улгурмаганлар жаримага тортилиши тўғрисида ўтган ҳафта пайдо бўлган хабар кўпчиликни саросимага солиб қўйди.

Ўзбекистоннинг айрим минтақларида фуқароларнинг 40 фоизи паспортини алмаштиришга улгурмагани вазиятни янада мушкуллаштирмоқда.

Ўтган ой бошида Озодликнинг ички ишлар идораларидаги манбаси фуқаролик паспортини биометрик паспортга алмаштириш жараёни бир йилга узайтирилишини билдирган эди.

Ўтган ҳафта Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими мутасаддиси Интернет нашрлари орқали янги паспорт бериш жараёни белгиланган муддат - 2015 йил 31 декабрида тугашини, улгурмаганлар жаримага тортилишини эълон қилди.

Кўпчилик учун, айниқса хорижда юрган миллионлаб ўзбекистонликлар учун бу масала долзарб бўлгани боис, Озодлик вазиятни мунтазам кузатиб бормоқда.

Ислом Каримов 2009 йил 23 июнда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда "биометрик маълумотларга эга паспортлар халқаро фуқаро аэронавигацияси хавфсизлигини таъминлаш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг қалбакилаштирилишига қарши ҳимоя даражасини ошириш, давлат чегарасидан ўтишда шахсни тезкор ва аниқ идентификациялаш механизмларини такомиллаштириш, халқаро авиаташишлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилиши" таъкидланган эди.

XS
SM
MD
LG