Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:29

“Келинглар, болаларимизни ўзбек тилида ўқитайлик”


Ўшдаги ўзбек ижодкорлари учрашувида ўзбек болаларининг кўпроқ рус синфларида ўқитилаётганидан ташвиш билдирилди.
Ўшдаги ўзбек ижодкорлари учрашувида ўзбек болаларининг кўпроқ рус синфларида ўқитилаётганидан ташвиш билдирилди.

Бу гап ўзбек ижодкорларининг Ўш шаҳридаги ўзбек мактаби ўқувчилари билан бошланган илк учрашувида айтилди. Ўшлик ижодкорлар ўзбек болалари орасида китоб ўқишга, ўзбек адабиётига қизиқиш уйғотиш мақсадида ижодий учрашувлар ўтказа бошлади.

“Илҳом” клубига бирлашган ўшлик ўзбек ижодкорларининг ўзбек мактаби ўқувчилари билан илк учрашуви шаҳардаги 41- сонли Ҳабиб Абдуллаев номидаги мактабда бўлиб ўтди. Учрашувда ўзбек болаларининг ўз она тили, адабиёти, шеъриятига бўлган қизиқиши сусайиб бораётгани тилга олинди.

Ўшлик адабиётшунос олим Саидакбар Махсумхонов учрашув юқори савияда ўтганини айтар экан, ҳозирги кунда асосий эътиборни миллат муаммосига қаратиш кераклигини айтди.

Саидакбар Махсумхоновга кўра, у учрашув чоғида мактаб ўқитувчиларидан бири билан гаплашган ва ўқитувчи жорий йилда бу мактабда бешта биринчи синф очилган бўлса, ундан фақат биттаси ўзбек синифи, қолган тўрттаси эса рус тилида ўқитиладиган синф эканини айтган:

- Мана шу аҳволда кетадиган бўлсак, халқимиз ўзининг тилига, ўзининг ўзлигига шундай муносабатда бўладиган бўлса, яқин 10-15 йилдан кейин кимга айланамиз? Мана бу саҳнада бугунгидай ижодкорлар турармикин? Шу тўртта рус синфида йигирма бештадан юзта бола бўладиган бўлса, демак, юзта боланинг талантини, иқтидорини ғайри тилга ем қилпяпмизку. Буни ўйлайдиган борми? Мўминахон тўғри айтди: “Уқувчиларни тарбия қилишимиз керак”, - деди. Йўқ, ўртоқлар, биз ҳозир энг аввало ўзимизни, ота-оналаримизни тарбия қилишимиз керак. “Болам русчани билиб, Россияга бориб пул топиб келсин”,- деган фикрни миясидан чиқариб ташлаши керак, ота-оналаримиз. Ва боласини ўзбек тилига, ўзбек синфига бериши керак. Менинг охирги битта гапим - Келинглар болаларимизни ўзбек тилида ўқитайлик, - деди адабиётшунос Саидакбар Махсумхонов.

Ўзбек ижодкорларининг мактаб ўқувчилари билан бўлган учрашувида қирғизистонлик буюк ўзбек шоирлари Шавкат Раҳмон ва Муғанний домла хотирланди. Шу билан бирга, кечага ҳозирда ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар Аъзам Раҳим, Раҳим Карим, Бегижон Аҳмедов, Даврон Хотам каби бир қатор ижодкорлар ташриф буюрди.

“Илҳом” ижодий клуби раҳбари Аъзам Раҳимга кўра, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида тузилган уюшма ҳозирда ойига бир марта йиғилиб, машғулотлар ўтказиб келади.

- Биз бугунги кунга қадар Жалолобод, Бозорқўрғон, Новқат, Аравон туманлари, мактабларида “Илҳом” клуби ижодкорлари иштирокида учрашувлар ўтказдик. Лекин ўзимизнинг Ўш шаҳримизда биринчи марта ижодий учрашув ўтказаяпмиз. Бугунги учрашув мавзуси ҳам долзарб мавзу: “Адабиёт ўлмайди”. Ҳақиқатдан ҳам ўлмайди, сабабки, қаердадир бир мактабда бир ўқувчи икки қатор шеър айтяптими ёки тунда бир ошиқ икки мисра шеър ёзяптими, демак, адабиёт яшаяпти экан, адабиёт ўлмайди, - деди ўшлик шоир Аъзам Раҳим.

Учрашув чоғида ўқувчилар ўзбек ижодкорлари қаламига мансуб шеърларни ўқиб бердилар. Учрашув сўнггида шоирлар ҳам янги шеърларини йиғилганларга ўқиб беришди.

Ўшлик шоир Даврон Хотам:

Бегонамиз

Бегонамиз биз энди Гулим

Бегонадан бегонароқмиз.

Сен томонга тушмагай йўлим...

Тўғри топдинг девонароқмиз.

Ишқ шаробин тўкиб юбордик,

Шундан бери ишқдан йироқмиз

Ичмасакда хавосин олдик

Оз бўлсада мастонароқмиз.

Унмаган гул бўлди розимиз,

Узр энди ландовурроқмиз.

Малика ҳам бўлмайди шоҳсиз

Янги кунга эски чироқмиз.

Гар учрашсак бир кун қайдадур,

Не қиламиз, гиначироқмиз

Қизаришиб оламиз бир қур

Сўнг айтармиз:

бегонамиз...

бегонароқмиз...

XS
SM
MD
LG