Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:39

Москва метросида ушланган ўзбек ва тожик ёнидаги "портловчи модда" глицерин бўлиб чиқди


Москва метрополитенида полициячилар қўллари ва кийимларида портловчи модда излари аниқланган икки марказий-осиёлик ушлангани ҳақида Lifenews нашри пайшанба куни хабар қилди. Меҳнат муҳожирлари экани айтилаётган бу шахслар Ўзбекистон ва Тожикистондан келгани айтилди. Ўзбек ва тожик муҳожиридан гексоген, тротил ва нитроглицерин аниқланганини барча расмий идоралар инкор этаётган бўлса-да, текширилмаган бу маълумот Россия оммавий ахборот воситаларида яшин тезлигида тарқалди.​

Lifenews хабар қилади...

Россия пропагандаси етакчисига айланган Lifenews телеканали 19 ноябр куни Москва метрополитени полицияси уст-боши ва қўлларида портловчи модда – гексоген, тротил ва нитроглицерин излари аниқланган икки нафар хориж фуқаросини ҳибс этгани тўғрисидаги хабарни тарқатди.

Агентлик “ҳуқуқ мухофазаси идораларидаги манбага таяниб”, ушланган шахслар 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси Султон С. ва 20 ёшли Тожикистон фуқароси Фаррух Д. эканини маълум қилди.

Ўзбекистонлик муҳожир 15 ноябр куни Россия пойтахтининг “Тёплий стан” метро бекатида қўлга олингани айтилди.

28 ёшли Ўзбекистон фуқароси Султон С. метро бекатига кириб, тиз чўкиб, нималарнидир пичирлашни бошлади. Йўловчининг бундай ҳатти-ҳаракатлари ҳуқуқ мухофазачилари эътиборини ўзига тортди”, деб ёзади Lifenews мухбири.

Ундан кейин ўзбекистонлик йигит ҳужжат текшириш учун полиция хонасига олиб кирилди, метро бекати хавфсизлиги хизмати эса уни “М-ИОН” ускунаси билан текширувдан ўтказди. Бекатда ишлаётган мутахассислар “портловчи моддалар буғларини аниқлашга мўлжалланган аппарат Султон С.нинг қўли ва кийимларида гексоген ва тротил қолдиқлари борлигини” аниқлагани айтилди.

- Ушланган шахс турли қурилиш майдончаларида ишлаши ва, ўзининг тахмини бўйича, ўша ерда иш вақтида портловчи моддаларга “беланиб қолган” бўлиши мумкинлигини айтди, дея махфий идоранинг исми айтилмаётган манбасига таяниб хабар қилди Lifenews нашри.

Бунинг ортидан, ўзбекистонлик миграция қоидасини бузгани ва у депортация қилиниши мумкинлиги маълум қилинди.

Шунингдек, 17 ноябр куни Москванинг “Охотний ряд” метро бекатида ҳужжатлари бор-йўқлигини билиш учун тўхтатилган тожикистонлик Фаррух С. худди ўша “М-ИОН” мосламасида текширилгач, қўли, рюкзаги ва курткасидан нитроглицерин моддаси аниқланганини иддао қилди Lifenews.

Бу маълумот берилиши ортидан, Россия ва унинг ташқарисидаги деярли барча русийзабон оммавий ахборот воситалари “Москва метросида портловчи модда қолдиқлари билан ушланган ўзбек ва тожик” тўғрисидаги хабарни тарқата бошлади.

Бироқ, Lifenewsнинг, юмшоқ қилиб айтганда, бироз нотўғри ахборот бериб боришини билган айрим нашрлар хабарни ўз манбалари орқали текширишга уриниб кўрди.

Lenta.ru: “Ушланган шахс томонидан бир-бирига зид маълумотлар берилаётгани боис, унинг квартирасида тинтув ўтказилди. Полициячилар катта миқдорда - бир неча ўн килограмм кир ювиш кукунидан ташқари бошқа ҳеч нарса аниқламади.

“Москва” агентлиги: “Жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги боис Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш қўзғатилмади. У қўйиб юборилди.

Собеседник.ру:Қайта текширувдан кейин бу одамларнинг қўлида ГЕКСОГЕН эмас, ГЛИЦЕРИН қолдиқлари борлиги маълум бўлди.”

Аммо, ҳатто Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси Lifenews тарқатган маълумот “янглиш” экани тўғрисида баёнот бераётган бўлса-да, деярли ҳеч бир Россия оммавий ахборот воситаси уни ўзгартиришга шошилмаётир.

- Биз бу маълумотни инкор этмаяпмиз, биз унга шунчаки изоҳ бермаяпмиз. Агарда бу ҳақиқат бўлганида эди, сиз Маркинни (Владимир Маркин – Россия Тергов қўмитаси матбуот котиби.-таҳр.) барча федерал каналларда кўрган бўлар эдингиз. Биз бу мавзуда ҳуқуқ тартибот идораларига таяниб, бундай хабарлар берилишини беадаблик деб баҳолаймиз, деб баёнот берди Москва полицияси матбуот хизмати расмийси Алексей Мишляев.

Москвадаги “Фарғона.ру” ахборот агентлиги раҳбари, журналист Даниил Кислов Озодлик билан суҳбатда бундай хабар пайдо бўлишини изоҳлади:

- Асосан минтақавий ОАВлар мутлақо ўзгартирмасдан Lifenewsнинг бу ёлғон хабарини уни текшириш истагисиз тарқатмоқда. Мен ўз редакторимга бу хабарни текшириб кўришни буюрдим. У бориб, маълумот янглиш эканини тасдиқловчи бошқа манба топди, улар аллақачон қўйиб ҳам юборилган экан. Аммо, “ўзбек ва тожик” эканига қилинган урғу Россия ахборот воситалари эътиборини ўзига тортди. Бу мутлақ касбий лаёқатсизлик ва тарафкашликдир! Бу одамларнинг миллий мансублигига қилинаётган эътибор беҳуда бўлмаса керак: шу тариқа улар рус оломони “истаги”ни бажо келтирмоқчи. Мен уларга “юқоридан” бундай буйруқ берилганига ишонмасамда, бу каби “сариқ пресса” шу тариқа ўзига эътибор қаратади. Бизда, Россияда, Lifenews “сариқ пресса”нинг ёлғон-яшиқ гапларни тарқатиш илғорига айланиб бўлди, дея фикр билдирди Даниил Кислов.

Мигрантофобия ортидан...

Метрода марказий-осиёлик мигрантлар ушлангани ортидан меҳнат муҳожирлари учун яна бир нохуш хабар тарқалди.

Авиация хавсизлигига бағишланган йиғилишда Россия ФСБси Пулково аэропорти раҳбариятига ишга Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларини ишга олмасликни тавсия қилди. Россия махсус хизмати аэропортларга ўзбек-тожиклар билан тозалаш ишларига шартнома тузган клининг компанияларини таклиф қилмасликка чақиргани маълум бўлди.

Ҳозирча бу тавсия “буйруқ” тарзида эмас, “тавсия” сифатида берилганига қарамасдан, мутахассислар бу ўзгаришлар фаррошлар маошларининг оширилиши ва, ўз ўрнида, транспорт авиацияси хизматлари қимматлашишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

ФСБ Россиянинг транспорт боғланишларидаги хавфсизлик чораларининг кучайтирилишини “Когалымавиа” авиаширкатига қарашли Airbus А321 учоғининг Синай яримороли устида портлаб кетгани билан изоҳламоқда.

Россиянинг А321 учоғи айнан шу лимонад банкаси билан портлатилгани айтилди
Россиянинг А321 учоғи айнан шу лимонад банкаси билан портлатилгани айтилди

31 октябр куни содир бўлган авиаҳалокат оқибатида Мисрдаги саёҳатдан қайтиб келаётган учоқдаги 224 киши нобуд бўлди.

Куни-кеча Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников А321 учоғи бортдаги 1 кг тротил эквивалентига тенг ясама бомба билан портлатиб юборилганини хабар қилди. Владимир Путин Россиянинг махфий хизматига айбдорларни топишни буюрди.

“Биз уларни ернинг исталган нуқтасидан бўлса-да топамиз ва жазолаймиз”, деди президент.

ФСБ Россия самолётини қулатганларни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 50 миллион доллар мукофот пули ваъда қилмоқда.

Айни пайтда, “Дабик” интернет нашри ИШИД жангарилари рус учоғи портлатилишини уюштирганликни ўз зиммасига олганини хабар қилди. Журналда эълон қилинган фотосуратда детонаторга ўхшаш мослама ўрнатилган айнан шу лимонад банкаси бу учоқни портлатиб юборгани иддао қилинди.

XS
SM
MD
LG